Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия шимоли ва Ироқдаги ҳарбий амалиётлар учун ҳеч кимга ҳисобот беришга мажбур эмаслигини айтди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, ҳеч ким бўш таҳдидлар билан Туркияни сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий соҳаларда унинг манфаатларига зид позицияларни эгаллашга мажбурлай олмайди.
«Ватанимиз ва халқимиз хавфсизлигини таъминлаш учун чора кўрар эканмиз, ҳеч кимдан рухсат сўрамаймиз ва ҳеч кимга жавоб бермаймиз. Рўйхатга олинган террор ташкилотини қўллаб-қувватлаётганларнинг иккиюзламачилигига тоқат қилмаслигимиз керак», — дейди у.
Шунингдек, президент Туркиянинг хавфсизлик ва тинчлик доирасини кенгайтиришга қаратилган ҳарбий амалиётлари ҳеч кимни ташвишга солмаслиги кераклигини қайд этди.
Туркия Мудофаа вазирлиги аввалроқ Сурия ва Ироқ шимолидаги курд тузилмаларига қарши «Тирноқ-қилич» ҳаво операцияси бошлангани ҳақида хабар берганди. Вазирлик маълумотларига кўра, террорчилар Туркияга ҳужум қилиш учун ушбу давлатларнинг шимолий ҳудудларидан база сифатида фойдаланмоқда. Дастлабки курдларга қарши операцияда Сурия ва Ироқдаги 89 та объект нишонга олинган. Эрдўғон АҚШни курд жангариларига қурол-яроғ етказиб беришда айблаган. Россия Туркияни Сурия ва Ироққа зарба беришдан тийилишга чақирган. Эрдўғон эса Ироқ ва Сурия шимолидаги операцияни «фақат бошланиши» деб атаган. Ҳолат юзасидан Суриядаги курдлар Россиядан ҳудудларини ҳимоя қилишда ёрдам сўраган.
Изоҳ (0)