Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрамини нишонлаш арафасида барча соҳаларда ўтган даврга назар ташланиб, эришилган натижалар сарҳисоб қилинади ҳамда навбатдаги режалар аниқлаб олинади. Сўнгги йилларда ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг ривожланиши ҳаётнинг кўп соҳаларига таъсир кўрсатди. Барча соҳаларда рақамлаштиришнинг кириб келиши, юқори суратдаги тараққиёти бутун саноатнинг ривожланишида, айниқса узоқ муддатли истиқбол учун катта рол ўйнайди.
Таъкидлаш лозимки, дунё мамлакатлари тажрибасида илмий тадқиқотлар, ИТ технологиялар, стартап ғоялар, компьютер саводхонлигига жуда катта эътибор берилади. Фақатгина илм-фан ютуқлари ва янги технологиялар орқали юқори иқтисодий ўсишга эришиш мумкин. Ўтган асрда оламшумул кашфиётлар кўп жиҳатдан инсоннинг интеллектуал салоҳиятига асосланиб амалга оширилган бўлса, бугунги даврда илм-фан замонавий АКТ ёрдамида шаклланмоқда. Бугунги кунда ривожланаётган мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллаб келаётган Ўзбекистон барча соҳаларда юксак ютуқларга эришмоқда, бу муваффақиятларга эса ахборот технологиялари ва телекоммуникация тизимларининг жўшқин ривожланиши асос бўлмоқда.
Мустаҳкам телекоммуникацион фундамент
Ўтган даврдан 2021 йилгача бўлган АКТ соҳасида амалга оширилган кенг кўламли янгиланиш ва ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳақида тўхталинадиган бўлса, аҳолига ахборот-коммуникация хизматларини кўрсатиш ҳажми 2016 йилда 5,2 триллион сўмни ташкил этган. 2016—2021 йилларда ахборот-коммуникация соҳасини янада ривожлантириш борасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан давлат бошқарув органлари, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг ИТ-хизматларга бўлган талабини қондириш, ИТ-тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини кенгайтириш, нархларни камайтириш ва сифатни яхшилаш борасида амалга оширилган ишлари натижасида хизматлар ҳажми 2020 йилда 12,9 триллион сўмга етказилди.Аёнки, ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги ислоҳотларни муваффақиятли йўлга қуйиш, кейинги йилларда телекоммуникация тизимлари ва ахборот технологияларини ривожлантиришга йўналтирилган қатор ишлар амалга оширилиб, соҳа равнақини таъминламоқда.
Биргина телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишига эътибор қаратилса, Халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти сониясига 1 200 гигабитга етказилди. Халқаро интернет канали нархлари 2016 йилда 295 030 сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг охирига келиб, 45 011 сўмга арзонлашганини кўриш мумкин. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасига кўра, 2021 йил 1 майдан ушбу нарх 32 000 сўм миқдорида белгиланди ва ушбу нарх яна 30 фоизга пасайди. Бу билан республикада интернет тезлигини оширишга, оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тарифнинг 2020 йил бошига нисбатан 25 фоизга арзонлаштиришга эришилди.
Жорий йил давомида қўшимча 24 минг километр оптик-толали алоқа линияларини қуриш ҳисобига ижтимоий соҳа объектлари, шу жумладан 9 848 та халқ таълими объектлари, 5 625 та мактабгача таълим объектлари, 3 401 та соғлиқни сақлаш муассасалари, 7 656 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ва 3 567 та милиция таянч пунктлари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилди. Шу билан бирга, қўшимча 200 минг та кенг полосали портлар ўрнатилиши натижасида 2,9 миллион уй хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг кенг полосали Интернетга уланиш имконияти яратилди. Мобил интернет тезлиги 1,5 баробар оширилди ва 5 744 та қўшимча таянч станциялари ўрнатилиб, республика бўйича мобил алоқа қамрови даражаси 98 фоизга яъни мобил алоқа абонентлари сони 27 миллион, кенг полосали мобил Интернет қамрови 91 фоизга яъни кенг полосали мобил интернет фойдаланувчилари эса 23,1 миллионга етказилди.
Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш борасида жорий йил якунига қадар, 50 минг километр оптик-толали алоқа линияларини қуриш ва уларнинг узунлигини 118,6 минг километрга етказиш, аҳолини юқори тезликдаги симли интернет билан таъминлаш мақсадида, 900 минг абонентга мўлжалланган замонавий қурилмалар ўрнатиш, қўшимча таянч станцияларини ўрнатиш орқали аҳоли пунктларининг мобил интернет билан қамров даражасини 95 фоизгача етказиш, шу жумладан 72 та алоқа қамрови мавжуд бўлмаган ахоли пунктларини мобил алоқа билан қамраб олиниши кўзда тутилган.
Халқ билан самарали мулоқот
Электрон ҳукуматни такомиллаштириш - рақамлаштириш жараёнларнинг устувор йўналишларидан биридир. Давлат органлари ва аҳоли ўртасида интерактив мулоқотнинг самалари механизмини барпо етилиши нафақат фуқароларнинг вақт ва маблағларини тежашга, шу билан бирга давлат органларининг фаолиятини тубдан яҳшилашга замин яратади, очиқлик ва ошкораликни таъминлайди. Мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ҳамда соҳаларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини, «электрон ҳукумат» тизими ҳамда ахборот тизимларини жадал татбиқ этиш, телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш учун шароит яратади.2019 йилда ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали давлат органлари томонидан кўрсатиладиган 173 та хизмат ишга туширилган бўлса, бу рақам 2020 йилда 218 тага етказилди. 2021 йил якунига қадар эса уларнинг сонини 278 тага етказиш устида иш олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 257 та электрон хизматлари кўрсатилмоқда.
Президентнинг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарори қабул қилинди ва шунинг асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2018 йилда 2,4 миллионта, 2019 йилда 5,8 миллионта, 2020 йилда эса 9,8 миллионта хизмат кўрсатилган. Таъкидлаш лозимки, жорий йил якунига қадар Ягона порталдаги электрон хизматлар сонини 300 тага етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, Интернет фойдаланувчилари асосан мобил қурилмалардан фойдаланишини инобатга олиб, Ягона порталнинг мобил иловаси ишлаб чиқилиб, ундаги хизматлар сони йил якунига қадар 100 тага етказилиши режалаштирилган. Почта бўлинмалари орқали давлат хизматларини тақдим этиш мақсадида Ягона порталнинг алоҳида модули ишлаб чиқилди. Бугунги кунда 500 дан ортиқ почта бўлинмаларида 33 турдаги давлат хизматлари тақдим этилмоқда. Бугунги кунга келиб Ягона порталда 28 турдаги янги хизматлар яъни Коронавирусга эмлаш учун рўйхатга ёзилиш ва электрон тарзда сертификат олиш, Автотранспорт суғуртаси ҳақиқийлигини текшириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун электрон ариза топшириш каби хизматлар жорий этилган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ягона портал орқали 2,3 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилиши натижасида аҳолининг 18 миллиард сўмдан ортиқ маблағлари иқтисод қилинишига эришилди, шу жумладан 1 июндан бошлаб 18 турдаги маълумотнома ва ҳужжатларни электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилди. Жорий йил якунига қадар, Ахборот технологиялари вазирлиги ва «Ўзбекистон почтаси» АЖ почта бўлинмалари орқали кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари сонини 60 тага етказиш (ҳозирда 33 та), ижтимой ҳимоя бўйича нафақа тайинлаш, сайлов участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш, ҳайдовчилик бўйича имтиҳон топширишга ариза юбориш, Педагог ходимларга малака тоифаси сертификатини бериш ва бошқа хизматлар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, 1 октябрдан бошлаб, тадбиркорлик субекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, давлат божи ва бошқа тўловлар тўланганлиги, олий маълумот ҳамда фуқаронинг иш ҳақини тасдиқловчи 15 турдаги маълумотномаларни масъул давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олиниши йўлга қўйилади. Шунингдек, Ягона идентификация тизими («id.gov.uz»), Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестри, Электрон ҳукуматнинг маълумотлар ва классификаторлар регистри, Ягона идоралараро ижро интизоми тизими («ijro.gov.uz»), Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими («project.gov.uz»), Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими («elections.gov.uz»), Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси портали («business.gov.uz»), Интернет тармоғида аҳоли долзарб деб ҳисоблаган ташаббусларни билдириш учун («Менинг фикрим») веб-портали яратилди.
