“Дарё” бугун тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти бош илмий ходими Қаҳрамон Ражабов билан Ўзбекистон давлат ва жамоат арбоби, бир вақтлар Ўзбекистон ССР қурилиш вазири, Наманган ва Самарқанд вилоятларининг обком (ҳоким) вазифасида фаолият олиб борган шахс — Назир Ражабов ҳақида суҳбатлашди.
— Назир Ражабовни бугун кўпчилик танимаслиги мумкин. Чунки у киши асосан Совет Иттифоқи даври (1917-1990)да фаолият юритган. Сиз Назир Ражабов ҳақида китоб ёзган тарихчи олимсиз. Айтинг-чи, Назир Ражабов аслида ким бўлган?
— Назир Ражабов 1939 йилнинг май ойида Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Талисафет қишлоғида туғилган. У киши ёшлигидан тарих ва адабиётга муҳаббат қўйган. Назир ака ўзбек адабиётидан ташқари форс ва рус адабиётини яхши билган. У кишининг оталари колхоз раҳбари эди. Ўша вақтларда ҳар бир қишлоқда мактаб бўлмаган. Юқори синфдаги ўқувчилар асосан туман марказидаги мактабларда таҳсил олган.
Назир Ражабов Шофиркон туман марказидаги мактабни тугаллаганидан кейин, Ўрта Осиё политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника институти)га ўқишга киради. У киши ўқиш йиллари рус тарихи ва рус тилини яхши ўзлаштиради. Ҳам ўқишда, ҳам жамоат ишларида фаол бўлган бундай ёш кадрга Ўзбекистон раҳбарияти назар ташлаши табиий эди.
Одатда кўпчилик институтни битирганидан сўнг, танишлари орқали яхшироқ лавозимда ишлаш учун ҳаракат қилади. Лекин Назир Ражабовнинг ортида бундай катта лавозимдаги инсонлар турмаган. У киши институтни тамомлагач, Тошкентда қолиш ўрнига Қозоғистоннинг Селиноград (ҳозирги Остона)га кетди ва шу ерда ўз фаолиятини бошлади.
— Назир Ражабов қандай қилиб сиёсат оламига кириб келди?
— Назир ака билан бирга ўқиган дўстлари ва курсдошлари орасида Ўзбекистоннинг ХХ ва XXI аср тарихида чуқур из қолдирган инсонлар бўлган. Институтда Назир Ражабовдан бир курс олдинда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда Раҳим Ражабов таҳсил олишган. Ислом Каримов ким бўлганини барча билса керак?! Раҳим Ражабов — Ўзбекистон президентининг биринчи ва сўнгги давлат котиби (мустақилликнинг дастлабки йилларида таъсис этилган лавозим. 1992 йил декабрь ойида давлат котиби лавозими тугатилган — таҳр) сифатида фаолият кўрсатган шахс.
Назир Ражабов Ислом Каримов ва Раҳим Ражабов билан бирга ётоқхонада турган. Мен Назир ака билан 25 йил давомида суҳбатлашган бўлсам, у киши талабалик даврларини кам эсга оларди. Камина Назир Ражабовнинг талабалик йиллари тўғрисида кўпроқ Раҳим Ражабовдан эшитганман. Назир Ражабов ёшлик вақтида сиёсатга қизиқмаган. У киши Остона шаҳрида 4-5 йил энг катта қурилиш ишларида қатнашиб, бош меъмор лавозимига кўтарилади.
Вақт ўтиши билан Назир Ражабов Ўзбекистонга қайтиб келади. У киши ўзи туғилган вилоятда фаолият олиб бориб, “Қуйимозор” сув омборининг қурилишида қатнашган. Назир Ражабов турли қурилиш ишларига раҳбарлик қилган. Назир ака нафақат қурилиш вазири, балки қишлоқ қурилиши вазири ҳам бўлган. У кишининг мансаб поғонасида кўтарилишида Ўзбекистон ССРнинг биринчи раҳбари — Шароф Рашидовнинг хизмати катта. Рашидов давлат лавозимларига ўз қариндошлари ёки бир гуруҳни қўймаган. Шароф ака бутун Ўзбекистонни кезиб, ёш ва ғайратли мутахассисларни лавозимларга тайинлар эди.
