Андижоннинг Қўрғонтепа туманида бир гуруҳ фуқаролар фастфуддан заҳарланди.
Ижтимоий тармоқларда Қўрғонтепа туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига 60 га яқин бемор олиб келингани ҳақида хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, шифохонага келтирилган беморларнинг сони асли 10 нафарни ташкил этади. Улар билан бирга таомланган 17 нафар яқинлари ва оила аъзолари ҳам шифохона ходимлари томонидан кузатув учун олиб келиниб, назорат қилинмоқда, уларнинг барчаси ўзини яхши ҳис этмоқда.
Барча беморлар Fresh food номли фастфуд таомлари маркази маҳсулотларини истеъмол қилган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича туман раҳбарияти алоҳида фаолият бошлаган. Туман прокуратураси эса, тегишли тартибда суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Ҳолат юзасидан Санитария эпидемиология хизмати ҳам баёнот бериб, Fresh food оилавий корхонасига қарашли 3 та шохобча фаолияти шу кунинг ўзида вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу шохобчаларда эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Маҳсулотлар тайёрлаш хонаси ҳамда омборхонадаги маҳсулотлардан намуналар олиниб, Қўрғонтепа туман Санепидхизмат лабораториясига текшириш учун юборилди.
Санитария эпидемиология хизмати хабарига кўра, 6 июль куни туман юқумли касалликлар шифохонасига жами 37 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 17 нафари даволанмоқда, қолган 20 нафари умумий ҳолатига кўра тиббий кузатувга олинган.
Изоҳ (0)