Ижтимоий тармоқларда Наманганда “Халқ банки”нинг ўз ходими банкдан катта миқдордаги пулларни ўғирлагани ҳақида хабар тарқалган. Банк матбуот хизмати масала юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ўғрилик ҳолати жорий йил апрелда содир этилган. Наманган вилояти Минтақавий маркази ёлланма ходими томонидан банкнинг дастурий таъминотига ноқонуний кирган ҳолда 9,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилган. Ҳолат банкнинг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан аниқланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган.
“Ҳозирда ушбу ишга алоқадор бўлган шахсларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади манбада.
Ўз навбатида “Халқ банки” коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик ва унга қарши курашиш бўйича қатор амалий ишлар бажарилаётганини эслатган.
Аввалроқ “Халқ банки” ходими 750 миллион сўм пенсия пулларини қиморга тикиб, ютқазиб қўйгани хабар қилинганди. Шу билан бирга, мазкур банк тендерларида ака-укалар беллашгани ҳам маълум бўлган.
Изоҳ (0)