Киберхавфсизлик соҳасида фаолият юритувчи Малwаребйтес компанияси ўтказган халқаро тадқиқотга кўра, iPhone эгаларининг интернетдаги фирибгарликлар қурбони бўлиш эҳтимоли Android фойдаланувчиларига қараганда юқорироқ. Бу ҳақда Lifehacker.ru нашри маълум қилди. Сўровномада АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австрия ва Швейцариядан 1 300 нафар фойдаланувчи иштирок этган.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, кўплаб iPhone фойдаланувчилари Apple брендининг обрўсига ва қурилмадаги автоматик хавфсизлик тизимларига ҳаддан ташқари ишониб, қўшимча ҳимоя чораларини кўрмайди. Бу эса уларни интернетдаги фирибгарликларга кўпроқ учрашига сабаб бўлади.
Масалан, кўп ҳолларда фойдаланувчилар фишинг (яъни, ёлғон хабарлар орқали шахсий маълумотларни қўлга киритишга қаратилган фирибгарлик) қурбонига айланади ёки инфостеалер деб аталадиган зарарли дастурлар орқали уларнинг логин, пароллари ва бошқа махфий маълумотлари ўғирланади.
“Ҳозирда ҳар қандай рақамли маълумотга нисбатан танқид билан қараш кўникмасини ривожлантириш муҳим. Бу қоида матнли хабарлардан тортиб, интернетдаги қидирув натижалари, электрон почтадаги ҳаволалар ва иловаларгача тегишли. Бугунги кунда фақат ҳушёрлик ва огоҳлик орқали ўзингизни ҳимоя қила оласиз”, дейди Малwаребйтес компаниясининг вице президенти Майкл Шервуд.

Тадқиқотдан олинган асосий хулосалар:
iPhone фойдаланувчиларининг 53 фоизи ҳаётида камида бир марта бўлса ҳам интернет фирибгарлигининг қурбони бўлган. Бу кўрсаткич Android фойдаланувчилари орасида 48 фоизни ташкил этади;
Android фойдаланувчиларининг 29 фоизи телефонига махсус хавфсизлик дастурларини ўрнатган. iPhone фойдаланувчиларида бу кўрсаткич бор-йўғи 21 фоиз;
Android қурилмаси эгаларининг 41 фоизи ҳар бир аккаунт учун алоҳида парол ишлаца, iPhone фойдаланувчилари орасида бу рақам атиги 35 фоиз;
iPhone эгалари орасида 47 фоиз фойдаланувчи арзон нархдаги маҳсулотларга алданиб, ишончсиз интернет дўконлардан харидлар қилган. Android фойдаланувчилари орасида бу 40 фоизни ташкил қилади.
Гарчи смартфон ва дастурий таъминоти ишлаб чиқарувчилар қурилмаларни ҳимоялаш учун янги ечимлар таклиф этаётган бўлса-да, ҳеч бир тизим тўлиқ хавфсизликни кафолатлай олмайди. Малwаребйтес компанияси интернетдан фойдаланишда шахсий хавфсизлик масъулияти аввало фойдаланувчининг ўзига боғлиқлигини эслатиб ўтди.
Изоҳ (0)