Мижозларга сифатли мобил алоқа хизматлари кўрсатилмоқда
Таъкидлаш керак, ҳар бир фуқаронинг ҳаётига кириб, муқим ўрин эгаллаган мобил алоқа хизмати фойдаланувчиларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда Uzmobile, Ucell, UMS, Beeline, Perfectum каби мобил алоқа операторлари ўз хизматларини таклиф қилмоқда. Мобил алоқа операторлари абонентлари сони 2016 йилдан бошлаб 21,2 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, 2020 йилнинг охирида 25,9 миллионтани кўрсатган. Янги алоқа компаниялари фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд техник имкониятларни модернизация қилиш орқали 2021 йилнинг охиригача абонентлар сонини 26,9 миллионтага етказиш мўлжалланган. Шу билан бирга, аҳолига кўрсатилаётган мобил алоқа хизматини таъминлаб берувчи таянч станциялар сони 2016 йилда 17 721 та ва амалга оширилган модернизациялаш, қуриш ишлари натижасида 2020 йилда бу рақам 31 740 тага етказилган. 2021 йил якунига қадар эса таянч станциялар сонини 33 740 тагача ошириш мўлжалланган. Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2016 йилда бутун республиканинг 89 фоизи мобил алоқа тармоғи билан қамраб олинган бўлса, 2021 йил якунида бу кўрсаткич 99 фоизга етказиш режалаштирилган.Миллий почта тизими ривожланмоқда
Барча ижтимоий қатламларга почта хизматларининг кенг тарқалганлиги, қамровлилиги ҳамда унинг хизматларидан барча аҳоли фойдаланиши мумкин бўлганлиги сабабли, Ўзбекистон почта хизмати фаолияти жамиятда катта ижтимоий аҳамиятга эга ҳисобланади. Охирги йилларда республика почта алоқаси хизмати миллий оператори ҳисобланган «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг фаолиятида янги, замонавий усуллардан фойдаланиш, кўрсатилаётган хизматлар доирасини кенгайтириш ҳамда рақамлаштиришни фаоллаштиришга боғлиқ самарали ишлар амалга оширилмоқда.Халқаро ёзма хат-хабарлар ўтган йиллар мобайнида 111,6 тонна кириб келган бўлса, 2020 йилга келиб, шу кўрсаткич 163,1 тоннани ташкил этади, ўсиш 146 фоизга тенг. 2018 йил 3 апрелдан бошлаб тезкор почта хизматлари ва шу йили 1 майда курьерлик хизматлари амалга киритилди. 2020 йил декабрдан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 860та почта алоқаси объектларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланилган ҳолда 33 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди. Даврий матбуот нашрларига онлайн обуна хизмати «www.pochta.uz» сайти орқали жорий этилди ва унда 250 турдан ортиқ даврий матбуот нашрларига онлайн равишда обуна уюштириш имконияти яратилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш, шунингдек, уларнинг товарларни экспорт қилиш имкониятини берувчи Unisavdo миллий онлайн савдо майдончаси «www.unisavdo.uz» сайти орқали 2021 йил 1 февралдан ишга туширилди. «Гибрид почта» хизматини ривожлантириш ва иш унумдорлигини ошириш мақсадида 2 та автомат конвертлаш ускунаси синов тариқасида Тошкент шаҳрида жорий этилди. Мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплекслар (почтаматлар)ни жорий этиш юзасидан 30 та почтаматлар Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларининг аҳоли гавжум жойларига ўрнатилди.
