Афғонистон пойтахти Кобулда Қурбон ҳайити муносабати билан намоз ўқилаётган вақтда президент саройи яқинига учта ракета келиб тушди. Бу ҳақда TOLO News ўз манбаларига таяниб хабар берди, деб ёзади «РБК».
Ҳайит намозида Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳам қатнашган. Портлашлардан кейин ҳайит намози тўхтатилган.
Ракеталар Кобулнинг шимол томонидан учирилган. Улар шаҳарнинг президент саройига яқин жойлашган учта туманига келиб тушган.
Al-Arabiya хабарига кўра, ракета зарбаси давлат раҳбарининг байрам нутқи олдидан берилган. Ички ишлар вазирлиги ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, бу ҳайит байрами чоғида Кобулнинг яшил ҳудудига (у ерда президент саройи ва элчихона жойлашган) ракета зарбаси берилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2018 йилда президентнинг Қурбон ҳайити муносабати билан сўзлаган нутқи чоғида бир нечта ракеталар портлаган.
Айни пайтда Афғонистондан АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши фонида мамлакатда ҳукумат ва «Толибон» ўртасидаги зиддият кучайган.
Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди.
Германия, Италия ва Австралия эса Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлади.
Изоҳ (0)