Машҳур TikTok астрологи Мьянмада кучли зилзилани башорат қилиб, ваҳима қўзғатгани учун ҳибсга олинди. Бу воқеа 3000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган даҳшатли зилзиладан атиги бир ой ўтгач содир бўлди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда 300 мингдан ортиқ обуначиси бор Жон Мо Те 9 апрель куни 12 кундан сўнг “Мьянманинг ҳар бир шаҳрида” “жуда кучли” зилзила содир бўлишидан огоҳлантирган.
“Одамлар кун давомида баланд биноларда бўлмасликлари керак”, дея таъкидланди унинг 3,3 миллион марта кўрилган видеосига қўйилган изоҳда. Шунингдек, кузатувчиларига муҳим нарсаларни ўзлари билан олишни ва бинолардан узоқроқ туришни маслаҳат берди.
Маълум қилинишича, видео аҳоли орасида ваҳима тўлқинини келтириб чиқарган. Айниқса, яқинда содир бўлган вайронкор зилзила фонида бу башорат жиддий таъсир кўрсатган.

Мьянма ҳарбий ҳукумати баёнотида таъкидланишича, 21 ёшли Жон Мо Те сешанба куни эрталаб Монива шаҳрининг марказидаги уйида ўтказилган рейд пайтида ҳибсга олинган.
“Биз TikTok аккаунтидан кучли зилзила содир бўлиши ҳақида тарқатилган сохта хабарлар ҳақида маълумот олдик. Унга нисбатан қонунга мувофиқ самарали чоралар кўрилади. Худди шундай, биз сохта хабарларни ёзувчи, тарқатувчи ёки улашувчиларга нисбатан ҳам самарали чоралар кўрамиз”, дейилади баёнотда.
Расмийлар, шунингдек, сохта хабарларни яратиш ёки тарқатишда иштирок этган ҳар бир кишига ҳам шундай муносабат бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Қамоққа олинганидан сўнг астрологнинг TikTok’даги аккаунти ўчириб ташланди.
Мьянмада 28 март куни 7,7 ва 6,4 балли кучли зилзилалар юз берди. Оқибатда 4 мингга яқин аҳоли ҳалок бўлди, 10 минглаб фуқаролар жароҳатланди.
Изоҳ (0)