2021 йил 1 майдан AVVAL тўловлар ва ўтказмалар комплекс автоматлаштирилган тизими ишга туширилиб, почта алоқаси объектларида тўловларни онлайн режим орқали қабул қилиш йўлга қўйилди. 2021 йил июлдан барча почта объектларида почта жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш автоматлашган ахборот тизими татбиқ этилди. Почта алоқа объектларида амалдаги почта алоқаси анъанавий хизматлари, банк ва молиявий, давлат ва электрон тижорат хизматлари бўйича видеоконференцалоқа тизими орқали жами 2 894 нафар ходимнинг малакаси оширилди.
ИТ-тадбиркорлар ва ёш стартапчилар учун кенг имкониятлар
Ҳамма соҳада бўлгани каби бугунги кунда ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасида ҳам илм-фан ютуғлари шиддат билан кириб бормоқда. Бу эса, инновацион лойиҳаларни жорий этиш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парклар фаолиятини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ўсишга мос стартап ғояларни қўллаб -қувватлашга ундайди ҳамда глобаллашув жараёнида рақобатбардошликни оширади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, техника ва коммуникация асрида инсонларнинг дунёқараши, фикри кун сайин ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда уларни ҳайратлантириш, турмуш тарзини буткул ўзгартириб юбора оладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳам қийинлашиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг замонавий ахборот коммуникацияларидан фаол фойдаланиши, дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан тез хабардор бўлишидир. 2020 йилда ИТ соҳасида фаолият юритаётган корхоналар сони 9 517 тага етказилди ва 2017 йилга нисбатан 1,7 баробарга оширилди.Ахборот технологиялари соҳасини ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳадаги стартап-лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда дастурий ва юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматларни тарғиб қилишга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги 17-сон қарорига асосан Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Park) фаолияти йўлга қўйилди. Республика бўйлаб IT-Parkнинг 5 та ҳудудий филиали (Андижон, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида) шунингдек, АҚШда IT-Park ваколатхонаси ташкил қилинди. Республика бўйлаб ИТ-хизматларни кўрсатадиган ҳамда IT-Park резиденти сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритатёган ИТ-компаниялар сони 463 тага етказилди (2020 йилга нисбатан 130 фоиз ўсиш), шунингдек, уларда 1 500 дан ортиқ (2020 йилга нисбатан ўсиш 150 фоиз) янги иш ўринлари яратилди.
2021 йилдан бошлаб IT-Park резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари 4 дан 18 гача кенгайтирилган. Хусусан, бугунги кунга қадар робототехника, маълумотларни қайта ишлаш ҳамда ИТ-аутсорсинг хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳуқуқига эга бўлишди. Шу билан бирга, бугунги кунга қадар IT-Parkнинг стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган инкубация ва акселерация дастурларини мувафаққиятли якунлаган 66 та истиқболли стартап-лойиҳа жами 3,1 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда молиялаштирилди.
ИТ-мутахассисларни тайёрлашда таълим тизимидаги ислоҳотлар
Таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш орқали нафақат авлоддан авлодга, балки бир кишидан бошқасига билим, инсониятнинг тўпланган технологик ва ижтимоий тажрибасини узатишни тезлаш, инсоннинг атроф муҳитга, давом этаётган ижтимоий ўзгаришларга янада муваффақиятли ва тез мослашишига имкон бериш ҳамда таълим тизимини ислоҳ қилиб жаҳон стандартларига мос равишда шаклланишига эришилади. 2016 йилда АКТ соҳасида таълим бериш ва малака ошириш бўйича Вазирлик тизимида 7 та олий таълим муассасаси ҳам 6 та академик лицей фаолият олиб борган. 2020 йилдан бошлаб АКТ соҳасида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилиши натижасида вазирлик тизимида 8 та олий таълим муассасаси, 3 та техникум, 6 та академик лицей, 15 та ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактаб фаолият олиб бормоқда.2020 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг Нукус, Урганч, Қарши, Самарқанд, Нурафшон ҳамда Фарғона филиаллари, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент ахборот технологиялари техникуми, Самарқанд ахборот технологиялари техникуми, Янгиқўрғон ахборот технологиялари техникуми, 6 та академик лицей ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактабларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида узлуксиз кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ушбу таълим муассасаларида 22 минг нафарга яқин талаба, 1,9 мин нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. 2021 йилнинг якунига келиб улар сони янада ошиб, 9 та олий таълим муассасаси, 14 та техникум, 6 та академик лицей, 100 та ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактаблар ўз фаолияти йўлга қўйилади.
