Ўтган ҳафта ўзбекзабон ижтимоий тармоқларда Жуманазар исмли кишининг МЙ5 каналига берган интервьюси хайп қилинди. Киноя ва пичинг билан чиқиш қилмаган сайт ва канал қолмади ҳисоб. Ўз лафзи билан айтишига қараганда, эмишки, Жуманазар акани ўзга сайёраликлар олиб кетишган ва ака улар билан бир муддат мулоқотда бўлган. Кўзини пирпиратмай гапиришига қараганда Жуманазар ака ўзи айтган гапларга чин дилдан ишонади чамаси. Нима ҳам дердик, унинг тасаввури ва хаёлоти ўзига сийлов. Ҳарҳолда, Илон Маск коинотга учаман деб миллиардлаб доллар сарфлаётган пайтда коинотдагиларнинг ўзлари келиб, бечиқим ва бехавотир тарзда, Жуманазар акани космосга саёҳат қилдириб келишибди-ку!
Демак, коинотда биз каби онгли мавжудотлар бор экан-да? Турли киноя, пичинг ва кесатиқларни бир четга суриб қўйиб, масалага илмий нуқтаи назардан ёндашсак, коинотда, ўзга сайёраларда ҳам ҳаёт бор бўлиши эҳтимоли ҳақиқатан ҳам мавжуд. Фақат ўша ўзга сайёрадаги ҳаёт шакли Ергача етиб келиб, Жуманазар ака сингарилар билан мулоқот қила оладиган даражада ривожланганми, йўқми, бу бошқа масала. Замонавий астрофизикларнинг таъкидлашича, ҳозирги кузатилаётган коинот изланишларидан келиб чиқадиган бўлсак ҳамда сўнги пайтларда аниқланган минглаб экзосайёралардан хулоса қиладиган бўлсак, демак, эндиликда ўзга сайёраларда ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимолини инкор этишдан маъно йўқ.
Муаммо шундаки, узоқ йиллар мобайнида, кино, мултфильм ва комикслар орқали одамлар тасаввурида шакллантирилган чўзинчоқ-узунчоқ бошли, қўли ва оёқлари ингичка, танаси эса кулранг (ёки ям-яшил), кўзлари катта-катта бўлган «ўзга сайёралик» қиёфаси ғирт уйдирма стереотип бўлиб, аслида ўзга сайёралик мавжудот бутунлай бошқача кўринишда бўлиши мумкин.
Улар ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлганда ҳам, ҳали онгли мавжудот даражасига эришмаган ёки шунчаки ҳали ҳатто ижтимоийлашмаган энг содда биологик организм кўринишида бўлиши мумкин. Балки ўзга сайёралардаги ҳаёт шунчаки элементар бир ҳужайрали кўринишда ёки микроорганизмлар кўринишидан нарига ўтмагандир.
Нима бўлганда ҳам, замонавий илм-фан ҳозирда коинотнинг қайсидир бир бурчагида «космик микроб» ёхуд «космик чивин» ўзининг кундалик ҳаётий фаолияти билан банд бўлиб, ҳаракат қилаётган бўлиши эҳтимолини инкор қила олмайди. Бунга бир неча сабаб бор. Келинг, ушбу сабаблардан энг асосий ўнтаси билан танишамиз:
1) Катта сонлар қонуни.
Бу сабаб 50 йилларда Энрико Ферми томонидан ҳамкасблари билан тушлик вақтидаги мулоқотда ўртага ташланган ва шу сабабли ҳам «Ферми парадокси» деб юритиладиган қизиқ хулоса билан боғлиқ. Ўшандаёқ коинотда олимлар миллиардлаб юлдузлар мавжудлигини билишар эди ва шундан атиги 1 фоиз миқдорида Ерга ўхшаш шароитларга эга сайёра мавжуд бўлса ва шунча сайёрадан атиги 1 фоиз қисмида ҳаёт шаклланиб, шундан атиги 1 фоиз қисмида ҳаёт онгли мавжудотлар даражасигача ривожланган бўлса, унда энг камтарона ҳисоб-китобларга кўра ҳам, биргина бизнинг Сомон йўли галактикамизнинг ўзида камида 200 та сайёрада ҳаёт мавжуд бўлиши керак эди. Шунга қарамай, ҳозиргача астрофизика Ердан ташқарида ҳаёт нишонасини топмаган. Хўш, нега, қаерда улар? – айнан шу савол Ферми парадоксининг моҳиятини ташкил қилади.
