Сурияда Башар Асад режими қулаши фонида Россия ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кета бошлади.
“Россиянинг юк ташувчи самолётларидан бири Латакиядаги Хмеймим авиабазасидан Ливияга кўтарилди”, деб ёзади Reuters Сурия хавфсизлик хизмати ходимига таяниб.
Унинг сўзларига кўра, яқин орада Хмеймим авиабазасидан яна бир қанча рус самолётлари чиқиб кетади.
Бир кун аввал оқшом “Важниэ истории” интернет нашри Maxar Technologies ва Planet Labs рус ҳарбий базаларининг сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилиб, шунга ўхшаш хулосаларни тақдим этганди. Ушбу фотосуратлардан бирига кўра, Хмеймим авиабазасига иккита Ан-124 юк самолёти, учта Ил-76 транспорт самолёти, шунингдек, кичикроқ юк самолётлари - учта Ан-32 ва битта Ан-72 етиб келган.
Нашрнинг ёзишича, суратларда россиялик ҳарбийлар Ка-52 ҳужум вертолётини демонтаж қилаётгани ва уни юклашга тайёрлаётгани ҳам акс этган.
Кузатувчилар фотосуратда С-400 зенит-ракета мажмуасининг қисмларини ҳам аниқлаган. Шу билан бирга, россиялик “ҳарбий блогер” Кирилл Федоров Telegramъда Латакия соҳилида Россия Миллий гвардияси ҳарбий техникаси колоннаси акс этгани тахмин қилинган видеони жойлаштирган. “Важниэ истории”нинг аниқлик киритишича, бу ва бошқа ҳарбий колонналар Хмеймим авиабазаси томон ҳаракатланмоқда.
Журналистларнинг аниқлик киритишича, Maxar Technologies ҳам Сурия қирғоқларидан Ўрта ер денгизида сузиб юрган Россия кемаларининг суратларини чоп этган. 8 декабрь куни Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГУР) Россия Суриядаги Тартус портидан ҳарбий кемаларини олиб чиқиб кетаётганини маълум қилган эди. Шу билан бирга, OSINT кузатувчилари ҳам худди шундай кузатувлар билан бўлишган.
Аввалроқ Bloomberg нашри Россия Суриянинг янги ҳукумати билан мамлакатдаги иккита ҳарбий базасини сақлаб қолиш бўйича келишувга яқин тургани ҳақида хабар берган эди.
Нашрнинг россиялик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” исломий гуруҳи билан Россия кучлари Суриядаги базаларда қолиши мумкинлиги ҳақида “норасмий тушунчага эга” деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, манба Суриядаги беқарор вазиятни ҳисобга олган ҳолда вазият ҳали ҳам ўзгариши мумкинлигини таъкидлаган.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов россиялик журналистларга Москва “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” сиёсий қўмитаси билан бевосита алоқалар ўрнатганини маълум қилди. Унга кўра, Россия элчихонаси дипломатлари гуруҳ вакиллари билан учрашиб, Суриядаги дипломатик миссия ва Россия фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилган.
Изоҳ (0)