Қашқадарёда тупроқ қопламали йўлларни тўлиқ шағал қопламага ўтказиш бошланади. Бу ҳақда 20 июнь куни вилоятни комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Қашқадарёда 3 минг километр тупроқ қопламали йўл бор. Президент мутасаддилар олдига бу йўлларни тўлиқ шағал қопламага ўтказишни бошлаш вазифаси қўйди. Вилоятдаги 9 та кўприкни тўлиқ таъмирлашга топшириқ берилди.
Йиғилишда қай этилишича, Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу йўлининг вилоятдан ўтган 100 километрини реконструкция қилиш ҳисобига ҳудуднинг транзит салоҳиятини 3 карра ошириш мумкин. Бу лойиҳага Қарши шаҳридаги янги айланма йўлнинг қолган 13 километри ҳам қўшилса, аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган тирбандлик масаласи ҳал бўлади. Мутасаддиларга бу борада келгуси йилдан амалий ишларни бошлаш топширилди.
Шунингдек, Қарши—Шаҳрисабз—Китоб магистрал йўлининг 106 километрида реконструкцияни бошлаб, 4 тасмагача кенгайтириш, Қамаши ва Яккабоғ марказидан айланиб ўтадиган 34 километрли янги йўл қурилишини ҳам бошлаш вазифаси қўйилди.
Ушбу 106 километр йўлнинг икки томонига камида 1 миллионта дарахт экиб, “яшил белбоғ” барпо этиш зарурлиги қайд этилди.

Тошкент—Термиз йўлининг Қашқадарё ҳудудидан ўтган 60 километри ҳам 4 тасмали қилиниб, цемент-бетон қопламага ўтказилади. Жорий йилда бу йўлнинг 20 километрини қуриб битказиш топширилди.
Йиғилишда Қашқадарёда вилоят “Ислоҳотлар штаби” тузилиши белгиланди. Вилоятда чорвачиликни комплекс ривожлантириш дастури бошланади. Президент вилоятда ичимлик суви таъминоти, уй-жой масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Изоҳ (0)