Сўнгги йилларда биргина бизнинг галактикамизда Қуёшга ўхшаш сайёралардан 400 миллиардтаси аниқланган! Бизнинг галактикамизга ўхшаш галактикалар эса 400 миллиардтадан кўп! Тасаввур қиляпсизми, бу қанчалик катта рақам эканлигини?! Бироз дағал ва қўпол мисол келтирамиз: коинотдаги юлдузлар сони Ердаги барча қум зарралари сонидан ҳам кўп! Энди фараз қилинг, шунча юлдузлардан атиги 0,01 фоиз қисмининг атрофида Ерга ўхшаш шароитларга эга ва ичида ҳаёт мавжуд сайёра бўлиши эҳтимоли бундай сайёра бўлмаслиги эҳтимолидан юқорироқдир. Ҳарҳолда, Қуёш тизимидаги атиги саккизта сайёрадан бирида (яъни Ерда) ҳаёт пайдо бўлиши мумкин-у, лекин қолган миллиардлаб сайёрада ҳаёт шаклланмаслиги мумкин эмас деб қатъий инкор қилишга асоснинг ўзи йўқ. Бунга катта сонлар қонуни имкон бермайди;
2) Сув ҳамма жойда бор.
Астрофизиклар муайян осмон жисмида ҳаёт мавжуд бўлиши учун энг бирламчи шарт сифатида суюқ ҳолатдаги сувнинг мавжуд бўлиши кераклигини таъкидлайди. Агар бу асосий шарт бўлса, унда хурсанд бўлишга асос бор: коинотда сув деярли ҳамма тарафда бор. Бироқ коинот сарҳадларида сув асосан музлаган шаклда учрайди.
Лекин айрим осмон жисмларида, хусусан, йирик табиий йўлдошлар қаърида суюқ океан мавжудлиги ҳам аниқланган. Масалан, Сатурн йўлдоши Энселад сиртидаги муз қоплами остида суюқ сувли океан мавжудлигини олимлар аллақачон аниқлашган. Бу океаннинг сувлари баъзида йўлдош сиртидаги тирқишлардан улкан фонтан кўринишида отилиб, фазога сочилиб туради. Боз устига, Энселад ҳамон геологик фаол йўлдошдир («Абдуллажон» фильмидаги ўзини «иноплатнетянман» дейдиган одамнинг исми ҳам Йўлдош эди-а?). Бу эса мазкур осмон жисмида қачондир энг тубан шаклдаги микроорганизмлар даражасида бўлса-да, ҳаёт юзага келиши учун омил бўлиши мумкин;
3) Турларнинг хилма-хиллиги.
Ўзга сайёраликларнинг ташқи кўриниши ва улардаги ҳаёт шакли борасида одамлар тасаввурда шаклланиб қолган стереотип ҳақида юқорида ҳам айтиб ўтдик. Ҳа, негадир «ўзга сайёралик» деганда одамлар айнан экран орқали кўрган ва қайсидир мусаввирнинг тасаввур маҳсули бўлган қиёфани кўз олдига келтиради. Астрофизиклар ҳам ўзга сайёралардан ҳаёт нишонасини излашганда, асосан айнан Ердагига ўхшаш ҳаёт намунасини қидиришади.
Бироқ бошқа сайёралардаги ҳаёт шакли умуман бизникига ўхшамайдиган, биз тасаввур ҳам қила олмайдиган муҳит ва шароитларга мослашган бўлиши мумкин-ку?! Нима учун ўзга сайёраликлар ҳам айнан бизга ўхшаган тана ва физиологияга эга бўлиши шарт деб ўйлаймиз? Масалан, ўзга сайёрада мавжудот суюқ кўринишда ёхуд ёнаётган олов кўринишида бўлиши мумкин-ку! Ўзимиз таниган ҳаёт шаклидан бошқасини билмаганимиз учун бундай фикрлар бизга ақлга сиғмас ва бемаъни бўлиб кўринади.
Худди шунинг қарама-қаршиси бўлса-чи? Яъни қаердадир коинот қаъридаги бирор сайёрада суюқ шаклдаги мавжудот ҳам ўйлаб ўтириб, «ҳеч жаҳонда танаси қаттиқ моддадан иборат мавжудот ҳам бўладими?» – дея ўзига-ўзи савол бериб, «эее, бемаънилик» деб хаёл қилса-чи? Хуллас, ҳаёт шакллари борасида ҳам кимёвий ва ҳам физик нуқтаи назардан вариантлар жуда кўп ва ҳаёт айнан Ердаги сингари кўринишда бўлиши керак деган чеклов-чегара қўядиган табиат қонунининг ўзи йўқ.
