Фавқулодда вазиятлар вазирининг матбуот котиби Мурод Содиқов Ўзбекистонда зарарли чигирткалар билан курашиш мавсуми бошланганини маълум қилди.
Фавқулодда вазиятлар ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан ўзаро ҳамкорликда 2021 йилда ҳашоратлар таҳдид қилиши мумкин бўлган тахминий экин майдонлари ҳисоблаб чиқилган. Бу деярли 600 минг гектар қир-адир ерлардир.
«Айни кунларда чигиртка тарқалиши мумкин бўлган ерларда кимёвий ишлов бериш тадбирлари олиб борилмоқда. Буларда Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини мисол тариқасида келтириш мумкин», — дейди Содиқов.
Таъкидланишича, бу каби тадбирлар тез кунларда Бухоро, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ҳам бошланади. Фарғона водийси вилоятларида эса профилактик тадбирлар май ойининг бошида ўтказилиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича, ушбу профилактик жараёнларга ўнлаб дельтапланлар ва юзлаб қишлоқ хўжалиги техникалари жалб этилмоқда.
Аввалроқ Сомалида чўл чигирткаларининг ҳужуми сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилингани, 2020 йил декабрь ойида Япониянинг Ўрта Осиё мамлакатлари ва Афғонистонга чигирткадан ҳимояланиш мақсадида 7,5 миллион доллар ажратиши хабар қилинганди.
Изоҳ (0)