Қозоғистон аҳолини арзон газ билан таъминлаш бўйича Европада етакчига айланди. Мамлакатда бир кубометр газ 34,02 тенге (6 цент) туради. Бу ҳақда Sputnik Kazakhstan хабар берди.

Қозоғистон аҳолиси ўртача ойлик маошига 10 минг куб метрдан ортиқ газ сотиб олиши мумкин. Мамлакатда маошлар нисбатан паст, аммо газ нархлари рейтингда иштирок этган барча мамлакатлар орасида энг паст кўрсаткичдир.
Иккинчи ўринда Россия: 1 куб метр газ 8,1 рубль (10 цент) деб баҳоланган. Учинчи ўринни Беларусь эгаллади, бу ерда газ Россияга қараганда 2,1 рублга қимматроқ. Газ нархи бўйича кучли бешликка Венгрия ва Хорватия ҳам киради. Энг қиммат газ Швеция аҳолиси томонидан сотиб олинади. Зангори ёқилғининг бир кубометри маҳаллий истеъмолчиларга 2,36 долларга тушади. Энг қиммат газ бўйича рейтингда кейинги ўринларда Нидерландия, Италия, Португалия, Ирландия ва Франция турибди. Ушбу мамлакатларда газнинг бир куб метри — 1,59 доллар.

2024 йил давомида Европада газ нархи деярли узлуксиз ўсиб борди, аммо 2023 йилга нисбатан ўртача паст бўлди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу 2024 йил март ойи охирида иситиш мавсуми якунида Европа омборлари 59 фоизга тўлгани билан боғлиқ. Шу сабабли газга бўлган талаб ҳам, нархлар ҳам умуман олганда, бир оз пастроқ бўлган.

Молдова аҳолиси энг кам ҳажмдаги табиий газни сотиб олиши маълум бўлди. Бу ерда ўртача маош атиги 739 куб метр сотиб олишга етади. Молдовадан ташқари, Португалия, Италия, Босния ва Герсеговина ҳамда Латвия ҳам аутсайдерлар қаторига кирган.
Изоҳ (0)