Бу сингари тахминлар кўпайишига сўнги йилларда Ернинг ўзида топилаётган экстремофил мавжудотларнинг хилма-хиллигининг ортиб бораётгани ҳам асос бўлмоқда. Экстремофил – Ернинг ўзида ҳам, бешафқат шароитларда, кўпчилик тирик организмлар бардош бера олмайдиган муҳитларда ҳам яшаб, кўпайиб, ўзини бемалол ҳис қиладиган жонзотлар. Масалан, Мексика сувости ғорларида мутлақо кислороддан нафас олмайдиган, балки олтингугурт асосида яшайдиган организмлар аниқланган.
Шунингдек, Сибир, Антарктида ва Арктиканинг абадий музликларида, ҳатто оловли вулқонлар ичкарисида ҳам яшаб, ўзидан кўпаяётган микроорганизм турлари мавжуд. Хўш, нима сабабдан шундай микроорганизмларни Марснинг қаҳратон шароитида ёки Венеранинг жаҳаннам юзасида яшай олмайди деб ишонишимиз керак? Шунга кўра, ўзга сайёраликларни ҳануз аниқлай олмаганимиз сабабларидан бири уларнинг умуман йўқлиги эмас, балки улар аслида қандай моддадан тузилганини, ташқи кўриниши қанақа эканини билмаслигимиз сабабидан бўлиши мумкин. Мабодо бирор бошқа сайёрада ҳаёт бўлган тақдирда ҳам, у биз учун шу қадар нотаниш ва кутилмаган бўлиши мумкинки, уни кўргач, биз унинг тирик организм эканлигини тушуна олмасак ҳам эҳтимолдан холи эмас;
4) Ердаги ҳаётнинг жуда тез тараққий этганлиги.
Коинот миқёсида қарайдиган бўлсак, Ердаги ҳаёт ва, хусусан, ундаги онгли одамлар, яъни биз – кечагина пайдо бўлган мавжудотларимиз. Бундай тирик организмларнинг жуда қисқа вақт ичида эволюцион тараққий этиши коинотнинг яна қаеридадир шунга ўхшаш ҳодисалар рўй бераётгани эҳтимолига ишора қилади. Бошқача айтганда, аслида Ер ноёб сайёра бўлмай, балки шу каби сайёралардан оддий бири эканлиги эҳтимоли катта. Яъни Ерга ўхшаш сайёраларда ҳаёт юзага келиши қандайдир ноёб ёки тасодифий ҳодиса бўлмай, балки сайёра тараққиётининг табиий реакцияси бўлиши мумкин.
Шунингдек, айрим астрономлар қачонлардир Марсда ҳаёт мавжуд бўлган деган фикрда собитлар. Уларнинг гапига қараганда, бир замонлар Марсда ҳам зич ва қалин атмосфера мавжуд бўлган. Шунингдек, Марс сиртида дарёлар оққан ва кўл ва денгизларда сув мўл бўлган. Хуллас, улар Марсда ҳаёт жўш урган дейишади. Шунга ўхшаш фикрлар Венерага нисбатан ҳам ишлатилади. Эмишки, Венерада ҳам бир пайтлар шарқироқ сувли дарё ва денгизлар бўлган, лекин рўй берган астрономик миқёсдаги фалокат оқибатида Венерада кучли «иссиқхона эффекти» юзага келиб, оқибатда у яшаш учун яроқсиз космик жисмга айланган...
5) Коинотда доимо ўта янгилар чақнаб туради.
Олимларнинг таъкидлашича, одам организмидаги атомларнинг 97 фоизгача бўлган қисми қачонлардир сўнган юлдуз бағрида пайдо бўлган. Қанчалик пафосли ва баландпарвоз сўз бўлиб туюлмасин, бизнинг ҳаммамизнинг танамиздаги ҳар бир элемент аввалига қачонлардир юлдуз ичкарисида шакллангандир. Шунга кўра, биз ҳаммамиз юлдуз болаларимиз, десак муболаға бўлмайди.
