Самарқанд шаҳрида 49 киши тез овқатланиш кафесида тайёрланган таомдан заҳарланиб, юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. Бу ҳақда STV телеканалида хабар берилди.
Маълум қилинишича, бир оиланинг тўрт нафар аъзоси шаҳарнинг Рудакий кўчасида жойлашган умумий овқатланиш марказида ҳот-дог истеъмол қилган. Уларнинг уч нафари — вояга етмаган болалар кечга яқин кўнгил айниши, тана ҳароратининг кўтарилиши ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Шифохонага 49 киши ётқизилган. Беморларнинг барчаси шаҳар марказида жойлашган Фаст-food марказида ҳот-дог истеъмол қилганидан кейин соғлиғида ўзгаришлар кузатилганини айтган.
Шифохонага келтирилган беморларнинг 29 нафарига уйига жавоб берилган. Қолган 20 нафарида муолажалар давом эттирилмоқда. Шификорнинг сўзларига кўра, уларнинг аҳволи анча яхши.
Ҳозирда ушбу овқатланиш шохобчаси фаолияти тўхтатилган. Ўша куни ҳот-догга солинган маҳсулотлар намуналари вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига топширилган.
4 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманидаги тўйхоналарнинг бирида 42 киши салатдан заҳарланганди.
Изоҳ (0)