АҚШ бункерларга қарши янги ядро қуролини ишлаб чиқишни бошлади
АҚШ Энергетика вазирлиги ядро каллагига эга янги кучли бункерга қарши бомбани ишлаб чиқиш учун келгуси молия йили бюджетига миллионлаб доллар киритишни сўрамоқда. Бу ҳақда The War Zone (ТWZ) портали хабар берди.
Гап самолёт орқали етказиладиган Нуcлеар Детеррент Nuclear Deterrent System-Air-delivered (NDS-A) номли авиацион ядровий ўқ-дори лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Бундай бомбалар қўмондонлик пунктлари, омборлар, шахта мажмуалари ва қалин тупроқ ёки бетон қатлами билан ҳимояланган бошқа объектларга зарба бериш учун мўлжалланган.
“NDS-A президентга зарба бериш қийин бўлган ва еростида чуқур жойлашган нишонларни йўқ қилиш учун қўшимча ядровий имкониятлар яратади. Бу эса душманлар ўзларининг қимматли активларини Америка ядровий кучлари қўли етмайдиган жойга яшира олмаслигини кафолатлайди”, деди АҚШ Миллий ядровий хавфсизлик бошқармаси (NNSA) вакили.
Ядро қуроли соҳасидаги истиқболли ишланмалар дастури учун бюджет сўровида 99,8 миллион доллар кўзда тутилган. Нашрга кўра, NDS-A аввалги B61-7 асосида яратилган ва портлашдан олдин ерга кириб боришга имкон берувчи мустаҳкамланган корпусга эга B61-11 нинг ўрнини босиши мумкин.
B61 — АҚШ стратегик кучларининг асосий ядровий қуроли ҳисобланган термоядровий авиабомбадир. У 1960 йилларда ишлаб чиқилган ўқ-дори асосида яратилган.
Янги бомбанинг тузилиши ҳозирча ошкор қилинмаган. Унинг эркин тушувчи ўқ-дори ёки узоқроқ масофадан қўллаш имконини берувчи двигательли қурол бўлиш бўлмаслиги ҳозирча номаълум.
АҚШ 2025-йилнинг август ойида Невада штатидаги Тонопа полигонида B61-11 нинг модернизация қилинган варианти бўлган B61-12 термоядровий авиабомбасини синовдан ўтказганди. Энергетика вазирлиги синовни қуролнинг самарадорлигини баҳолашдаги “муҳим босқич” деб атаганди.