Фарғона вилоятида қасддан танишини қайта-қайта босиб кетиб, ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, аввал ҳам 2 маротаба судланган қўқонлик фуқаро ўзганинг номида бўлган Onix’да маҳалладошининг дўкони ёнига келиб, сигнал чалган. Дўкон эгаси бир оз кечроқ чиққани сабабли тортишув содир бўлган.
Маҳалладоши дўконига кириб кетганидан сўнг ортидан келиб бўғган. Жанжалдан кейин айбланувчи дўкондан икки дона сувни олиб, машинада кетиб юборган. Бу борада дўкон эгаси акаларини чақирган. Эркак орадан ярим соатча ўтиб қайтган.
Шунингдек, жиноий ҳаракатларини давом эттириб, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатни тўхтатиб, машина ортида турган дўкончининг акасига қасддан тан жароҳати етказиш мақсадида катта тезликда ҳаракатланган. Фуқарони машинасида босиб кетган, машина остида жабрланувчи ётганини билса ҳам яна машинани олд томонга ҳаракатлантириб, ғилдираклар билан фуқарони эзиб ташлаган.
Жабрланувчи орадан ўн кун ўтиб шифохонада вафот этган. Судланувчи суд ҳукми билан 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
ЙТҲлар статистикаси
Ўзбекистонда 2025 йилнинг дастлабки уч ойида ЙТҲ содир этиши оқибатида 891 нафар шахс судланди.
2024 йил давомида Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан 3 321 нафар шахс судланган. Уларнинг 917 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 2 404 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
2025 йилнинг I-чораги мобайнида ушбу модда билан 891 нафар шахс судланиб, уларнинг 173 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, 718 нафар фуқарога озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Фарғонада бундан аввал Nexia ҳайдовчиси босиб кетган велосипеддаги 12 ёшли бола вафот этган эди.
Изоҳ (0)