АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уй ҳудудида улкан бал зали (байрамлар ва рақслар майдони)ни қуришни ва уни мамлакатга ҳадя қилиш этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ президентининг маъмурияти маълум қилди. Қурилиш ишлари 2025 йил сентябрь ойида бошланади ва Трампнинг шахсий маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Янги тантаналар марказининг умумий майдони 8,4 минг квадрат метр бўлиб, 650 кишига мўлжалланган. Бу ҳозирги Оқ уйдаги Шарқий бал зали (East Room) ўлчамидан уч баравар каттадир.
Мазкур қурилиш 33-президент Гарри Трумен даври (1945–1953 йиллар)дан бери амалга оширилган энг катта реконструкция бўлиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, Оқ уйнинг шарқий қаноти бузилиб, ўрнига 200 миллион долларлик янги бино қад ростлайди.

CNN’нинг ёзишича, зал оқ ва олтин рангларда безатилади, ички қисми ҳашаматли қандиллар, мармар пол ва устунлар билан бойитилади. Янги бино дизайни Трампнинг шахсий қароргоҳи — Флорида штатидаги Мар-а-Лагони эслатади.
Лойиҳа устида “дунёнинг энг яхши меъморлари” ишламоқда, деб ёзади NBC News. Асосий пудратчи сифатида McCrery Architects архитектура бюроси танланган. Қурилиш ишлари 2029 йил январигача — Трампнинг президентлик муддати якунига қадар ниҳоясига етиши кўзда тутилган.

Оқ уй маъмурияти раҳбари Сюзан Уайлзнинг қайд этишича, қурилиш жараёнида бинонинг тарихий қадр-қиммати сақланиб қолган ҳолда келажак авлодлар учун замонавий ва қулай мажмуа яратилади.
Маълумот ўрнида, Оқ уй 1800 йилдан буён бир неча бор капитал таъмир ва қайта қуришлардан ўтган. Ҳар бир йирик ўзгариш муҳокама ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Масалан, Трумен даврида бино бутунлай қисмларга ажратилиб, металл конструкциялар билан мустаҳкамланган ва турли танқидларга учраган. Шарқий қанот эса 1942 йилда Франклин Рузвельт бошқаруви остида қўшимча тарзда қурилган. Ўшанда ҳам давлат АҚШ аҳолиси давлат маблағларини исроф қилиш ҳақидаги норозиликларни билдирган.
Изоҳ (0)