“Дарё”да Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида фаолият юритувчи фермер ва МИБнинг туман бўлими ўртасидаги иқтисодий низо Олий судда кўрилаётгани, судлов ҳайъати аъзоларининг айрим хатти-ҳаракатлари фермер ва унинг адвокатида ишнинг холис кўрилишига шубҳа уйғотгани ҳақида ҳикоя қилинганди. Судьялар олий кенгаши мазкур ҳолат тилга олинган мақолага муносабат билдирди.
Шу мазмундаги хабарларда судлов ҳайъати аъзолари ва иш бўйича тараф ҳисобланган прокуратура ходими ўртасида (суд мажлиси бошланишидан аввал) алоҳида, гўёки сирли суҳбат бўлиб ўтганига урғу берилади. Айтиш керакки, бўлиб ўтган суд мажлислари ҳамда қабул қилинган суд қарори судлов ҳайъатига нисбатан шубҳа ва эътирозлар асоссиз эканини тасдиқлайди. Чунки якунда масала ҳолатдан жиддий норози бўлган фермер фойдасига ҳал бўлган. Бу ҳақда айрим ижтимоий тармоқларда ҳам бир эмас, бир қанча ахборотлар тарқатилди, дейилади масъуллар изоҳида.
Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати Судьялар одоби кодексига кўра, судья ҳар қандай вазиятда суднинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шартлигини эслатган.
Суд мажлисига тайёргарлик жараёнидаги судлов ҳайъати аъзоларининг хатти-ҳаракатларида мазкур қоида формал бузилганидан келиб чиқиб, тегишли малака ҳайъатига шу ва шу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида қўшимча чоралар кўриш тавсия қилинди, дейилади бу ҳақдаги муносабатда.
Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов ОАВ вакиллари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида суд мажлисига қадар прокурор билан яширин суҳбат қурган судьялар ҳақида гапириб, бу уларнинг камчилиги эканини тан олганди.
Бу судьяларимизнинг камчилиги. Бу ҳақда ҳар сафар айтилади, муносабат билдирилади. Энди айрим ҳолатларда шу нарса бўлиб қоляпти, деганди Икром Муслимов.
Изоҳ (0)