“Юксалиш” ҳаракати томонидан 2025 йилнинг апрель—май ойларида 2024—2025 йилларга мўлжалланган давлат дастурларида автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди.

Масъул идоралар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан 1 апрелга қадар республика бўйлаб 12 655 дона янги йўл белгиси ўрнатилган ва эскилари янгисига алмаштирилган. Йўл ҳаракатини тартибга солиш мақсадида 83 дона йўл кўрсаткичлари ўрнатилган, 56 та янги светофор объектлари қурилган ва мавжудлари реконструкция қилинган. Йўлларда 13 дона электрон ахборот таблолари ўрнатилган.
Ўрганишлар давомида соҳада яратилаётган шароитлар билан бир қаторда, автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижросида қатор муаммолар борлиги аниқланди. Ўрганилган объектларнинг 14 тасида автомобиль йўлларининг техник ҳолати қониқарсиз экани, таъмирлаш ишлари сифатсиз ва белгиланган йўл қурилиш стандартларига зид равишда амалга оширилгани аниқланган.

Мониторинг давомида 8 та ҳолатда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўл чизиқларини чизиш, йўл белгилари ва кўрсаткичларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари сифатсиз ҳамда белгиланган стандартларга зид равишда бажарилгани сабабли ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солиши маълум бўлган. Хусусан, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ ва Паркент туманларида ўрнатилган айрим йўл белгилари шаҳарсозлик нормаларига зид равишда катта дарахт, светофор ёки бошқа объектлар ортига/орасига жойлаштирилган.
17 та ҳолатда аҳоли пунктларида, айниқса, мактаблар, бозорлар атрофи ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур бўлган йўлаклар — тротуарлар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган ва янги йўлаклар сифатсиз қурилгани кўринган. Хусусан, Марғилон шаҳридаги “Узумзор” МФЙ, Туркистон кўчаси ҳудудидаги пиёдалар учун мўлжалланган кўприк ҳозирги кунда таъмирталаб аҳволдалиги, объектнинг асфалт қопламаси кўчиб, темир устунлар чириш даражасига етиб келгани маълум бўлган. Хоразм вилоятида шу кунгача қурилиши режалаштирилган 42 километр тротуардан фақатгина 1 километр қисми қурилган, холос.

Ўрганишлар давомида 6 та ҳолатда мактаблар олдида тезликни 30 км/соатгача чеклаш каби огоҳлантирувчи белгилар, пиёдалар ўтиш жойини билдирувчи “зебра” чизиқлари, тезликни пасайтирувчи сунъий нотекисликлар мавжуд эмаслиги аниқланган. Жумладан, Музработ туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаб жойлашган автомобиль йўлида мактабга яқинлашаётган қисмда тезликни пасайтириш йўл белгилари ўрнатилмаган, йўл чизиқлари ва пиёдалар йўлаги чизиқлари кўринмайдиган ҳолатга келиб қолган.
Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани, Наврўз кўчасида жойлашган мактабгача таълим муассасаси яқинида янги асфалт қопламаси ётқизилган, аммо “люк”лар усти қопқоқларсиз очиқ қолдириб кетилган. Бу болалар хавфсизлиги учун катта хавф туғдирмоқда.
Мониторинг давомида ногиронлиги бўлган шахсларга йўл инфратузилмасидаги мавжуд ноқулайликларга ҳам эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, мазкур ўрганишларга соҳа экспертлари жалб қилиниб, улар билан мавжуд муаммолар юзасидан муҳокама ўтказилди.
Экспертлар томонидан қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:
- амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари ва тегишли норматив ҳужжатларда кўплаб хатолар, мантиқий зиддиятлар, тушуниш қийин бўлган ва мужмал ифодалар мавжуд. Бу эса қоидаларнинг нотўғри талқин қилинишига ва ҳуқуқни қўллашда муаммоларга олиб келмоқда;
- мамлакатда катта миқдорда йўл белгилари етишмайди, айни пайтда кўплаб жойларда белгилар ортиқча, мантиқсиз, бир-бирини такрорлайдиган ёки керакcиз ўрнатилган (“Тўхташ тақиқланган” белгиси каби). Йўл чизиқлари кўпинча эскирган, стандартларга мос келмайди ёки ҳайдовчиларни беихтиёр қоидабузарликка ундайди;
- йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги (йўл белгилари, чизиқлар, светофорлар, йўл қопламасига оид) аксарият техник стандартлар 1986 йилда қабул қилинган ва бугунги кун талабларига, замонавий транспорт оқими ва халқаро амалиётга мос келмайди;
- айрим йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун белгиланган жарималар миқдори уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига ва фуқароларнинг иқтисодий аҳволига номутаносиб равишда юқори. Жарималардан тушадиган маблағларнинг сарфланиши етарлича шаффоф эмас;
- мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш сифати паст, ўқитувчиларнинг малакаси етарли эмас. ЙПХ ходимларининг айримлари ЙҲҚ ва тегишли қонунчиликни етарлича билмайди;
- кўплаб йўллар, автобус бекатлари ва пиёдалар ўтиш жойлари ногиронлиги бўлган шахслар, болалар аравачалари билан ҳаракатланувчилар учун мослаштирилмаган. Айрим йўл участкаларининг кимнинг балансида эканлиги ноаниқ, бу эса уларни таъмирлаш ва сақлашда муаммолар туғдирмоқда;
- йўл қурилиши ва реконструкцияси лойиҳаларида хавфсизлик масалаларига етарлича эътибор берилмайди. Йўл чизиқларини чизиш ва белгиларни ўрнатишга масъул ташкилотнинг ИИВ таркибида бўлиши манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.

“Юксалиш” ҳаракати йўл инфратузилмасидаги муаммолар фақат рақамлар билан эмас, инсон ҳаёти ва хавфсизлиги билан боғлиқ эканини таъкидлаган.
Изоҳ (0)