Россия Мудофаа вазирлиги НАТОга қарши эҳтимолий ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўришни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Андрей Белоусов хабар берди.
Белоусовга кўра, вазирлик келгуси фаолиятида “ўрта муддатли истиқболда вазиятнинг ҳар қандай ривожланишига тўлиқ тайёрлигини таъминлаш”ни инобатга олади. У “яқин ўн йилликда Европада НАТО билан ҳарбий можаро юзага келиши мумкин”лигини истисно этмади.
Бунга 2024 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган Шимолий Атлантика альянсининг саммитида қабул қилинган қарорлар далолат беради. Шунингдек, бу АҚШ ва НАТОнинг бошқа мамлакатлари доктриналарида ўз аксини топган, деди у.
Бундан ташқари, Белоусов Россия армияси “инновацияларга янада мослашувчан ва сезгир бўлиши керак”лигини айтди. У тактик, оператив ва стратегик жиҳатдан уруш моҳиятини тубдан ўзгартирадиган технологияларни назарда тутди.
Белоусов бунда “сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш, робототехника, юқори тезликда ҳимояланган маълумот узатиш, машиналараро ўзаро алоқа, квант ҳисоблашлар ва коммуникациялар”ни тилга олди.
Россия НАТОга ҳужум қиладими?
Москва бир неча бор НАТОга таҳдид солиши эҳтимолини инкор этган. Бу ҳақда, хусусан, июнь ойида Россия президенти Владимир Путин ҳам гапирганди.
Россия НАТОга ҳужум қилмоқчи, деган уйдирмаларни ўйлаб топишди. Сизлар бутунлай ақлдан озганмисизлар? деганди Путин. У буни “оддий фуқароларни қўрқитиш учун тўқилган гаплар” деб атаган.
Ғарб сиёсатчилари Украинадаги уруш фонида НАТО ва Россия ўртасидаги зиддият хавфи ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Масалан, июнь ойида Германия мудофаа вазири Борис Писториус армия 2029 йилгача урушга тайёр бўлиши кераклигини айтди.
НАТО ва Россия ўртасидаги ҳарбий можарони Польша президенти Анджей Дуда ҳам истисно этмади. Сиёсатчи агар Ғарб Украинанинг урушда мағлуб бўлишига йўл қўйса, унда “Россия ва Ғарб ўртасидаги потенциал уруш жуда яқин” бўлишини айтди.
Хавотирлар, шунингдек, Украинанинг НАТОга интилиши билан боғлиқ. Россия бунга қарши бўлиб, Украинанинг альянсга аъзоликдан воз кечишини можарони ҳал этиш шартларидан бири деб атайди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, Киевнинг блокга таклиф қилиниши дипломатик келишувга “чек қўяди”, “иттифоқнинг Россияга қарши жанговар ҳаракатларга бевосита жалб қилинишини муқаррар қилиб қўяди ва назоратсиз эскалацияга олиб келади”.
НАТО раҳбарияти Россия аллақачон Ғарб билан янги дунё тартиби учун “гибрид уруш” олиб бораётганини маълум қилган. Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, ўз навбатида, НАТО мамлакатлари Россия билан гибрид урушда эмас, балки тўлиқ урушда бевосита иштирок этаётганини айтган.
Изоҳ (0)