Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Давлат Думаси спикери Вячеслав Володинга армияда соқол қўйишни тақиқловчи тарафдорларни фронтга жўнатиш илтимоси билан мурожаат қилди. Тегишли баёнот унинг Telegram каналида эълон қилинди.
Қодировнинг баёнотига Россия Давлат думаси Мудофаа қўмитаси аъзоси, генерал-лейтенант Виктор Соболевнинг армияда соқол ва шахсий планшетлар тақиқлангани ҳақида гапиргани сабаб бўлган. У армияда барчаси тартибда бўлиши кераклиги, бу ҳарбий интизомнинг элементар талаби эканини айтган. Чеченистон раҳбари мазкур баёнотга ўз муносабатини билдирган.
«Соболев ким соқол қўйишини ва нима учун олдинги сафларда туришини жуда яхши билади. Ҳар қандай сабабга кўра жангчиларни танлашни тўхтатинг. Низомга мувофиқлигини текширишни хоҳлайсизми? Бемалол. Ҳурматли Вячеслав Викторович (Давлат думаси спикери), соқолсиз қўриқчиларни фронтнинг олдинги чизиғига юборинг», — дейди у.
Қодиров «соқоллилар» ўзларига юклатилган вазифаларни муваффақиятли бажаргани, шунингдек, Мариупол, Северодонецк, Лисичанск ва бошқа шаҳарлар учун жангларда қатнашганини айтди. У Соболев низомни қайта ўқиб чиқиши учун «кўп бўш вақти» борлигини қўшимча қилди.
Украинада «махсус ҳарбий операция» бошланганидан бери Чеченистондан 21 мингдан ортиқ жангчи жанговар ҳаракатларда қатнашди.
«Ҳозирги пайтда 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларимиз фронтда. Уларнинг ҳар бири барча зарур кийим-кечак ва қурол-яроғлар билан таъминланган, бу эса самарали жанг қилиш имконини беради», — деган Қодиров.
Шунингдек, у агар Европа ва НАТО мамлакатларини халқаро ҳамжамият ва Украинадаги низо иштирокчилари деб ҳисобласак, бўлаётган воқеаларни учинчи жаҳон уруши деб аташ мумкинлигини таъкидлаган. Қодиров Чеченистондан 300 нафар ОМОН жангчилари уруш зонасига жўнаб кетганини маълум қилган.
Изоҳ (0)