Афғонистонда Қурбон ҳайити шанба куни ўтказилмоқда. “Дарё” мухбири ҳайит намози Балх вилояти ҳамда мамлакатнинг саккиз шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларида “Толибон” маҳаллий расмийлари ва халқ иштирокида ўқилганини маълум қилди.

Унга кўра, Қурбон ҳайити намози Мозори Шарифдаги энг йирик масжидлардан бирида ўқилди, унда Балх вилоятидаги ўнлаб “Толибон” расмийлари ва Мозори Шарифнинг юзлаб фуқаролари иштирок этди. Ҳайит намозида сўзга чиққан Балх прокурори Абдулқодир Ҳалимий Афғонистонда Қурбон ҳайитини тинчлик ва биродарлик муҳитида нишонлаш таҳсинга лойиқ ва мисли кўрилмаган ҳодиса эканини таъкидлади.
Балх прокурорининг қўшимча қилишича, “Толибон” расмийлари Мозори Шариф ва Балх вилояти туманлари фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун ижтимоий ва давлат хизматларини кўрсатиш учун кеча-ю кундуз ишламоқда.
Бундан ташқари, Балх вилояти разведка бошқармаси бошлиғи Шокир Ҳамид ҳам одамлар “Толибон” расмийлари билан ҳамкорлик қилиши ва барча афғон халқи расмийлар билан биргаликда Ислом Амирлиги тизимини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши кераклигини айтди.
Ҳамид, шунингдек, агар шахслар Ислом Амирлиги тизимига қарши чиқса, халққа зарар етказса ёки исён кўтарса, Ислом Амирлиги мужоҳидларининг энг қаттиқ жавобига дуч келишидан огоҳлантирди.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ва бир қатор исломий давлатлардан фарқли ўлароқ, “Толиблар” жума кунини Арафа ва 7 июнь, шанба кунини Қурбон ҳайитининг биринчи куни деб эълон қилган эди. “Толибон” Қурбон ҳайити муносабати билан тўрт кунлик дам олиш куни деб эълон қилди.
Қурбон ҳайитига бир кун қолганида Балх вилоятининг Мозори Шариф бозорида чорва моллари нархи икки баравар қимматлашди. Харидорлар нарх-навонинг қимматлигидан, чорва сотувчилари бозор йўқлигидан шикоят қилмоқда. Қурбонлик учун бозорга келган Назар Муҳаммад ҳар йили Қурбон ҳайитида бир қўйни 100 доллардан ҳам арзонга сотиб олганини, бу йил эса нарх икки баравар ошгани учун қурбонлик қилиш учун қўй сотиб ололмаётганини айтади.
Мозори Шариф бозорида чорва моллари нархи:
- қўй — 8000–25 000 афғони;
- эчки — 8000– 22 000 афғони;
- сигир — 30 000–200 000 афғони;
- 1 килограмм қўй гўштининг нархи — 450 афғони;
- 1 килограмм эчки гўштининг нархи — 450 афғони;
- 1 килограмм мол гўшти нархи — 380 афғони.
Изоҳ (0)