Украинага қарши урушда ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони 100 мингдан ошди. Бу ҳақда BBC рус хизмати ва “Медиазона” нашрлари очиқ манбаларга, жумладан, кўрсатма ва некрологларга таяниб хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг қарийб 25 фоизини кўнгиллилар, 16 фоиздан ортиғини эса маҳбуслар ташкил қилади. Қурбонларнинг 11 фоизи урушга сафарбарлик доирасида жалб қилинганлар экани айтилмоқда.
Украинадан тобутда қайтганлар орасида 4800 дан ортиқ офицер ҳам бор. Урушнинг дастлабки ойларида зобитлар умумий йўқотишнинг 10 фоизини ташкил қилган бўлса, 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич 2-3 фоизга тушган. Манбада бу Россия Мудофаа вазирлиги кўнгиллиларни ёллаш ҳажмини оширгани билан изоҳланган.
Ҳудудлар кесимида олиб қаралса, энг кўп йўқотиш Бошқирдистон (4487 киши) ва Татаристон (4371 киши)га тўғри келади. Москва ва унинг атрофида яшовчилар билан эса бу кўрсаткич 4091 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари, ҳалок бўлганлар орасида 323 нафар чет эл фуқароси ҳам бор. Яна 333 нафар жасаднинг миллати номаълумлигича қолмоқда.
BBC рус хизмати ва “Медиазона” ҳисоб-китобига кўра, қурбонлар рўйхати фақат тасдиқланган маълумотларга асосланган бўлиб, ҳақиқий рақамлар бундан икки баравар кўп — 200 мингдан ошган бўлиши мумкин. Россия Мудофаа вазирлиги эса Украинадаги йўқотишлари ҳақида деярли изоҳ бермайди.
Изоҳ (0)