Буюк Британия суди ўз ватанида соқолини олишга мажбур бўлиши сабабли тожикистонлик мигрантни депортация қилишни бекор қилди. Бу ҳақда Тhе Times хабар берди.

Британия Ички ишлар вазирлиги эркакни Тожикистонга депортация қилмоқчи бўлган. Мигрант ватанига қайтса, соқоли мажбуран олдирилиши мумкинлигини асос қилиб судга мурожаат қилган. Аввалига мигрантнинг аризаси рад этилган. Бироқ кейинчалик суд соқоли сабабли эркакка халқаро ҳимоя берилиши керак деган қарорга келган.
Тожикистонда соқол ҳукумат томонидан норасмий тақиқланган ва бунга риоя қилмаганларнинг соқоллари зўрлик билан олинади, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бу ҳукуматнинг эркакларнинг радикаллашуви ва экстремистик террор гуруҳларига қўшилишининг олдини олишга қаратилган кампаниясининг бир қисмидир.
Агар у диний эътиқоди туфайли соқол қўйса-ю, аммо ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида соқолини олишга рози бўлса, у халқаро ҳимояга муносиб бўлиши мумкин, деган юқори инстанция судининг ўринбосари, судья Парминдер Саини.
Дастлаб тожикистонлик учун объектив хавф инобатга олинмаган. Шундан сўнг Тожикистон фуқаросининг адвокати мазкур хавфларга бир қанча мисолларни келтирган.
Улар қийноқ ва шафқатсиз муносабатнинг кенг тарқалгани, асоссиз ҳибсга олиш одатий ҳол экани, минглаб тожикистонлик эркакларнинг соқоллари мажбуран қирдирилгани ва ҳокимият томонидан бармоқ излари олиниб, рўйхатга киритилгани каби ҳолатларни келтирди, деган судья Парминдер Саини.
Шу боис, у аввалги қарорни бекор қилиб, ишни биринчи инстанция трибуналида қайта кўриб чиқиш ҳақида қарор чиқарган.
Изоҳ (0)