Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактабни ўқитувчилар мактаб таъмирлаётгани акс этган видео тарқалди.
Тасвирда ўнлаб аёл ўқитувчилар девор оқлаётганини кўриш мумкин. Кадр ортидан хушчақчақ оҳангда айтилган сўзларга кўра, устозлардан бир қанчаси меҳнат таътилида бўлса-да, “ҳашар”га келган.

Ҳолатга нисбатан билдирилаётган муносабатларда устозлар ремонт қилишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаётгани ҳақида гап борган.
“Мутасаддилар ушбу ҳолатга эътибор қаратиб, мактаб таъмирини қилиб беришини ва устозларнинг таътилда ҳордиқ олишини таъминлашини сўраймиз”, дейилади Telegram каналлардан биридаги постда.
Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилишини хабар қилди.
“Ҳолат назоратга олингани ва ўрганиш ишларига йўналтирилганини маълум қиламиз. Ўрганиш якунларига кўра, батафсил маълумот берилишини билдириб қоламиз”, дея қайд этилган муносабатда.
Қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор.
Изоҳ (0)