“Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида ахборот технологиялари йўналишига ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ахборот технологиялари йўналиши бўйича таянч мактаб этиб белгиланди. Термиз шаҳар ихтисослаштирилган мактаби ва Гулистон шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари сифатида қайта ташкил этилади.
Таянч мактаб ва филиалларга раҳбар кадрлар икки босқичли (саралаш ва суҳбат), педагог кадрлар уч босқичли (саралаш, тест синови, суҳбат) танлов асосида ишга қабул қилинади. Филиалларга ўқувчилар таянч мактаб учун белгиланган тартиб асосида саралаб олинади. Бир синфда ўқувчиларнинг энг кўп сони 24 нафардан ошмаслигини ҳисобга олган ҳолда, қабул параметрлари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан белгиланади.
Мактабгача ва мактаб таълимиз вазирлиги 2025 йил 1 августга қадар таянч мактаб ҳамда филиаллар учун лавозимлар ва штат бирликларининг намунавий штат жадвалини тасдиқлаши лозим. Математика, информатика ва ахборот технологиялари, робототехника фанлари қўшимча ўқув дастурлари асосида ўқитилиши таъминланади
Филалларнинг қурилиш ишлари таянч мактабнинг шароитидан кам бўлмаган ягона ёндашув асосида 2025 йилда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Филиаллар замонавий талабларга мувофиқ пластик қопламали (HPL панел) синф столи, пластик қопламали эгри елимланган фанерали синф стуллари билан жиҳозланади. Филиалларда ўқувчилар учун аутсорсинг асосида белгиланган тартибда бепул соғлом овқатлантириш ташкил этилади.
Президентнинг 2024 йил апрель ойидаги фармонида 13 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат негизида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиалларини ташкил этиш таклифлари маъқулланган.
Изоҳ (0)