Гарчи ўзбек ва юнон тиллари бир-биридан анча узоқ бўлса-да, уларни боғлаб турадиган ришталар бор. Кўпчиликка маълум: фан ва техникага оид жуда кўп сўзлар юнончадан олинган. Бироқ турмушимизда ишлатиладиган, биз ғирт ўзбекча деб биладиган баъзи сўзларнинг илдизи ҳам қадим Эллада заминига бориб тақалади. “Дарё” колумнисти Ориф Толиб бугун ана шундай сўзларнинг баъзиларини шарҳлайди.
Афинадан келган афанди
Афанди сўзи асли юнонча деса, одамнинг ишонгиси келмайди. Арабча бўлиши мумкин, форсча бўлиши мумкин, лекин юнонча эмас, деган ўй ўтади хаёлдан. Бироқ тасаввурларимиз баъзан бизни алдайди.
Бугун афанди деганда кўпроқ кулгили воқеалар қаҳрамони Насриддин афандини ёки латифани тушунамиз. Лекин бу сўз ўзбекчада жаноб, ҳурматли, ўқитувчи каби маъноларни ҳам англатган. Бугун эса уни бу маъноларда қўллаш эскириб улгурди.
Янги юнон тилида афéнтис – ҳоким, бошлиқ, ўрта юнончада авфéндис – ҳурматли киши, устоз, эски юнон тилида эса ауфéнтēс – судда ўзини ўзи ҳимоя қила олувчи киши маъноларини англатган. У туркчага афанди шаклида ўзлашган. Афанди Усмонли султонлигида мартаба белгиси ва ҳарбий унвонни билдирган. Бу унвон европача лейтенантга тўғри келган. ХIX асрдан бошлаб афанди сўзи султон оиласи аъзолари, уламолар, амалдорларга нисбатан ҳурмат маъносида қўллана бошлаган. Усмонли султонлигида барча саводхон кишилар афанди саналган.
Замонавий турк тилида бу сўз ўзбекчадаги муҳтарам, инглизчадаги сер, славян тилларидаги пан каби эҳтиромли мурожаат учун ишлатилади.
Хўжа Насриддин образи ва афанди унвонининг боғланишига келсак. Бу қаҳрамон Ўрта Осиё, Яқин Шарқ, Кавказ, Болқон минтақалари ва ҳатто хитой адабиётида бор. У баъзан файласуф, баъзан эса бахиллик, очкўзлик, иккиюзламачилик, судхўрлик каби иллатлардан кулувчи сўфий қиёфасида тасвирланган. Ана шу сабаб ҳам унинг номига ҳурмат-эҳтиром рутбаси – афанди қўшиб айтилган.
Баъзи тадқиқотларга кўра, Хўжа Насриддин ҳақидаги латифалар XIII асрда пайдо бўлган. Унинг ўзи ҳам шу даврда яшаган. У 1208 йили Туркиянинг Эскишеҳир шаҳри яқинидаги қишлоқда туғилган, Кўнияда ўқиган, Кастомонуда ишлаган ва 1284 йили Акшеҳир шаҳрида вафот этган. Насриддиннинг мақбараси ва қабри шу кунгача сақланган. Баъзи тадқиқотчилар Хўжа Насриддин образи VIII – XI асрларда пайдо бўлган деб ҳисоблайди. Бундан бошқача талқин ва тахминлар ҳам бор.
2022 йили ўтказилган ЮНЕСКО мажлисида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон таклифи билан Хўжа Насриддин ҳақида латифалар айтиш анъанаси инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.
Латифалар қаҳрамони Хўжа Насриддин, Насриддин хўжа, Мулла Насриддин, Насриддин, Насриддин афанди, Афанди каби номлар билан машҳур. Уни афанди деб аташ Ўрта Осиёда, хусусан, қирғиз, тожик, туркман, уйғур ва ўзбеклар орасида кенг тарқалган.
Фалсафа ва файласуф
Фалсафа ва файласуф сўзлари оврўпоча қиёфада эмаслиги, кўзимизга иссиқ кўринаётгани араб тили таъсирига тушгани сабаблидир. Фалсафа юнонча пҳилосопҳиа – донишмандликни севаман сўзидан ҳосил бўлган. Файласуф эса пҳилосопҳос – доноликни севувчидир. Тилимизда шу ўзакдан ясалган, лекин асл қиёфасини сақлаган бошқа сўз ҳам бор – филолог, филология.
