Украина уч йилдан ортиқ давом этган урушдан кейин тиклаш харажатларини 14 йил давомида 850 миллиард еврога баҳолади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Денис Шмигал хабар берди.

Бош вазир бундай баҳони Римда бўлиб ўтаётган Украинани тиклаш бўйича конференцияда маълум қилган. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг шахсан ўзи Римга келган.
Бизнинг концепциямиз умумий ҳажми бир триллион АҚШ доллари бўлган иккита жамғарма ташкил этишни назарда тутади, деган Шмигал.
Биринчи жамғарма Киев назоратида бўлган “Украина жамғармаси” бўлади. У хорижда мусодара қилинган 460 миллиард евродан ортиқ Россия активлари, шунингдек, Россия хом ашёси экспортига қўйиладиган махсус солиқ ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган.
Қарийб 400 миллиард евролик иккинчи жамғарма хусусий инвестициялар ҳисобидан шакллантирилади. Шмигал, шунингдек, иттифоқчиларни 2026 ва 2027 йилларда Украина бюджети тақчиллигини қоплаш учун қўшимча молиявий маблағ ажратишга чақирган.
Ҳарбий харажатлар ҳозир 100-120 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Тинчлик шароитида ва қурол ишлаб чиқаришни ҳисобга олмаганда, Украина қўшинларини сақлаш йилига 50 миллиард еврога тушади. Бу сумманинг ярмини Евроиттифоқ таъминлайди, деб ҳисоблаймиз, деган бош вазир.
Изоҳ (0)