Коинотда юлдузларнинг туғилиши ва ўлиши циклидан иборат ҳаёт йўли муттасил давом этиб келмоқда ва у ҳозирнинг ўзида, шу лаҳзада ҳам бетўхтов давом этяпти. Кўплаб юлдузлар ҳаётининг энг сўнгги босқичида кучли чақнаш билан портлаб, фанда «ўта янги» (супернова) деб номланадиган кўринишга киради. Айнан шу ўта янги бағрида ҳаёт учун зарур бўлган оғир элементлар – углерод, азот, кислород, темир, олтин ва бошқалар шаклланади. Олимларнинг аниқлашича, ўта янгилар қаърида аллақачон органик молекулалар ҳам мавжуд бўлар экан. Яъни юлдуз ўлимга юз тутиб, сўнгги портлашидаёқ ўзидан кейинги қолдирадиган «мероси» ичида ҳаёт шаклланиши учун зарур бўлган хом ашёнинг барчасини тахт қилиб қўяркан. Астрофизикадаги бугунги амалда бўлган назарияларга кўра, сайёралар мана шу қолдиқ моддадан шаклланади.
Қолаверса, юлдузлараро учадиган кометалар ушбу хом ашёни коинотнинг турли қисмлари бўйлаб ташиб, сочиб, тарқатиб юради. Бу назария фанда панспермия назарияси дейилади. Кометалар ташиб келган ўша хом ашё эса охир-оқибат етарли шароитга эга бирор сайёрага етиб келади ва мураккаб ҳаёт шаклларини ҳосил қилиб, ривожлана бошлайди (ёки ўша чақнаган ўта янгининг ўрнида ҳосил бўлган сайёраларда ҳам ривожланиши мумкин). Яқин-яқинларгача панспермия, яъни органик молекулаларнинг юлдузлараро ташилиши назарияси фақат назарий хаёлот-фикр маҳсули деб қаралар эди. Бироқ Чилидаги Атакама чўлида ўрнатилган ALMA телескоплари тармоғи биздан тахминан 400 ёруғлик йили масофада жойлашган Илон элтувчи юлдуз туркумидаги ёш юлдузларни қуршаб турган юлдузлараро газ моддаларидан органик моддаларнинг кимёвий нишонларини аниқлашидан кейин бу фикр тарафдорлари кескин кўпаймоқда. «Ушбу аниқланган органик молекулалар туркуми, аминокислоталар ва оқсиллар синтези жараёнида қатнашади. Бу эса бизнинг Ердаги сингари ҳаёт шаклининг биологик асосидир», дея таъкидлаган Лондон университет коллежи мутахассиси Одри Кутенс;
6) Коинот фонида бизни умуман пайқаб бўлмайди.
Коинотнинг қаердадир онгли мавжудотлар бўлган тақдирда ҳам, улар бизни пайқаши ёки биз уларни пайқаб қолишимиз эҳтимоли фавқулодда паст (деярли нолга тенг). Сабаби, коинот фавқулодда ўта улкан даражада катта ва кенг бўлиб, унинг фонида нафақат Ер, балки Ердан 300 марта катта бўлган Юпитер сингари биз учун «йирик» бўлган сайёрларни ҳам илғаш қийин. Сайёранинг ўзини илғаш мушкул бўла туриб, унинг ичида биздек майда мавжудотлар бор-йўқлигини билиш деярли имконсиз нарсадир. Ҳозиргача кашф қилинган экзосайёраларнинг бирортаси визуал контакт орқали аниқланмаган, яъни уларнинг бирортасини аслида ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган! Шунчаки, уларнинг борлигини ушбу экзосайёра биз билан ўз юлдузининг орасига тушадиган пайти, яъни юлдузи қаршисидан транзит ўтаётган пайтида юлдуз ёрқинлигининг хиралашишига асосланиб аниқланган. Шундай экан, қачондир бирор сайёрада ғимирлаб юрган онгли мавжудотларни ёки шунчаки филдек катталикдаги бирор жониворни кўриб қолишимиз деган хаёл фақат пучдир. Ҳозирги технологияларимиз даражасини инобатга олсак, бунинг умуман имкони йўқ! Худди шундай, бирор ўзга сайёра цивилизацияси ҳам бизни пайқаши жуда катта гумон остида. Биз шунчалик митти, кичкина зарра мисолимизки, ҳатто мабодо, коинотнинг қаеридандир Ерни телескоп билан кузатиб турган онгли мавжудот бўлса ҳам, у шунчаки бизни кўрмаётган бўлиши мумкин;
7) Астероидлар, метеоритлар ва кометалар.