Фалсафа табиат, жамият ва тафаккур тараққиётининг умумий қонуниятлари ҳақидаги фандир. У олам ва унда инсоннинг тутган ўрни ҳақидаги ғоялар, дунёқарашлар тизимини ҳам англатади. Сўзлашув тилида мавҳум фикр, қуруқ сафсата маъносида ҳам қўлланади. Дарвоқе, сафсата сўзи ҳам юнончага бориб тақалади. У юнонча сопҳисма – айёрлик қилиш, алдаш сўзларидан ҳосил бўлган.
Қоядан тушган мармар
Бизга араб тили орқали кирган мармар сўзи юнончада мармарос шаклига эга. У тош, чўққи, қоя парчаси, ялтироқ тош каби маъноларни англатади. Юнонча бу сўз жуда кўп дунё тилларига кириб борган.
Мармар – асосан қурилишда, баъзи зийнат буюмларини тайёрлашда ишлатиладиган, ҳар хил рангда учрайдиган кристалли тоғ жинси. Мармардан ўлкамизда қадимдан фойдаланилган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ва бошқа шаҳарлардаги меъморий обидаларда йирик ва майда мармартошлар ишлатилган. Ўзбекистонда Ғозғон, Нурота, Зарбанд, Томчиота, Кўчат каби мармар конлари бор.
Туркиянинг Европа ва Осиё қисмларини ажратиб турувчи денгиз Мармар номи билан аталади. Яқин орадаги оролда мармар кўплиги учун орол ва денгизга шундай ном берилган.
Қути – сандиқнинг боласи
Сандиқ сўзи асли юнончалиги ҳақида олдинроқ ёзган эдим. Сандиқнинг кичик шаклини ифодаловчи қути сўзи ҳам юнончага бориб тақалади. У юнон тилидаги кутí(он) – кичик сандиқ сўзидан ҳосил бўлган. Қадимги юнон тилидаги кибōтион сўзи кейинчалик товуш ўзгаришига учраган. Баъзи олимлар бу сўзни оромий тилидаги ḳуббтā – қубба, ҳужра сўзи билан боғлайди.
Қути араб тили орқали ўзлашган, ўзбекчада сандиқча, яшик, коробка, пилла қурти коробкаси ва ундан чиққан ипак қурти каби маъноларни англатади.
Қўқон хонлигида олиқ-солиқлардан тўпланган пулларни қабул қилиб олувчи, сақловчи ва хон хазинасига топширувчи сарой амалдори қутидор деб номланган. Бу сўз қути-қути пул-дунёси бўлган йирик бой ва сармоядорни ҳам билдирган.
Ҳовли – тўсиқли майдон
Ҳовли сўзининг асли юнончага бориб тақалиши ўзимни ҳам ҳайрон қолдирди. Бу сўзни соф туркийча, жуда бўлмаса, арабча ёки форсча деб ўйлардим. Чунки унли билан бошланувчи сўзлар олдидан ҳ товушини орттириш – эски ўзбек сўзларида кузатиладиган ҳолат. Масалан, овуч ҳовучга, йид ҳидга, ўкуз ҳўкизга, ўл ҳўлга айланган. Бироқ ҳовли сўзининг кечмиши тамом бошқа манзилларга элтади.
Юнонча авлí сўзи атрофи ўралган ер, оғил, ҳовли каби маъноларни англатади. Ўзбекчада сўз бошида бир ҳ товуши ортган. Бу сўзни ўзлаштирган туркман, уйғур тилларида ҳам шу ҳолат, қозоқ ва турк тиллари эса товуш орттирмаган.
Ҳовли ўзбекчада бирор бинонинг иморатсиз, кўпинча атрофи ўралган қисми, оила яшайдиган жой, хонадон каби маъноларни англатади.
Каравот – ётоқ
Русча кроват ўзбекча талаффузга мослашиб, шу шаклга кирган деб ўйлашингиз мумкин. Тахминингизда жон бор. Бироқ бу сўз русча эмас, руслар ҳам юнонлардан олган. Қадимги юнон тилида крáвватос, ўрта юнон тилида краввати(о)н шаклида бўлган сўз замонавий юнон тилига кревáти шаклида етиб келган.