Дастлаб Шароф Рашидов Назир Ражабовни Бухоро вилояти обкомининг қишлоқ қурилиши котиби лавозимига тайинлайди. Ўша вақтда Бухоро вилоятига Қаюм Муртазоев раҳбарлик қиларди. Назир Ражабов менга раҳбарлик сабоқларини асосан икки кишидан олганликларини айтиб берган эдилар. У киши биринчи ўринда ҳаётий тажрибаларни Шароф Рашидовдан олган бўлса, партиявий раҳбарлик сабоқларини Қаюм Муртазоевдан ўрганган.
ХХ аср 80 йилларнинг бошида Назир Ражабовни СССР машинасозлик вазири ўзига биринчи ўринбосар сифатида Москвага олиб кетмоқчи бўлади. Шунда Шароф Рашидов “Назиржонни ўзимиз мўлжаллаган бошқа ниятларимиз бор” деб унга рад жавобини беради. Бу вақтда Назир Ражабов бор-йўғи 44 ёшда бўлган. 1984 йилда Назир Ражабов Наманган вилоятига обком сифатида тайинланди. Албатта, бу даражага у киши ўзининг ғайрати ва қобилияти орқали эришган.
— Суҳбатга тайёрланиш жараёнида Назир Ражабов ҳақида бир маълумот ўқиб қолдим. У киши Наманган вилоятида раҳбар бўлганларида ўқитувчи, шифокор ва мактаб ўқувчиларини пахта теримидан олиб қолган эканлар. Аммо ўша вақтда пахта сиёсати жуда нозик эди. Назир Ражабов бу ишни қандай қилиб уддалаган?
— Кўп нарса биринчи раҳбарга боғлиқ. Назир Ражабов 1984 йилнинг октябрь ойида Наманган вилоятига раҳбар этиб тайинланди. У вақтда Ўзбекистон ССР раҳбари Иномжон Усмонхўжаев эди. Бу вақтда Назир Ражабовда ўзига хос тажриба бўлган. Чунки у киши бунгача қишлоқ қурилиши ва қурилиш вазири сифатида фаолият кўрсатган эди. Яъни Назир Ражабов қишлоқ ҳаётини жуда яхши билган. Бундан ташқари, мамлакатда ислоҳотлар бошланиш арафасида эди.
Биламизки, 1985 йилда Совет ҳокимияти тепасига Михаил Горбачёв келгач, у мамлакат бўйлаб қайта қуриш сиёсатини бошлади. Албатта, Назир ака коммунист бўлган, биз ундан сохта қаҳрамон ясамаслигимиз лозим. Аммо у партия сиёсатини мутеларча амалга оширмаган. Назир Ражабов тоза инсон бўлган. У киши айрим раҳбарлар сингари порахўр бўлмаган.
1984 йил сентябрь ойида пахта мавсуми бошланганида, Наманган вилоятида пахта теримига мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар ва шифокорлар жалб қилинмади. Мен ўша кезларда Тошкент давлат университетининг биринчи курс талабаси эдим. Ҳатто 1983 йилнинг декабрь ойларида бизни пахта теримига олиб кетишмоқчи бўлишган. Ўшанда Рашидов вафот этган кунлар эди. Мана шундай мураккаб бир паллада Назир Ражабов пахта теримига ўқувчи, ўқитувчи ва шифокорларни олиб чиқмади. У киши буни ҳам ҳеч қандай шов-шувларсиз, ҳеч қандай пиарларсиз амалга оширди.
Назир Ражабов 1984 йилдан 1987 йилгача Наманган вилоятида раҳбар бўлиб ишлади. Мен кўплаб наманганликлар билан суҳбатлашганман. Вилоят аҳолиси ҳалигача “биз 100 йил ичида бундай раҳбарни кўрмадик” деб айтади.
Назир Ражабов 1988 йилда Самарқанд вилоятига раҳбар сифатида тайинланди. Бу вақтда жуда кўплаб раҳбарлар “пахта иши” бўйича қамоққа олинаётганди. Чунки Ўзбекистонга Гдлян ва Иванов гуруҳи келган эди. Улар Назир Ражабовга тегишмаган. Сабаби Назир ака порахўрлик ишларига аралашмаган. Шундан сўнг Москвадаги раҳбарият Назир Ражабовга нисбатан яхши муносабатда бўла бошлади. У киши ҳақида “Правда” ва “Известия” газеталарида мақолалар босиб чиқарилди. Бу мақолаларда Назир Ражабов амалга оширган ишлар ўрнак сифатида кўрсатилган. Энг қизиғи, бу мақолалар Ўзбекистон матбуотида босилмаган.
