Табби юлдузи яқинида юқори технологик ривожланган цивилизация мавжуд бўлиши эҳтимоли ҳақидаги тахминлар асоссиз бўлиб чиқди. Оққуш юлдуз туркумидаги KIC8462852 юлдузи яқинида ўзга сайёраликларнинг қандайдир мегаструктуралардан иборат технологик тараққиёти мавжудлиги ҳақидаги тахминларни ушбу тахминлар муаллифининг ўзи — Табета Бояжан биринчилардан бўлиб истисно қилган. Ушбу фараз энг охирги бўлиб кўриб чиқиладиган тахмин эканлигини аввалги шарҳда ҳам ёзган эдик. Мана энди ушбу энг ғайриилмий тахмин, кутилганидек, олимлар томонидан истисно қилинмоқда.
KIC8462852 юлдузнинг ўзини ғалати тутаётгани сабабини унинг яқинида онгли мавжудотлар бўлиши эҳтимоли билан боғланишига сабаб, юлдуз ёрқинлигининг даврий хиралашуви нотекис характерли бўлгани туфайли эди. Албатта, тунги осмонда ҳамма юлдузлар ҳам милтиллайди. Одатда бундай милтиллашнинг сабаби Еримизнинг атмосферасидаги ҳодисалар билан боғлиқ бўлади. Коинотнинг ўзида эса юлдузнинг милтиллаши, яъни унинг ёрқинлигининг даврий ўзгариши, унинг қаршисидан бирор сайёра ўтаётгани сабабли бўлиши мумкин. Бу усул «транзит усули» дейилишини аввалги мақолада ҳам айтган эдик. Ушбу транзит усули воситасида астрофизиклар экзосайёраларни қидириб топишларидан ҳам хабардорсиз.
KIC8462852 юлдузнинг даврий хиралашуви эса нотекис бўлиб, айнан шу омил унинг яқинидан сайёранинг транзит ўтиши борасидаги тахминни инкор қилади. Юлдуз яқинида катта миқдорда космик чанг, астероидлар ёки кометалар бўлиши борасидаги тахминлар ҳам тегишли илмий далиллар асосида инкор этилган. Оқибатда эса ўша футуристик гипотеза — ўзга сайёраликларнинг технологиялари шундай ғалати милтиллашга сабаб бўлаётгани ҳақидаги фараз ҳам ўртага чиққан эди.
Оқибатда бу юлдузга нисбатан қизиқиш кескин ортиб кетди ва худди «Абдуллажон» фильмидаги Иван Иванович сингари болалигидан бери «ўзга»ларни кутаётган ишқибозларни ҳовлиқтириб юборди. Лекин, афсуски, бу сафар ҳам «ўзга»ларни қидиришга бел боғлаган ушбу кампаниянинг тарвузи қўлтиғидан тушди. KIC8462852 яқинида ҳеч қандай ўзга сайёраликлар йўқ. «Узр, биз адашдик...» — қабилидаги хулосалар эндиликда ҳафсаласи пир бўлган астрофизиклар томонидан, биринчи навбатда, ўша ғоя муаллифи Табета Бояжаннинг ўзи томонидан айтилмоқда.
«Инкорнинг илмий асосларига тўхталадиган бўлсак, у мазкур юлдузни синчиклаб кузатишнинг тўрт фазасига таянди. Калифорниядаги Лас Кумберс расадхонаси орқали олиб борилган юлдуз ёруғлигининг мультиспектрал таҳлиллари натижаси айрим тўлқин узунлиги диапазонларидаги хиралашув бошқаларига қараганда кескинроқ ва яққолроқ содир бўлаётганини кўрсатган. Бу эса ўша объект орқали муайян ёруғлик тўлқинлари турли хил интенсивлик билан тўсиб қўйилаётганидан далолат беради. Демакки, хиралашув пайтида юлдуз қаршисидан нима ўтаётган бўлган тақдирда ҳам, у тўлиқ нур сингдириш хоссасига эга эмаслиги аниқ. Яъни юлдуз қаршисидан қандайдир экзосайёра ёки экзосайёраликларнинг технологик қурилмалари ўтмаётганига ишончли хулоса қилиш мумкин» - деб баёнот берган Бояжан.
Ўзга сайёраликлар ҳақидаги назариялар ишқибозлари бахтига қарши, ушбу навбатдаги шов-шув ҳам қуруқ хомхаёл бўлиб чиққан бўлса-да, бироқ KIC8462852 нинг бундай ғайриоддий қилиқларига ҳали ҳам асосли тушунтириш топилгани йўқ. Лекин бундан Табби юлдузига бўлган қизиқиш батамом сўнди деб хулоса чиқариш ҳам тўғри эмас. Олимлар ушбу аномалиянинг сабабини тагига етиш учун янада қаттиқроқ ишга киришган. Айниқса бу мақсад учун аллақачон сарфлаб қўйилган вақт, маблағ ва асаб толалари ҳақида ўйлаб, эндиликда астрофизиклар мазкур феноменнинг жавобини топмагунча изланишлари аниқ.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)