Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисидаги низом савдоларда сотилмаган муниципал кўчмас мулк объектларини тасарруф этиш тартибини белгилайдиган янги бўлим билан тўлдирилди.

Унга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тегишли бўлган (Нукус, вилоят ва туман марказлари, шунингдек Тошкент туманлари объектларидан ташқари) ҳудуди 10 минг квадрат метрдан ошмаган, баҳоланган қиймати БҲМнинг 5 минг баравари миқдоридан ошмаган муниципал кўчмас мулк объектлари 6 ой давомида сотилмаганда тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри ижарага берилади.
Бунда ижара муддати 10 йилни, ижара тўлови ставкаси эса энг кам миқдорни ташкил этади. Ўз навбатида тадбиркорлик субъекти 2 йил давомида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида янги лойиҳаларни ишга тушириши ва янги иш ўринларини яратиши керак.
Ҳужжат 1 июлдан кучга кирди.
Президентнинг 2024 йил 20 декабридаги фармонида 2025 йил 1 мартдан ҳудуди 10 минг метр квадратдан, баҳоланган қиймати 5 минг БҲМдан ошмаган ҳамда 6 ой давомида сотилмаган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектларини 2 йил ичида янги лойиҳани ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан тадбиркорларга тўғридан-тўғри 10 йил муддатга ижарага бериш белгиланганди.
Фармонда давлат мулки учун 4 йил давомида узлуксиз ижара тўловларини амалга оширган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорга хусусийлаштириш ёки баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиш мумкинлиги қайд этилганди. Ижарага олувчи шахс ушбу мулкни тўғридан-тўғри сотиб олиш юзасидан сотувчига ижара шартномасини илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Изоҳ (0)