Қорақалпоғистонда тадбиркорлар имтиёзли кредитлар билан қўллаб-қувватланади. Бу ҳақда “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистондаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида банкларга 100 миллион доллар ажратилади.
Бунда:
- лойиҳалар банклар таъсисчилигидаги инвестиция компаниялари томонидан амалга оширилиб, кейинчалик улар “тайёр лойиҳа” сифатида тадбиркорларга сотилади.
- банклар томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит маблағлари 5 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда ажратилади.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан, истисно тариқасида, инвестиция кредит миқдорининг 75 фоизигача бироқ, 5 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда, кафиллик шартномасини бир томонлама бекор қилмаслик шарти билан кафиллик тақдим этилади.
Кичик ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида инвестиция мажбуриятларини бажарган тадбиркорларга ер участкалари, бино ва иншоотлар хусусийлаштириб берилади. Оммавий савдоларда турган давлат мулки объектлари 3 ой муддатда сотилмаган тақдирда уларни электрон танлов асосида энг яхши таклиф билдирган талабгорга инвестиция киритиш мажбурияти билан берилади.
2023—2024 йилларда Нукус шаҳрида 1 миллион доллар, ҳудуднинг қолган туманларида 300 минг доллар миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти билан лойиҳа ташаббускорларига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши қарори асосида ер участкаларини тўғридан тўғри узоқ муддатли ижара ҳуқуқи билан бериш тизими жорий қилинади.
2024 йилдан бошлаб тижорат банкларига ҳудуд учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида камида 2 триллион сўм кредит маблағлари ажратилади.
Ёшларнинг хорижий давлатларда таълим олишлари учун 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда кредит маблағлари ажратилади.
Изоҳ (0)