Озарбайжон Россия билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида мамлакатдаги рус тилидаги мактабларни ёпишни бошлайди. Бу ҳақда Оху.аз портали хабар берди. “РБК” нашри эса Бокудаги мактаблардан биридаги суҳбатдошга таяниб, бу маълумотни тасдиқлаган.

Ота-оналарга кўра, мактабларнинг WhatsApp гуруҳларида рус тилида таълим берувчи муассасаларни босқичма-босқич ёпиш бўйича расмий билдиришномалар юборилган.
Келгуси уч йил ичида рус тилидаги мактаблар Озарбайжон тилида ўқитишга ўтади, ўқитувчилар учун қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади, дея хабар бермоқда Оху.аз.
Мектебгушеси нашрининг таъкидлашича, Озарбайжонда 340 та рус тилидаги мактаб мавжуд бўлиб, уларнинг 16 тасида таълим фақат рус тилида, қолганларида эса икки тилда олиб борилади. Бу мактабларда 150-160 минг ўқувчи таҳсил олаётгани айтилмоқда. Мактабларнинг аксарияти Бокуда жойлашган, айрим ҳудудларида бундай мактаблар умуман мавжуд эмас.
“РБК” нашри маълумотни ўрганиш учун “Россотрудничество,” Озарбайжон Таълим вазирлиги ва ҳукумати, шунингдек, Боку таълим бошқармасига сўров юборган. Бироқ бу борада ҳали маълумот олмаган.
Россия ва Озарбайжон ўртасидаги кескинлик июнь ойи охирида Екатеринбургда Озарбайжон диаспораси вакилларининг 2001, 2010 ва 2011 йиллардаги қотилликлар ва суиқасдларда айбланиб, ҳибсга олинганидан сўнг юзага келди. Олти нафар шахс қамоққа олинган.
Яна икки нафар гумонланувчи тергов ҳаракатлари давомида вафот этган. Россия Тергов қўмитаси улардан бири “юрак етишмовчилигидан” вафот этганини, иккинчисининг ўлим сабаби аниқланаётганини даъво қилди. Бироқ Озарбайжон томони суд-тиббий экспертизадан сўнг уларнинг танасида жароҳатлар борлигини аниқлади. Озарбайжон ҳукумати фуқаролари шафқатсизларча калтаклангани, этник асосда уларга зўравонлик қилинганини таъкидлади. Ҳолае юзасидан Озарбайжон қасддан одам ўлдириш, қийноққа солиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган.
Изоҳ (0)