Латвия ҳукумати давлат хизматчиларининг Россия ва Беларусга боришини чекловчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда NPA нашри хабар бермоқда.

“Латвия давлати ва унинг фуқаролари учун хавф-хатар туғилиши эҳтимолини оширадиган геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, қонун чиқарувчи орган айрим шахслар гуруҳларининг Россия Федерацияси ва Беларусь Республикасига боришини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди”, дейилади ҳужжатга берилган изоҳда.
Шу билан бирга, истисно тариқасида, ушбу мамлакатларда хизмат вазифаларини бажариш зарурати туғилганда, шунингдек, “инсонпарварлик сабаблари”га кўра боришга рухсат берилиши таъкидланган. Ҳужжатга кўра, бундай рухсатномани олиш учун тегишли маъмурий ҳужжат талаб этилади.
Хабар қилинишича, чекловлар ҳарбий хизматчилар, судьялар, вазирлар, маҳаллий депутатлар, дипломатлар ва “муҳим инфратузилма хавфсизлиги учун масъул шахслар”га ҳам тааллуқли бўлади.
Қонун лойиҳаси 2025 йил 11 июлдан кучга киради.
Бундан олдин Латвия ҳукумати Россия ва Беларусия фуқароларига мамлакатда кўчмас мулк сотиб олишни тақиқлаган эди. Қонун Россия ёки Беларусда рўйхатдан ўтган юридик шахсларга, шунингдек, улар манфаатдор шахс бўлган устав капиталининг камида 25 фоиз акцияларига эгалик қилувчи фуқароларга тааллуқли. Бундан ташқари, янги қоида Россия ва Беларусия юридик тузилмаларига ҳам тегишли.
Изоҳ (0)