Мамлакатда замонавий таълим тизимида турли хил технологиялардан фойдаланиш, таълим инновациялари яъни таълим соҳаси ёки ўқув жараёнида мавжуд муаммони янгича ёндошув асосида ечиш мақсадида қўлланилиб, аввалгидан анча самарали натижани кафолатлай оладиган янгиликларни жорий этиш, ўсиб келаётган келажак ёшларга амалий кўникмаларини оширишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш доимий эътибордаги масалалардан бири ҳисобланади. Бу эса, талабаларга ноанъанавий ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини берибгина қолмай, мустақил иш самарадорлигини оширади, ижод қилиш, турли хил касб маҳоратларини эгаллашлари учун мутлақо янги йўналишларни очиб беради.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб замонавий таълимнинг кредит тизимига ўтказилди. Кредит тизимига ўтиш орқали ўқув режалари жаҳон стандартларига мослаштириш учун янги фанлар билан бойитилди, талабаларга фанларни танлаш эркинлиги берилди, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга академик мобиллик тизимини йўлга қўйиш имконияти яратилди. Техникумларнинг ташкил этилиши натижасида 2021/2022 ўқув йилидан 3000 нафардан ортиқроқ ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ва бу рақамларни кейинги йилларда мавжуд талабларга қараб кўтариб бориш ҳамда натижада кадрларга бўлган эҳтиёж шу техникумлар орқали бир неча йилларда қоплаш назарда тутилган.
Бугунги кунда республика бўйича 147 та рақамли технологиялар ўқув марказларини фойдаланишга топширилди ва жорий йил якунига қадар марказлар сони 205 тани ташкил этилади. Бунинг натижасида 292 дан ортиқ янги иш ўринларини яратишга эришилди. Ушбу марказларда компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, веб ва мобил иловалар яратиш ва бошқа йўналишлар бўйича 40 минг нафардан ортиқ тингловчи малакасини оширди. Ҳудудлар кесимида рақамли технологиялар ўқув марказларида таҳсил олганлар бўйича Наманган вилояти, Жиззах вилояти ва Хоразм вилояти етакчилик қилиб келмоқда.
