Маданият вазири Озодбек Назарбеков яна реклама ролигида суратга тушиб, ёшларга Kokand University хусусий ОТМга ўқишга киришни тавсия қилди. Вазирнинг матбуот котиби Сирожиддин Ўсаров бу видео реклама эмас, балки ижтимоий фойдали маълумот эканини билдирди.

“Мазкур видеороликни суратга олиш жараёнида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиздаги ёшлар учун яратилаётган шароитлар, таълим жараёни ва яратилган имкониятлари юзасидан маданият вазири Озодбек Назарбеков билдирган фикр ва мулоҳазаларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг ъРеклама тўғрисидаъги қонуни татбиқ этилмайди деган хулосага келинган ва видеоролик нодавлат олий таълим муассасасининг ижтимоий тармоқларига жойлаштирилган”, дейилади муносабатда.
Сирожиддин Ўсаровнинг билдиришича, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида рекламанинг айланиши соҳасида ишлар ҳамда хизматларни бажариш билан боғлиқ фаолият рекламага оид фаолият экани кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 108-моддасига асосан юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлар оддий ёзма шаклда тузилиши белгилаб қўйилган. Маданият вазирлиги ёки вазир Озодбек Назарбеков ҳамда Kokand University масъулияти чекланган жамияти рекламанинг айланиши соҳасида ишлар ва хизматларни бажариш билан боғлиқ шартномалар расмийлаштирилмаган.
“Маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар илм-фанга узвий равишда уйғунлаштирилган ва мақсади даромад олишга қаратилмаган ижтимоий фойдали ахборот эканини маълум қиламиз”, дейди Сирожиддин Ўсаров.
Бу Озодбек Назарбековнинг рекламада илк бор пайдо бўлиши эмас. 2024 йилда вазир эркаклар кийимлари дўкони рекламасида кўриниш берганди. Ўшанда бу ҳолат баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва вазир матбуот хизмати у моддий манфаат кўзламаганини айтганди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси текширув ўтказиб, “Реклама тўғрисидаги” қонуннинг 16-моддасини бузган деб топиб, дўконни жаримага тортганди.
Изоҳ (0)