Жорий йил 2–4 август кунлари Қирғизистон чегара ўтказиш пунктларида юк автомобиллари тирбандлиги юзага келиши мумкин. Бу ҳақда 2 август куни Божхона қўмитаси хабар берди.|

Маълум қилинишича, Қирғизистон чегара ўтказиш пунктларида дастурий техник ишлар бажарилмоқда. Бунда транзит тарзида ҳаракатланадиган юк машиналарининг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини янада тезлаштиришга хизмат қилувчи янги ахборот тизимлари жорий этилмоқда.
“Бу ҳайдовчиларнинг божхонадан ўтиш жараёнларини соддалаштириш билан бир қаторда бунга сарфланадиган вақтни ҳам сезиларли даражада қисқартиради. Шу муносабат билан Қирғизистон Республикасининг чегара ўтказиш пунктларида ҳозирда дастурий техник таъмирлаш ва профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2025 йил 2-4 август кунлари ушбу давлат билан чегарада жойлашган божхона постларида юк автотранспорт воситаларининг қисқа муддатли навбатлари юзага келиши мумкин”, дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой—Мўғулистон бўйлаб биринчи юк ташуви саккиз кунда етиб боргани хабар қилинганди. Мураккаб релефли Олтой тоғлари бўйлаб ўтган мазкур йўл узунлиги 4500 км масофага чўзилгани қайд этилган.
Эслатиб щтамиз, жорий йил 18 июль куни Қирғизистон Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегаралар туташган нуқта тўғрисидаги шартномани ратификация қилди.
Изоҳ (0)