Аслиятда ётоқ, тўшак маъносига эга, ўзбекчада тўрт оёқли, устига кўрпа-тўшак солиб ётиладиган уй-рўзғор анжомини англатади. Ёз кунлари ҳовли, чойхона ва шу каби жойларга қўйиладиган, кўпчилик ўтиришига мўлжалланган қурилмани, яъни сўрини ҳам шу сўз билан аташ мумкин.
Пиёла – ясси коса
Ўзбекчага форсчадан кирган бу сўзнинг илдизлари қадимги юнон тилига бориб тақалади. Эски юнончада пҳиале сув ичиладиган ясси косачани англатган. Ўзбекчада тубидан юқорига томон кенгайиб борадиган тагликли идишни билдиради.
Тадқиқотларга кўра, пиёлалар милоддан олдинги I мингйилликнинг иккинчи ярмидан бери маълум. Қадимги пиёлалар оддий лойдан ясалган. Замонавийлари фаянс, чинни, керамика, металл, ёғоч, пластика ва бошқа материаллардан ясалади.
Пиёлалар Осиёда оммалашган. Бу идишдан Марказий Осиё мамлакатлари, Татаристон ва Бошқирдистонда ҳозир ҳам кенг фойдаланилади.
Уксус ва кислота
Уксус меваларни консервалашда ва овқатга қўшиладиган зиравор сифатида ишлатиладиган ўткир ҳидли, аччиқ-нордон мазали суюқликдир. Бу сўз бизга рус тили орқали кириб келган. Асли юнонча oxys – аччиқ, нордон сўзига бориб тақалади.
Илмий адабиётлар ва қўлланмаларда ишлатиладиган кислота ва оксид сўзлари ҳам уксус билан қариндош. Кислота сўзини рус олими Михаил Ломоносов ўйлаб топган. У юнонча охйтатос – жуда нордон сўзини русчага шундай таржима қилган. Дастлаб бу сўз унинг ўзига ҳам ғалати туюлган, лекин тилга сингиб кетишидан умид қилган. Олимнинг нияти амалга ошган ва у ясаган бир нечта янги атамалар қатори кислота ҳам рус тилининг луғат бойлигига айланган.
Дирҳам ва драҳма
Дирҳам – ўтмишда ва ҳозир баъзи мусулмон ўлкаларда пул бирлигини, айрим жойларда оғирлик ўлчовини билдирувчи сўз. У тилимизга араб ва форс тилларини оралаб етиб келган. Асли юнонча драчме сўзидир. У кумуш пулни ва оғирлик ўлчов бирлигини ифодалаган.
Драҳма эса қадимги ва замонавий Грециянинг пул бирлигидир. У оғирлик ўлчов бирлиги сифатида ҳам ишлатилган. Эски юнончада драчме сўзи тутам, ҳовуч, Қадимги Афина пул бирлиги каби маъноларда қўлланган. 2002 йили еврога ўтилиши муносабати билан драҳма муомаладан олинган, лекин уни еврога алмаштиришга 10 йил давомида рухсат берилган. Грецияда драҳмани евро билан баробар муомалага киритиш ҳаракатлари ҳам бор.
Гўния ва Пентагон
Усталар бурчакнинг тўғрилигини текшириш учун ишлатадиган ускуна бор – гўния. Бу сўзнинг кўриниши ўзбекча бўлса ҳам, ўзи чет эллик экани оз-моз сезилиб туради. У юнонча гōниá – бурчак сўзидан ҳосил бўлган. Қадимги юнон тилида ҳам бор бўлган бу сўз ҳинд-европа тилларидаги ǵóну – тизза, жағ ўзагидан ҳосил бўлган.
Уста ва дурадгорлар гўния сўзи билан бирга бурчак, тўқсонбурчак каби сўзларни ҳам қўллайди.
Пентагон сўзи бешбурчак маъносига эга. Шу сабаб АҚШ Мудофаа вазирлигининг бешбурчак шаклидаги биноси Пентагон деб аталади. Бу сўз кўпинча вазирлик номи ўрнида ҳам ишлатилади. Унинг ўзагида гōниá сўзи қатнашган. Тилимизда қўлланадиган диагонал, полигон, тригонометрия каби ўзлашмалар ҳам гўния билан ўзакдош.
Изоҳ (0)