Яна юқорида қайд этилган панспермия назариясига қайтамиз.
Ўтмишда ва ҳозирда ҳам кўплаб олимлар ҳаёт уруғи Ерга бирор бир астероид, метеорит ёки кометага «минган» ҳолда етиб келган бўлиши мумкин деган фикрни илгари сурадилар. Айниқса ХХ асрнинг сўнгги чорагида қилинган кўплаб кашфиётлар ушбу назария фойдасига ишлади.
Хусусан, Ерга коинотдан етиб келган метеорит бўлакларини синчиклаб ўрганган олимлар ҳайратланарли хулосаларга келган. Масалан, 1984 йилда Антарктидада қачонлардир Марс сиртидан келиб қолган метеорит бўлаги топилган. Унга ALH84001 номи берилган эди. Уни текширган мутахассислар жуда шов-шувли чиқиш қилишганди. Чунки массаси тахминан 2 килограмм келадиган ушбу тош бўлагида тошқотган микроорганизмлар қолдиқларини топишган эмиш! Демакки, Марсда қачондир ҳеч бўлмаса бир ҳужайрали тубан ҳаёт шакллари мавжуд бўлган деган хулосани берилган.
Эндиликда бу каби тош қотган микроб қолдиқларини Марснинг ўзидан ҳам топилса, бу назария узил-кесил далилланган бўлар эди. Ҳозирда Марс сиртида ишлаётган марсдаюрарлар миссиясида ушбу вазифа ҳам бор. Умуман олганда, ғоя тарафдорлари Ерга бу каби метеоритлар турли микробларни ташиб келиб туради ва кейинчалик бу микроблар Ердаги ҳаёт шакли билан ассимиляцияга киришиб, уйғунлашиб кетади деган фикрни ҳам ўртага ташлайдилар.
Ерга келиб тушган энг таниқли метеоритлардан бири, шубҳасиз, 1908 йилда Шарқий Сибир ҳудудига келиб урилган Тунгуска метеорити бўлса керак. Негадир айрим тоифа олимлар ўша метеорит ҳам ўзи билан анча-мунча микроб олиб келган деган тахминга эгалар. Улар ўша пайтдаги илмий-технологик тараққиёт ҳозиргичалик бўлганида, Тунгуска метеорити орқали катта-катта кашфиётлар қилса бўларди, деб таъкидлашади;
8) Ҳаёт фақат сайёралар билангина чегараланмаган.
Албатта, кўпчилик «ўзга сайёралик» деганда ҳаёт қаердадир эҳтимолий мавжуд бўлса ҳам у фақат сайёраларда мавжуд бўлади деган фикрга таянади. Бироқ табиий йўлдошларда ва ҳатто кометаларнинг ўзида ҳам микроорганизмлар билан лиқ тўла ҳаёт қайнаётган бўлиши мумкин. Айрим мутахассислар ҳатто бизнинг Қуёш системасидаги айрим йирик табиий йўлдошларда ҳозирнинг ўзида микроскопик организмларда иборат ҳаёт жўш урмоқда деб қатъий гапиришади. Уларга пул ва космик кема берсангиз, ҳозир бориб, ўз қўллари билан ўша космик микроорганизмларни тутиб, сизга «мана!!!» деб кўрсатишга тайёрлар...
Юқорида ҳам айтилганидек, ҳақиқатан ҳам, айрим табиий йўлдошлардаги геологик фаоллик ва бошқа табиий шароитлар, хусусан, атмосферанинг мавжудлиги энг тубан ҳаёт шаклларининг мавжуд бўлиши учун кифоя қилиши керак. Шу сабабли ҳам ҳозирда Юпитер ва Сатурн томон учирилган барча космик аппаратлар уларнинг йўлдошларидан ҳаёт нишоналарини излаш миссиясини ҳам бажармоқда. Яқин келажакда балки технологияларимиз янада тараққий этса, худди шундай қидирув миссиялари экзосайёралар ва уларнинг йўлдошларига нисбатан ҳам қўллай олармиз;
9) Ўтмишдан муждалар.
