Шундай Голливуд юлдузлари борки, улар актёрлик орқали ҳақиқий молиявий империя барпо этган: улар фильмлар, реклама шартномалари, брендлар ва стриминг платформалари орқали юзлаб миллион доллар ишлаб топган. Қуйида энг кўп даромадга эга беш нафар машҳурлар ҳақида сўз юритамиз.
Райан Рейнолдс

Молиявий чўққиларни забт этишда Райан Рейнолдсга суперқаҳрамонлик қобилиятлари асқатди десак, муболаға бўлмайди. Marvelʼнинг “Дедпул” график романи асосида суратга олинган фильм актёрнинг даромадларида муҳим рол ўйнади. Айниқса, “Дедпул ва Росомаха”нинг учинчи қисми бу муваффақиятни мустаҳкамлади.
Forbes журнали маълумотларига кўра, биргина 2024 йилда актёрнинг ҳисобига 85 миллион доллар тушган, бу кўрсаткич билан у ўтган йилда энг кўп даромад топган актёрлар ичида иккинчи ўринни эгаллаган. Чунки Рейнолдс экранларга ҳазилкаш ёлланма қотил қиёфасида қайтиш билан бирга, сценарий муаллифи ва ижрочи продюсер сифатида ҳам иштирок этган.
Бу рақамга Жон Красински режиссёрлигидаги “Хаёлий дўстлар” комедиясидаги роли, футбол клубини харид қилиш ҳақидаги “Рексемга хуш келибсиз” номли ҳужжатли фильмнинг янги мавсумига продюсерлик қилиш ишлари ҳам киради. “Дедпул”нинг илк икки қисми учун унга 22 миллион ва 40 миллион доллар тўланган.
Рейнолдс фақат кинода эмас, бизнес соҳасида ҳам муваффақиятли продюсер саналади. Бироқ Celebrity Net Worth нашрига кўра, айнан актёрлик фаолияти унга 350 миллион доллардан ортиқ даромад олиб келган.
Ҳью Жекман

2024 йилда “Дедпул-3” лойиҳаси Ҳью Жекманнинг даромадларини ҳам сезиларли оширди. Машҳур австралиялик актёр яна ўзининг афсонавий қаҳрамони — сарғиш-кўк либосдаги Росомаха ролига қайтди. Бунинг эвазига Дисней студияси унга 20 миллион доллар гонорар тўлади, бу миқдорга фильмнинг муваффақияти учун қўшимча бонуслар киритилмаган. Бугунги кунга келиб актёрнинг умумий бойлиги 180 миллион доллар атрофида баҳоланмоқда.
Риз Уизерспун

“Ёввойи аёл” ва “Қонундаги малласоч” фильмларидаги образлари орқали танилган Риз Уизерспуннинг бойлиги бугунги кунда 420 миллион долларга тенг. У фильмда суратга тушганида одатда 15–20 миллион доллар атрофида гонорар олади. Сериаллардаги бир кунлик меҳнат тўлови эса 1 миллион долларгача баҳоланади.
Бу даражагача етиш учун унга узоқ вақт керак бўлган. 2001 йилда Уизерспун Гарвардда ўқиган юридик факультет битирувчиси ролида илк бор экранларга чиққанида, гонорари атиги 2,5 миллион доллар эди. Сўнг гендер тенглиги тарафдори бўлган Риз молиявий мустақиллигини таъминлаш учун Pacific Standard номли продюсерлик компаниясини очди. Орадан икки йил ўтиб, “Mалласоч”нинг қайтиши унга актёрлик учун 15 миллион долларлик даромад олиб келди.
Шунингдек, Риз Уизерспун аёллар ҳақидаги сериаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Hello Sunshine продюсерлик компаниясини ҳам ташкил этди. Бу компания “Катта кичик ёлғонлар”, “Тонгги шоу” ва “Ҳар жойда аланга” каби лойиҳалар устида ишлади ва бу сериалларда Ризнинг ўзи ҳам бош ролларни ижро этди.
Том Круз

Дунёдаги энг кўп ҳақ оладиган актёрларидан бири Том Круздир. 2023–2024 йилларда у Райан Рейнолдсдан камроқ даромад топди, аммо “Уддалаб бўлмас топшириқ: ҳисоб-китоб вақти” фильмидаги иштироки унга бирйўла 45 миллион доллар олиб келди. Шунингдек, “Топ Ган: Маверик” фильмининг стриминг платформалардаги кўриш ва сотувларидан ҳам мўмай даромад олди.
Махфий агент Итан Хант образи билан дунёга танилган Круз ўртача 50 миллион долларлик йиллик маошга эга. Унинг умумий бойлиги 2024 йилда 600 миллион доллар деб баҳоланган.
Арнольд Шварценеггер

Голливуднинг энг машҳур ва бой шахсларидан бири бу Арнольд Шварценеггердир. Forbes экспертлари ҳисоб-китобига кўра, собиқ бодибилдернинг бойлиги 1,1 миллиард долларни ташкил қилади. Унинг ярмидан кўпи, яъни 500 миллион доллардан ортиғи “Терминатор” фильмларидан тушган.
1984 йилда “Т-800” ролидаги илк иштироки актёрга бор-йўғи 75 минг доллар олиб келган бўлса, охирги қисм — “Қоронғи тақдир” фильмидаги иштироки учун 20 миллион доллардан кўпроқ ҳақ тўланган. Бугунги кунга келиб Шварценеггер суратга тушган фильмлар сони 90 га яқинлашган.
Изоҳ (0)