Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 4 киши ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда “Дарё”га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
22 октябрь куни соат тахминан 09:30 ларда Жалақудуқ туманидаги хонадонда яшовчи хонадон аъзолари ухлаб ётган вақтида хонада бўлган носоз иситиш мосламаси (котёл)дан сизиб чиққан ис газидан заҳарлангани аниқланган.
Бунинг оқибатида 4 нафар фуқаро яшаш хонадонида вафот этган. Қолган хонадон вакиллари эса туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келиниб, ёрдам кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этганди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги республика аҳолиси ҳамда ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига мурожаат билан чиқиб, кунлар совиши натижасида электр, газ ёки бошқа ёқилғида ишлайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда эътиборсизлик туфайли ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва ёнғинлар содир бўлиши мумкинлигини билдириб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тавсиялар берганди.
Изоҳ (0)