Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида фаолият юритувчи фермер-тадбиркор Ашурали Болтаев МИБнинг Нишон тумани бўлимидан 355 миллион сўм миқдорида компенсация ундирадиган бўлди. Бу ҳақда Олий суд судьяси Рустамов бошчилигидаги судлов ҳайъатининг янги қарори эълон қилинди.
Ўзбекистон фермер-деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Нишон туман кенгашининг тафтиш тартибидаги шикояти қисман қаноатлантирилсин. Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосарининг ишни тафтиш тартибида кўриб чиқиш ҳақидаги протести қисман қаноатлантирилсин.
Қашқадарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 18 апрелдаги ҳамда Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 1 августдаги қарори бекор қилинсин.
Қарши туманлараро судининг 2024 йил 5 февралдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилсин. Ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатлари жавобгарга юклатилсин. Апелляция ҳамда тафтиш инстанция суди қарорлари бўйича ундирувлар бекор қилинсин, деди судья Рустамов судлов ҳайъати қарорини ўқиб эшиттирар экан.
Судья Рустамовнинг эслатишича, мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Мазкур қарордан норози тараф Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига ишни раёсатда кўриш ҳақида протест келтириш бўйича ариза беришлари мумкин, деди раислик этувчи судья.
Судья янги қарорига изоҳ берар экан, фермер ва МИБ ўртасидаги муаммони кўриб чиққан апелляция инстанцияси биринчи инстанция қарорини бекор қилишда талаблар ва далилларга етарли даражада баҳо бермаганини таъкидлади.
- Эслатиб ўтамиз, Нишон туманида фаолият юритувчи фермер МИБнинг Нишон туман бўлими ҳайдов тракторини ноқонуний 49 кун ушлаб тургани учун бюродан 355 миллион сўм зарарини қоплатишга уриниб, судга берганди.
- Дастлабки инстанция судларидан Қарши туманлараро иқтисодий суди 2024 йил 5 февралдаги ҳал қилув қарори билан фермер даъвосини қисман қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 355 миллион 242 минг сўм бой берилган фойдани ундиришни белгилаганди.
- Кейинчалик юқори турувчи инстанциялар мазкур қарорни бекор қилиб, фермернинг даъво талабини рад этди.
- Шу сабаб фермер Олий судга мурожаат қилганди.
Изоҳ (0)