Саудия Арабистони Қурбон ҳайитини 6 июнь куни нишонлайди. Қиролликда зулҳижжа ҳилоли кўринди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Ислом қамарий тақвимининг ўн иккинчи ва охирги ойи — зулҳижжа ойининг биринчи куни Саудия Арабистонида 28 майга тўғри келади. Мусулмонларнинг икки йирик байрамидан бири бўлган Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Шу куни мусулмонлар ҳайит намозига йиғилади, қариндошлар ва дўстлари ҳолидан хабар олади, бир-бирларига совғалар улашади. Байрам овқатланиш ва қурбонликлар билан бирга кечади.
Арафа куни зулҳижжа ойининг 9-кунида нишонланади ва исломда энг муҳим кунлардан бири ҳисобланади. Бу ҳаж зиёратининг иккинчи куни бўлиб, зиёратчилар Арафот тоғи ва шу номдаги водийда тўпланади. Исломнинг беш устунидан бири бўлган ва Саудия Арабистонидаги муқаддас Макка шаҳрига йиллик муқаддас зиёрат — ҳаж шу ойда амалга оширилади.
Саудия Арабистони расмий вакиллари бу йилги ҳаж мавсуми учун чет элдан бир миллиондан ортиқ зиёратчилар келганини маълум қилди. Ҳаж бир неча кун давом этиб, аниқ белгиланган маросимлар кетма-кетлигини ўз ичига олади. Ҳаж зиёрати зулҳижжа ойининг 8-кунидан бошланиб, ойнинг 13-кунигача давом этади. Бу йилги ҳаж маросими 2025 йилнинг 4 июнидан 9 июнигача ўтказилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)