Андижон вилояти Асака туманида Nexia-2 ҳайдовчиси ЙПХ ходимларидан қочиб, 2 та машина билан тўқнашди. Бу ҳақда ЙҲХБ хабар берди.

Унга кўра, ҳолат 26 май куни соат 14:00 ларда Андижон тумани Янги Асака йўли ҳудудида содир бўлган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан Nexia-2 га ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхташ ишораси берилган.
Ҳайдовчи — 2005 йилда туғилган А.М. инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан Асака тумани ҳудуди томон кетиб юборган. Шунингдек, “Кўркам” МФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган бир нечта ЖТСБ ҳамда ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатланиб кетаётган вақтида, ички кўчадан асосий йўлга кескин чиқиб юбориши оқибатида ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Labo ва Captiva билан тўқнашган.
Шундан сўнг воқеа жойидан қочиб кетган. Ходимлар ушбу транспорт воситасини кузатиб бориб, Асака тумани “Ҳумо” МФЙ ҳудудида тўсиб ушлаган. Ушбу транспорт воситаси ҳамда ҳайдовчининг ёни икки нафар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу транспорт воситасининг салонида ўткир тиғли жисм (пичоқ) борлиги ҳамда ҳайдовчи тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқаргани аниқланган.
Содир этилган йўл-транспорт ҳодисасида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ, транспорт воситалари техник шикастланган. Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси тартибида туман ИИБнинг вақтинчалик ушлаб туриш ҳибсхонасига жойлаштирилиб, ҳозирда дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Бухоро вилоятининг Жондор туманида ҳайдовчи Cobaltʼни қасддан ЙПХ ходими устига ҳайдагани ҳақида хабар берилган эди. 19 январь куни Навоийда 16 ёшли бола отасининг машинасида ЙПХ ходимини уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлганди.
Сурхондарёда ЙПХ ходими қочишга уринган ҳайдовчига электрошокер қўллаган эди. Сурхондарёда вояга етмаган бола ЙПХ ходимини судраб, Cobalt олиб қочган эди.
Изоҳ (0)