Сунъий интеллект йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланмоқда
Таъкидлаш жоиз, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб «Сунъий интеллект» йўналиши бўйича Тошкент ахборот технологиялари университетида 30 нафар талабани бакалавр даражасига ва 10 талабани магистратурага, Ўзбекистон Миллий университети - магистратурага 10 талаба, шунингдек, Самарқанд давлат университетига 5 та магистр даражасига грант асосида квоталар ажратилди. Шу билан бирга, 15 та олий ўқув юртида сунъий интеллектни иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида, давлат бошқаруви тизимида амалий қўлланилиши бўйича курслар ва фанлар жорий этилмоқда. «Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект» номли докторантуранинг алоҳида йўналиши очилиб, 2022 йилдан бошлаб Инновацион ривожланиш вазирлиги сунъий интеллект соҳасидаги докторантурасига мақсадли квота (5 ўрин) ва мустақил тадқиқотчилар учун ажратилиши белгиланди ва 9 та тажриба синов лойиҳалари доирасида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.Стратегия ижроси изчил таъминланмоқда
«Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида дақиқа сайин ўта жадал суратларда ривожланиб бораётган ва жамият ҳаётининг муҳим бўғинларидан бирига айланишга улгурган ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш, республикада рақамли индустрияни жадал ривожлантириш, миллий иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони қабул қилинди. Сўнгги йилларда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим ишлар бажарилди. Уларнинг мантиқий узвийлигини таъминлиш мақсадида «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, ижроси изчил таъминланяпти. Учраётган камчилик ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чоралар кўрилмоқда. Ушбу Фармон билан ҳудудлар ва тармоқларда жами 1 627 та лойиҳа ва чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган бўлса, шундан: 587 таси 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чорагида 29 та намунавий туманда, 597 таси 2020—2022 йилларда 13 та ҳудудда, 443 таси 2020—2022 йилларда соҳа ва тармоқларга тўғри келади.Соҳада фаолият юритаётган ходимлар учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда
Сўнгги йилларда барча жабҳаларида эришилган ютуқлар билан ҳар қанча фахрланса, ғурурланса арзийди. Президент томонидан соҳа ходимларига билдирилган юқори даражадаги ишончни муносиб оқлаш лозимлигини тақозо этади. Энг муҳими, Ватан тараққиёти, мамлакатдаги ўзгаришлар-у янгиланишлар самараси фуқароларнинг турмуш фаровонлиги, хонадонларидаги қут-барака, тинчлик-осойишталик тимсолида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Соҳада фаолият юритаётган ходимларни доимий рағбатлантириб бориш ва уларни зарур шароитларга эга турар-жойлар билан таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Ижтимоий ҳимоя, хусусан, доимий равишда соғломлаштириш, саёҳатлар, турли маданий-оммавий ва спорт тадбирларини уюштириш соҳа ходимларини рағбатлантириш ва бирлаштиришнинг энг самарали воситасидир.Ўзбекистон мустаққиллигининг 30 йиллиги арафасида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан қурилган Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Қушбеги мавзеси ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги Ибн Сино мавзесида қад ростлаган 210 хонадонли 4 та тўққиз қаватли турар-жой биноларидаги хонадонлар калити Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимида фаолият юритадиган ходимларга топширилди. Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларидаги ушбу янги биноларнинг биринчи қаватида 250-218-электрон автомат телефон станциялари жойлашган бўлиб, бу нафақат турар-жой мажмуалари аҳолиси, балки умуман мавзеларда яшовчилар учун ҳам телефон хизматларидан фойдаланиш борасида қулайликлар яратади.
Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик шодиёнаси арафасида давлат томонидан мазкур соҳа вакилларига қаратилаётган эътибор алоҳида эътирофга лойиқ. Икки манзилда қад ростлаган бинода шинам хонадонлар қурилган бўлиб, уларда барча шароитлар мужассамлашган. Шинам ва кўркам хонадонлар бундан буён оилалар учун хизмат қилади. Бу каби яратилаётган имконият ва шароитлардан ходимларнинг оилаларида хотиржамлик, ишларида эса унум ва барака бўлиши шубҳасиз. Турар-жой мажмуаси кўчанинг қулай қисмида жойлашган бўлиб, автомобиллар учун алоҳида тўхташ жойи шунингдек, мажмуада болалар учун махсус ўйингоҳлар қурилган.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент марказида қад ростлаган мазкур уйларнинг фойдаланишга топширилиши соҳанинг кенг кўламли ижтимоий лойиҳасининг фақат бошланишидир. Кейинги йилларда Юнусобод, Сергели ва Чилонзор туманларида ҳам мана шундай замонавий, янги турар-жой биноларини қуриш режалаштирилмоқда.
Хулоса ўрнида, Ўзбекистонда АКТ соҳаси ривожи ва илғор технологияларни фаоллаштириш, уни изчил юксалтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, аниқ қадамлар қўйилмоқда. Бу эса, келажакда Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ҳиссасини кўпайтириш ва мамлакатнинг ахборот технологиялари соҳасида мавқеини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.
Ҳамкорлик ҳуқуқи асосида
Изоҳ (0)