Ўзбекистонда 2025 йилда электр энергияси нархлари 24 фоиз, табиий газ 36 фоиз, суюлтирилган газ 25 фоиз, метан 39 фоизга ўсиши белгиланган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 31 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган журналистлар билан мулоқотда маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
Матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг келгуси уч йиллик макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари таҳлил қилинди. Тадбирда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ўрта муддатли иқтисодий ривожланиш параметрлари юзасидан уч хил сценарий ишлаб чиқилганини айтди. Улар — асосий, муқобил ва хатарли сценарийлардир. Таъкидланишича, уч турдаги сценарий ишлаб чиқилиши мамлакатда кўп томонлама асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Асосий сценарий бўйича прогнозлар
Мамаризо Нурмуродов нутқи давомида асосий сценарийда қандай масалалар инобатга олинганига тўхталди.
“Асосий сценарийда келгусида глобал инфляция пасайиб бориши, унга жавобан Марказий банклар томонидан асосий ставкалар пасайтирилиши, жаҳондаги иқтисодий ўсиш суръатлари ижобий шаклланишининг кучайиши ҳисобга олинган. Шу билан бирга, халқаро бозорда бизнинг хом ашё маҳсулотлар (олтин, мис ва бошқалар) нархларини нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши акс этган. Энг муҳими — мамлакатда инвестицион талабнинг ошиб бориши, таркибий ислоҳотларни фаол давом эттирилиши шартлари асосий сценарийнинг муҳим фундаментини ташкил қилади. Агар жараён мазкур сценарий бўйича давом этса, 2025 йилда иқтисодий ўсиш 5,5–6 фоизни ташкил этиши ва суръат 2026–2027 йилларда 6–6,5 фоизгача тезлашиши кутилмоқда. Инфляцияни 5 фоизлик таргетига (мақсад) 2026 йилнинг иккинчи ярмида, аниқроғи, III чоракда эришиш прогноз қилинмоқда”,деди раис.
Мулоқотда Мамаризо Нурмуродов кўзланган мақсадга, яъни инфляцияни 5 фоизга туширишга қатъий чора кўрган ҳолда нега тезроқ эришилмаётгани юзасидан изоҳ берди. Марказий банк раҳбари сўзларига кўра, мақсадли кўрсаткичга қанчалик тез эришилса, барқарор иқтисодиётга ва уни келгусида соғлом ривожланишга шароитлар шунчалик тез яратилади. Бироқ, бунда баъзи муаммолар юзага келиши мумкин.
“Институционал жиҳатдан барқарор шароитларни яратмасдан туриб, ялпи талабни чекловчи кескин чоралар кўрилса (кредитларни қисқартириш, фоизни ошириш ва ҳоказо), иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хавф–хатар туғилиши мумкин. Шу сабабли жорий шароитлар ва инфляцион омиллардан келиб чиқиб, умумий макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаслик учун инфляция бўйича мақсадли кўрсаткичимиз, яъни таргетга эришиш муддатини узайтирмоқдамиз. Юқори инфляция шароитларида ҳам яхши ўсиш кўрсаткичларига маълум бир қисқа даврда эришиш мумкинку деб айтиш мумкин. Ҳа, тўғри. Лекин бу ўсиш барқарор бўлмайди. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда юқори инфляция албатта ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Буни кўп давлатлар амалиётидан яққол кўриб турибмиз”, дея маълум қилди у.
Муқобил сценарий асосидаги прогнозлар
Мамаризо Нурмуродов макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси асосий сценарийдан ташқи хатарлар ортиши кўпроқ инобатга олингани билан фарқ қилишини айтди. Муқобил сценарий глобал инфляциянинг узоқ муддат ҳозирги даражада сақланиб қолиши, асосий савдо ҳамкорлар ҳисобланган давлатларда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва бунинг ички иқтисодиётга салбий таъсиридан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.
“Бундай шароитда ички талабни қўллаб–қувватлаш учун фискал рағбатлар амалга оширилади. Натижада иқтисодий ўсиш асосий сценарийдаги кўрсаткичларга қараганда пастроқ бўлади. Яъни 2025 йилда 5–5,5 фоиз, 2026 йилда 5–6 фоиз, 2027 йилда эса 5,6–6,5 фоизлик даражасида тикланиши тахмин қилинмоқда. Муқобил сценарийда иқтисодий фаоллик пасайиши ва нисбатан қатъий пул–кредит шароитларини сақланиб қолиши эвазига умумий инфляция 2025 йилда 7–8 фоиз, 2026 йилда 6 фоизга яқин бўлиши ва 5 фоизлик таргетга 2027 йилнинг биринчи ярмида тушиши кутиляпти. Мазкур сценарий шартлари юзага келган тақдирда пул–кредит шароитларини асосий сценарийга нисбатан қатъийроқ шакллантирамиз ва асосий ставкани ошириш эҳтимолини ҳам кўриб чиқамиз”, деди Марказий банк раиси.
Хатарли сценарий бўйича прогнозлар
Мулоқотда асосий ва муқобил сценарийга қўшимча равишда эҳтимоли доим мавжуд бўлган инфляцион хатарлар кучайишига асосланган хатарли сценарий ҳам ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Ушбу сценарийда инфляцияни оширишга ва иқтисодий ўсишни секинлаштиришга таъсир қилувчи омиллар акс этган. Хусусан, таҳлилда минтақада иқлим ўзгаришининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсири инобатга олинган. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришнинг чекланган шароитида фискал рағбатлантиришнинг кучайтирилиши, энергия ресурслари таклифини талабга номутаносиб бўлиши ҳисобига инфляцияни оширувчи эҳтимолий хатарлар кўзда тутилган.
“Мазкур хатарлар юз берса, умумий инфляция 2025 йилда 8–9 фоиз, 2026 йилда 7–8 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Ва 5 фоизлик таргетга 2027 йилнинг охирида эришишимиз кутилмоқда. Бу сценарий амалга ошган тақдирда асосий ставка кўтарилади, пул–кредит шароитлари қатъийлаштирилади. Шунингдек, ҳукумат билан инфляцияга номонетар омиллар, масалан, қурғоқчилик, ёқилғи етказишдаги вақтинчалик узилишларга қарши чоралар фаоллаштирилади, кенг қўлланилади”, деди регулятор раҳбари.
Энергетика нархи ошишининг инфляцияга таъсири
Мамаризо Нурмуродов журналистлар саволига жавоб берар экан, энергетика нархларидаги ўсишларнинг инфляцияга таъсирини тушунтирди.
“2025 йилда мамлакатда электр энергияси нархлари 24 фоиз, табиий газ 36 фоиз, суюлтирилган газ 25 фоиз, метан 39 фоизга ўсиши белгиланган. Келаси йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ иккиламчи нархларининг оширилишини 6–7 фоизлик (асосий сценарийда) инобатга олганмиз. Бу нархлар ўсиши таъсирида инфляция 1,5 фоиздан 1,8 фоизгача ошишини кутяпмиз. Ва 7 фоизлик инфляцияда буни инобатга олганмиз”, дея таъкидлади Марказий банк раиси.
Маълумот учун, 2024 йил сентябрь ойида умумий инфляция йиллик 10,5 фоизни ташкил этиб, III чорак давомида ўзгаришсиз қолган. Жорий йил якунида инфляция даражаси 9,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)