Наманган вилояти кетма-кет уч йил бутун Иттифоқ бўйича ўтказилган социалистик мусобақада ғолиб чиққан. Шунда халқ орасида “Назир Ражабов тез орада Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлар экан”, деган гаплар чиқди. У киши Самарқанд вилоятида бир йил раҳбар бўлганидан сўнг қамоққа олиниб, ишдан олинди. Бунга асосий сабабчилар Рафиқ Нишонов ва Ислом Каримов бўлган. Мен бу гапларни дадил айтишимга мавжуд асослар бор.
1988 йилда Ўзбекистон Компартиясининг биринчи раҳбари Иномжон Усмонхўжаев қамоққа олиниб, ишдан кетган эди. 1989 йилнинг январь ойида Ўзбекистон биринчи раҳбари сифатида Рафиқ Нишонов тайинланди. Бу киши Ўзбекистон тарихида машъум ролни ўйнаган. Нишонов Москвага бориб, ўзбек халқига туҳматлар қилган.
Назир Ражабов икки маротаба ўша вақтдаги Совет Иттифоқининг раҳбари Горбачёв қабулида бўлган. Раҳим Ражабовнинг айтиб беришича, марказ Назир Ражабовни Ўзбекистон раҳбари лавозимига мўлжал қилган. Назир Ражабовнинг Горбачёв билан биринчи суҳбати 1987 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган. Горбачёв Назир акага “сен Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлсанг, энг аввало, нима иш қиласан?” деб савол берган. Шунда Назир Ражабов бир қанча ишларни санаб ўтиб, “Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун ҳам курашаман” деб айтган экан. Албатта, бу гаплар Горбачёвга ёқмаган. Мен бу гапларни Назир аканинг энг яқин дўсти Раҳим Ражабовдан эшитганман.
Назир Ражабовнинг Горбачёв билан иккинчи суҳбати Рафиқ Нишонов Ўзбекистон биринчи раҳбари лавозимига тайинланганидан сўнг бўлиб ўтади. Сабаби Нишонов ишларни яхши йўлга қўймаган эди. Шунингдек, Рафиқ Нишоновни Горбачёв Москвага олиб кетмоқчи бўлган. Бироқ 1988 йилнинг октябрь ойида Назир Ражабов ишдан олинган ва қамоққа тиқилган. Бу хабарни мен Москвадан қайтиб келаётганимда эшитган эдим.
Йиллар ўтганидан сўнг Назир Ражабовдан мен бу воқеалар қандай рўй берганини сўраганман. Назир Ражабовнинг менга айтиб беришича, у кишига тушдан кейин Рафиқ Нишонов қўнғироқ қилиб, зудлик билан Тошкентга етиб келишни сўраган. Ўша куни соат 18:00 да Марказий комитет биносида мажлис бошланади ва Нишонов кун тартибига Самарқанд вилояти раҳбари Назир Ражабов ҳамда Бухоро вилояти раҳбари Жабборовни хатоларга йўл қўйгани учун лавозимидан озод этиш ва бюро аъзолигидан чиқариш масаласини қўяди. Назир ака “бу гапларни эшитиб, мен қотиб қолдим”, деб айтиб берган.
Назир Ражабовнинг ҳикоя қилиб беришича, мажлис тугаганидан сўнг йўлда пиёда кетаётганида олдига бир машина тўхтаб, ундан икки киши тушиб, Назир Ражабовнинг қўлини қайириб, машина ичига тиқиб, КГБ (СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси – таҳр) “подвал”ига олиб кетган. Эртаси куни Назир Ражабов Тошкентдан Москвага олиб кетилган.
Назир ака 9 ой Москвада сўроқ қилинган. У киши мутлақо асоссиз қамоққа олинган. Бироқ 1989 йилнинг июль ойида Назир Ражабов озод қилинади. Бу вақтга келиб Ўзбекистонда сиёсий вазият мутлақо ўзгариб кетган эди. Назир ака қамоқдан чиқишидан 20 кун олдин, яъни 1989 йил 24 июнь куни Ислом Каримов Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби лавозимига тайинланганди.