Фанда, шунингдек, палеоконтакт назарияси ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра, гўёки ўзга сайёраликлар жуда қадим замонларда аллақачон Ерга келиб кетишган эмиш. Бу ҳақда баъзи қадимги обида ва осори-атиқалардаги белгилар, ғор деворларига ўйиб ишланган расмлар, турли халқларнинг оғзаки ижодидаги афсона ва чўпчаклар ишора берармиш. Масалан, Миср эҳромларини қурилишида ёки астекларнинг пирамидалари барпо этилишида ўзга сайёраликлар ҳам ҳисса қўшган эмиш... Нима ҳам дердик, яшашга ҳаққи бор назария бу ҳам!
10) Энг қизиғи ва ғалатиси: Жуманазар ака сингари «гувоҳлар»нинг иқрорлари.
Фақат тўғри тушунинг, қанчалик бўлмағур ва абсурд туюлмасин, гўёки ўзга сайёраликлар билан учрашган, улар билан мулоқот қилганликни даъво қилаётган одамларнинг иқрорлари ҳам ушбу эҳтимоллик рўйхатида ҳисобга ўтади.
Жуманазар ака сингари одамлар дунёнинг турли мамлакатларида тез-тез пайдо бўлиб туради. Уларнинг ўз хаёлот маҳсули бўлган тўқима гаплари одатда шов-шув кўтариш учун ва аудиторияни қизиқтириш учун матбуот томонидан хайп қилинади. Бошқалар учун ҳар қанча эриш туюлмасин, бундай одамлар гапираётган гапларига қатъий ишонишади. Уларни учар ликопча ўғирлаб кетгани ёки ўғирламоқчи бўлганида аранг қочиб қолганлари ҳақидаги чўпчакларни бундай одамлар ҳатто кўзни пирпиратмай гапириб бера олишади. Шунга қарамай, бундай одамлар билан одатда уларнинг руҳиятига баҳо берувчи психологлардан ташқари астрономлар ҳам, албатта, суҳбат ўтказишади. Номаълум учар жисмга «дуч келган» шахсдан кўрсатма олиш, ҳеч бўлмаса, бу туркум чўпчакларни йиғиш ва тизимлаштириш учун зарур бўлса керак-да.
Устига устак, гўёки ўзга сайёраликлар бошқарувидаги номаълум учар жисмга дуч келган, унга чиққан ва ўзга сайёраликлар билан мулоқотда бўлган бу каби одамлар ҳақидаги гаплар яқинда пайдо бўлган нарса эмас. Деярли бир неча асрдан бери ўзга сайёраликлар ҳақида сийқаси чиққан гаплар билан пул ишлаш ва машҳур бўлишни мақсад қилган қаллоблардан тортиб бу ҳақида оғиз очса, ўзини ва яқинлари кулгига қолишини яхши англайдиган, мулоҳазали кишилар оғзидан ҳам вақти-вақти билан Жуманазар аканинг ҳикоясига ўхшаш ҳикоялар янграб туради. Одатда қаллобларнинг кўпчилиги охир-оқибат бу ҳақда китоб ёзиб ёки ўз хаёлотини реклама брендига айлантириб, пул ишлашни мақсад қилади.
Бироқ, таъкидлаш жоизки, бугунги кун илм-фани учун қуруқ оғзаки кўрсатмалар, иқрорлар ва «ишановринг!» қабилидаги гаплар исбот ўрнида ўтмайди. Оғзаки далиллар етарли эмас. Шу сабабли ҳам бу сингари «гувоҳларнинг кўрсатмалари» ҳеч қачон жиддий қабул қилинмайди. Агар улардан бирортаси ўзга сайёраликлар маҳалласидан ҳеч бўлмаса бирор сувенир олиб келганида эди, балки ашёвий далил сифатида қабул қилинарди.
Шунга қарамай, олимлар, хусусан, парапсихологлар ва астрофизиклар бу сингари «гувоҳлар»нинг ҳаммаси ҳам қаллоб бўлиши мумкин эмаслигига, уларнинг ҳаммаси ҳам ичидан тўқиб чўпчак айтишга мойил «алдоқчи» эмаслигига ишонгилари келади (бу ҳам «катта сонлар қонуни»га ўхшаш сабаб). Улардан ҳеч бўлмаса 0,001 фоизи балки ҳақиқатан ҳам ўзга сайёраликлар билан мулоқотда бўлган бўлиши эҳтимол деган тахмин ўзга сайёраларда ҳаёт мавжудлигига ишониш учун ўнта сабабнинг энг заифи тариқасида бўлса-да, барибир ҳисобга қабул қилинади.
Хулоса ўзингиздан...
Музаффар Қосимов
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)