Ҳозирги кунда Голливуд ёш истеъдодлар билан тўлиб-тошган. Аня Тейлор-Жой, Женна Ортега, Зендая, Тимоти Шаламе ва Остин Батлер каби ёш юлдузларнинг кўпчилиги ҳали 30 ёшга ҳам етмаган. Бироқ жаҳон кинематографияси фақат ёшларни эмас, балки тажрибали истеъдодларни ҳам қадрламоқда.
Сэмюэл Л. Жексон
Режиссёр Квентин Тарантинонинг севимли актёри Самуэл Л. Жексон 1994 йилда “Жиноий асар” фильмида Жулс Уиннфилд ролини ўйнаб, ҳаётида бурилиш ясади. Ўша пайтда актёр 46 ёшда эди. У бундан олдин Мартин Скорсезенинг “Яхши йигитлар” ва Стивен Спилбергнинг “Юра даври парки” фильмларида суратга тушган бўлса-да, роллари эпизодик эди.
“Жиноий асар”дан сўнг Самуэл Лерой Жексон ҳақиқий шуҳратга эришди. Кейинги бир неча ўн йил давомида у “Манфур саккизлик”, “Kingsman: махфий хизмат”, “Қасоскорлар”, “Озод Жанго”, “Юлдузлар уруши” каби ўнлаб катта бюджетли фильмларда рол ижро этди. Ҳозирда у дунёдаги энг кўп ҳақ оладиган актёрлардан бири ҳисобланади.
Алан Рикман
Британиялик актёр Алан Рикман Гарри Поттер ҳақидаги биринчи фильм экранларга чиққандан сўнг кенг томошабинлар орасида танилди. “Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши” 2001 йилда, Рикман 55 ёшга тўлганида намойиш этилди.
Бунга қадар у “Робин Гуд: ўғрилар шаҳзодаси”, “Догма” ва “Галактика бўйлаб автостоп” каби фильмларда суратга тушган бўлса-да, жаҳон шуҳратидан анча йироқ эди. Алан Рикман ўзининг биринчи ролини — “Чақилмас ёнғоқ” жангари фильмидаги жиноятчи ролини 42 ёшида ижро этган. Ундан олдин у дизайнер сифатида фаолият юритган ва ҳатто дўстлари билан биргаликда Сохода дизайн студиясини очган.
Томми Ли Жонс
Техаслик актёр Томми Ли Жонсга шуҳрат 48 ёшида келди. У режиссёр Эндрю Дэвис суратга олган “Қочоқ” детектив триллерида энг яхши иккинчи даражали эркак рол учун “Оскар” мукофотини қўлга киритди. Бунга қадар Жонс киноларда, ҳатто бош ролларда ҳам суратга тушган бўлса-да, унинг номи Голливудда ҳеч нарсани англатмас эди.
1994 йилдан сўнг актёрнинг кариераси тезлашди. У “Қора либосли одамлар”, “Қувғин” ва бошқа бир қатор фильмларда рол ижро этди. “Қора либосли одамлар” фильмидаги Агент К роли Томми Ли Жонсга чинакам шуҳрат ва ҳамкасблари эътирофини келтирди.
Кети Бейц
Мелодрама ихлосмандлари актриса Кети Бейцни, шубҳасиз, режиссёр Жеймс Кемероннинг “Титаник” фильмидаги ижроси орқали танишса, ёзувчи Стивен Кинг мухлислари эса уни “Мизери” романининг экран талқини орқали билишади. Айнан шу рол унга биринчи “Оскар” мукофотини ва шуҳратни келтирди, гарчи ўша пайтда Бейц хоним 43 ёшда бўлган бўлса-да.
Кети Бейц фаолияти давомида 30 дан ортиқ фильмда суратга тушган. Уларнинг энг машҳурлари — “Долорес Клейборн”, “Титаник”, “Париждаги ярим тун” ва “П.С. Мен сени севаман” фильмларидир.
Питер Динклейж
Axonдроплазия касаллигига чалинган истеъдодли актёр Питер Динклейж 1990 йилларнинг охиридан бошлаб киноларда рол ижро этиб келмоқда. Унинг фильмографиясига “Лесси” оилавий фильми, “Пенелопа” фантастик мелодрамаси, бошқа комедия ва сериаллар киради. Динклейжга биринчи марта 2003 йилда “Вокзал назоратчиси” драмаси экранларга чиққандан сўнг эътибор қаратилди. Бу иш томошабинларни Динклейжга иккинчи даражали кулгили персонаж сифатида эмас, балки тўлақонли драматик актёр сифатида қарашга ундади.
Бу фильм унинг учун ўзига хос “трамплин” вазифасини ўтади — бир неча йилдан сўнг уни машҳур “Тахтлар ўйини” сериалида суратга тушишга таклиф қилишди. Ўша пайтда Питер Динклейж 42 ёшда эди.
Октавия Спенсер
Октавия Спенсер режиссёр Тейт Тейлорнинг “Хизматкор” драмасида Минни Жексон ролини ижро этиши учун 15 йил кутишига тўғри келди. Актриса 1996 йилдан бери сериалларда рол ўйнаб келаётган эди.
2002 йилда Спенсер Сем Реймининг “Ўргимчак одам” жанговар фильмида кичик рол ўйнади, бироқ бу унинг шуҳрат қозонишига сабаб бўлмади. 2011 йилда “Хизматкор” фильми экранларга чиққач, 41 ёшли Октавия Спенсер АҚШ кино актёрлари гилдияси мукофоти, “Оскар”, BAFTA ва “Олтин глобус” мукофотларини қўлга киритишга муваффақ бўлди,
Изоҳ (0)