1989 йилда СССР Бош прокуратураси Назир Ражабовдан расмий тарзда кечирим сўради. Буни қарангки, 75 йил давомида Совет ҳукумати миллионлаб ўзбекларни қатағон қилган бўлса-да, ҳеч кимдан расмий тарзда кечирим сўрамаган. Айбсиз бўлгани учун Назир Ражабов ўз лавозимига қайта тикланиши керак бўлган. Бу вақтда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов эди. Назир Ражабов Ислом Каримов билан талабалик вақтидан бери дўст бўлса-да, айрим масалаларда фикрлари қарама-қарши бўлган. Ислом Каримов бир қанча лавозимларни Назир Ражабовга таклиф қилган. Бироқ у киши бу таклифларни рад этган.
Шундан кейин Назир Ражабов Бухорога кетади ва у ерда 163-қурилиш трестига раҳбарлик қилади. Мана шу пайтда Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз берди. 1990 йилда Назир Ражабов яна катта сиёсатга қайтди. Баҳор ойларида ўтказилган уч босқичли депутатлик сайловидан сўнг, Назир Ражабов Ўзбекистон ССР халқ депутати этиб сайланди. Назир ака вақт ўтиши билан Қишлоқ қурилиши қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юрита бошлади. Шу вақт оралиғида Назир Ражабов Ислом Каримов билан тил топиша олмади. Ислом Каримов Назир аканинг ишлаши учун имкон бермади. Ҳолбуки, Ўзбекистон мустақиллиги кун сайин яқинлашаётган эди.
Ўзбекистон мустақил давлатга айлангач, Назир Ражабов 15 суткадан икки марта қамоққа олинди. Энг қизиғи, Назир Ражабовни қамоққа олганлар у кишини яхши танийдиган инсонлар эди. Биринчи марта Назир ака Қибрайдаги “понелний” турмасида 15 сутка ушлаб турилган. У кишининг қамоққа олиниши ҳеч қандай ҳужжатда қайд этилмаган. Иккинчи бор қамоққа олинганидан кейин, Назир Ражабовни ўша вақтдаги Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг хонасига олиб киришади. Алматов ва Назир ака бир-бирини жуда яхши танирди.
Назир Ражабов Алматовдан нега иккинчи бор қамоққа олинганининг сабабини сўрайди. Шунда Зокиржон Алматов юқорида турган Каримовнинг портретини кўрсатиб, бу юқоридан келган буйруқ эканлигини айтади. Алматов Назир Ражабовга ариза ёзиб, ўз ихтиёри билан депутатликдан воз кечишини ва Тошкентдан чиқиб кетишини сўрайди. Бу нарсалар тепадан келган буйруқ бўлган. Шу воқеадан сўнг Назир Ражабов 1993 йилда депутатлик, умуман, сиёсат оламидан кетади. Бу билан Назир ака ўз оиласининг ҳаётини сақлаб қолган эди.
1994 йилда Назир Ражабов оиласини боқиш учун Москвага кетади ва бир неча йил ўша ерда яшайди. Назир ака 1997 йил Тошкентга қайтиб келиб, тадбиркорлик билан шуғулланади. Агар мустақиллик йиллари шундай инсонларга имконият берилганида, бугун Ўзбекистон бу даражада ботқоққа ботиб кетмаган бўлар эди. Мисол учун, 25 йил давомида қайси соҳада Ўзбекистон бирор ютуққа эриша олди? Тўғри, айбни фақат битта шахсга қўйиш керак эмас.
Мен ёзган китоб 2021 йил 21 март куни нашрдан чиқди. Шундан сўнг мен Назир Ражабов билан кам учрашдим. Назир ака ҳақида китоб чиққанидан кейин, у кишининг соғлиқлари ёмонлаша бошлади. Сўнги бор Назир Ражабов билан 2023 йилнинг баҳор ойларида кўришдик.
Назир Ражабов 2023 йил 11 октябрь куни бу ёруғ оламни тарк этди. У кишининг вафотлари ҳақида хабар топганимдан сўнг, Назир аканинг хонадонларига бордим. Ўшанда мени бир нарса қаттиқ хафа қилди. Назир Ражабовнинг жанозасида жуда кам одам қатнашди. Биз ўзи қандай халқмиз?!
Суҳбатни журналист Сардор Али олиб борди
Изоҳ (0)