Ҳудудларда ер майдонларини жами 500 минг доллардан ортиқ маблағга ноқонуний сотмоқчи бўлган шахслар ушланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.

Хива шаҳрида боғдорчилик йўналишида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари МЧЖнинг 19,9 гектар ер майдонини гўёки 30 гектар эканлигини айтиб, уни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 120 минг доллар ҳамда 80 сотих қисмида кўп қаватли турар жой биноси қуришга рухсат олиб бериш учун 60 минг доллар, жами 180 минг доллар талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари талаб қилинган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Кадастр агентлигининг Қўқон шаҳар бўлими етакчи инспектори деҳқончиликка ихтисослашган фермер хўжаликка 2024 йилда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан 5,8 гектар суғориладиган ер майдони ажратилишида ва унда енгил типдаги иссиқхона ташкил этиши бўйича тегишли қарор чиқарилишида ёрдам берганини рўкач қилиб, ушбу масалани ҳал этишда кўмаклашган мансабдор танишларига пул маблағлари бериши кераклигини айтиб, фермер хўжаликнинг иш юритувчисидан 150 минг доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда кадастр инспектори ушбу пул маблағини олган вақтида ушланган.
Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатда Ангрен шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган шахс шаҳар ҳудудида жойлашган ҳамда боғдорчиликка мўлжалланган 18 сотих ер майдонини ва унга туташ бўлган Оҳангарон ўрмон хўжалиги фондига қарашли 2 гектар ер майдонини 100 минг долларга сотишини ҳамда 21 минг доллар эвазига кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришини айтади.
Лекин сўралган 121 минг долларни олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Бу каби қонубузилиш ҳолати Сурхондарё вилоятида ҳам қайд этилиб, “Тўпаланг-Қоратоғ” Ирригация тизимлари бошқармасининг Тўпаланг гидроузели бўлими ходими Сариосиё тумани ҳудудидан кесиб ўтувчи дарё ва канал муҳофаза ер майдони бўлган 32 сотих ерни 73,5 минг доллар эвазига шахсий мулк сифатида харидор номига расмийлаштириб беришини айтиб, 70 минг доллар ва 39 миллион сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ерни ноқонуний сотишга уриниш бўйича бошқа ҳолатлар
Фарғонада фуқаро 2,5 гектар ерни 650 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 100 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди. Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни 2,4 млн долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.
Сурхондарё вилоятида фуқаро қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 45 сотих ерни 60 минг долларга сотишга келишиб, 56,7 минг доллар ва 43 миллион сўм олган вақтида қўлга тушганди. Хоразм вилоятининг Урганч туманида фуқаро давлат захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 45 минг доллар ва 13 миллион сўм олган вақтида ушланганди.
Изоҳ (0)