Тармоқларда Россия Индонезия ҳукуматига сўров юбориб, Папуа провинциясидаги Мануҳуа авиабазасидан фойдаланиш учун рухсат сўраган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу эса, биринчи навбатда, Австралияда хавотир уйғотди.

Австралия мудофаа вазири Ричард Марлеснинг маълум қилишича, Индонезия Россия ҳарбий самолётларининг ўз ҳудудидан фойдаланишига йўл қўймайди. Бу ҳақда у Bloomberg агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. Вазирнинг айтишича, мазкур масала Индонезия мудофаа вазири Сжафриэ Сжамсоэддин билан муҳокама қилинган.
“У менга аниқ ва лўнда тушунтирди: Россия ҳарбий самолётлари Индонезиядан учмайди. Бу борадаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди”, деди Марлес.
Россия Папуа провинциясидаги Мануҳуа авиабазасидан фойдаланиш учун сўров юборган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳарбий таҳлилларга ихтисослашган Janes хизмати маълум қилганди. Бу Канберрада хавотир уйғотгани бежиз эмас. Боиси ушбу ҳудуддан Австралия шимолидаги Дарвин шаҳригача 1 400 километрдан кам масофада қолади.
Маълумот учун, Россия Аэрокосмик кучларининг Tu-95MS стратегик бомбардимончиси бу масофани тахминан икки соатда, Калибр қанотли ракетаси эса бир соат 45 дақиқада босиб ўтади.

ABC News хабарига кўра, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳарбий база ҳақидаги хабарлар юзасидан “кўп сонли ёлғон ва уйдирма ахборотлар, айниқса нозик мавзуларда”, дея изоҳ берган.
Австралия мухолифати ҳукуматни миллий хавфсизлик масаласига совуққонлик билан ёндашишда айблади. Бироқ Россия томони базадан фойдаланиш бўйича расмий сўров юборгани ҳақидаги даъволар ҳанузгача тасқидланмай қолмоқда.
Изоҳ (0)