Калифорнияда аёл беш ёшли ўғлига ҳужум қилган пумани қўл ва оёқлари билан уриб, ҳайдаб юборди, деб хабар беради Esquire.
Болакай Америка ёввойи мушуги ҳужум қилган вақтда уйи яқинидаги дарахт ёнида ўйнаётган бўлган ва ҳайвон уни 40 метрга қадар тортиб кетган. «Боланинг бақирганини эшитган она кўчага чиқиб, қўл ва оёқлари билан пумани ура бошлаган. Натижада у пума чангалидан ўғлини қутқаришга муваффақ бўлган. Ушбу она — фарзанди ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамон», — дейди маҳаллий Ёввойи табиат департаменти капитани Патрик Фой.
Болакайнинг бош, бўйин ва гавдасининг юқори қисмига жароҳат етган. Ҳозирда у Лос-Анжелесдаги болалар шифохонасида даволанмоқда.
Маҳаллий ҳудудда пумалар ҳужуми 20 йилдан ортиқ вақтдан бери кузатилмаган. Экспертларнинг ҳисоблашича, йиртқич ҳайвон болага унинг бўйи пастлиги учун ҳужум қилган, ҳайвоннинг ўзи эса ёш бўлиб, 2020 йилнинг октябрларида туғилган. Бу вақт оралиғида пумалар «ов қилиш ва ўзини ҳимоя қилишни ўрганади».
Изоҳ (0)