Тошкентда металлни қайта ишлаш заводида қарийб 27 млрд сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланилди
Тошкент шаҳрида металлни қайта ишлаш заводи 26,9 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани фош этилди. Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Яшнобод туманида жойлашган “К.Й.А.” МЧЖга қарашли металлни қайта ишлаш заводининг электр ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатилиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Ушбу қоидабузарлик натижасида давлат манфаатларига 26 млрд 945 млн сўмлик зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ортиб бормоқда
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Ушбу ҳолатларнинг аксариятида миқдор млрд сўмдан ортиқ. Хусусан, Сирдарёда 683 млн сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахс ушланган эди.
Шунингдек, Сирдарёдаги маиший хизмат кўрсатиш шохобчасида 325 млн сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланилгани аниқланганди. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкентда жами 2 млрд сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланилгани ҳақида хабар берилган эди.
Бундан ташқари, Ангрендаги метан заправкада 1,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.
Изоҳ (0)