Хитойнинг Тяншуй шаҳридаги болалар боғчаларидан бирида 200 дан ортиқ тарбияланувчи қўрғошиндан заҳарланди. Муассаса ходимлари қўрғошиндан озиқ-овқат бўёғи сифатида фойдаланган. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Боғча тарбияланувчиларининг қони таҳлил қилинганда қўрғошин даражаси меъёрдан 2 минг баравар ошиб кетгани аниқланган. Ҳолат аҳолининг ғазабини қўзғатган.
“Заҳарли ва зарарли озиқ-овқат билан таъминлаганликда гумонланиб 8 киши, жумладан, хусусий боғча директори қўлга олинган”, дейилади Тяншуй шаҳар ҳукумати баёнотида.
Таъкидланишича, муассаса директори ва унинг молиявий ҳомийси ошхона ходимларига овқатга ранг бериш учун бўёқ пигментларидан фойдаланишга рухсат берган. Бу эса болаларнинг заҳарланишига олиб келган.
251 нафар тарбияланувчининг 233 нафарида қонда қўрғошин миқдори меъёрдан ортиқ экани аниқланган. Уларнинг 201 нафари ҳозирда шифохонада даволанмоқда. Бундай заҳарланишнинг тиббий оқибат ва зарарлари ҳақида оммага маълумот берилмаган. Аммо қўрғошиндан заҳарланиш учун камида 3 ой давомида уни истеъмол қилиш кераклиги маълум қилинган.
Текширув давомида болалар боғчасидан иккита озиқ-овқат намунаси — буғда пиширилган қизил хурмо ва корндог олинган. Таҳлилларга кўра, улардаги қўрғошин миқдори 2 минг баравар кўп бўлган.
Бўёқ идишларининг қадоқларида ҳам “истеъмолга яроқсиз” ёзуви бўлган. Боғча директори ва унинг сармоядори “ранг-баранг таомлар билан кўпроқ болаларни жалб қилиб, даромадни ошириш”ни мақсад қилган. Қўрғошиндан заҳарланиш болаларнинг мия ривожланиши, хулқ-атвори ва IQ даражасига салбий таъсир этади.
Изоҳ (0)