Президентнинг “Пахта хом ашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Фармонга кўра, 2025 йил пахта ҳосилидан:
- Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси календарь йилининг 1 ноябрь кунида (2025 йил ҳосили учун 1 февралда) пахта толасининг Нью-Ёрк биржасидаги фьючерс котировкаларининг охирги 6 ойдаги ўртача котировкасидан келиб чиққан ҳолда келгуси йил ҳосили учун пахта хом ашёсининг бошланғич нархини (биринчи нав, иккинчи синф) аниқлаб, Биржанинг расмий веб-сайтида эълон қилади;
- мулкчилик шаклидан қатъи назар барча пахта хом ашёси етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ҳамда пахта хом ашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналари ўртасида пахта хом ашёси етказиб бериш бўйича олди-сотди (фьючерс, форвард ва спот) шартномалари Биржанинг пахта хом ашёси сексиясида ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдоларда тузилади;
- хўжаликлар ҳамда қайта ишловчилар ўртасида тузиладиган шартномалар томонларнинг эркин танлови асосида ўтказиладиган биржа савдолари орқали хўжаликлар томонидан етказиб бериш муддатларини ҳамда бир ёки бир нечта харидорни мустақил равишда танлаш орқали расмийлаштирилади.
Биржада барча шартномалар “Агроплатформа” ахборот тизими билан интеграция қилинган маълумотлар базасида мавжуд бўлган хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида тузилади.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил пахта ҳосилидан фьючерс шартномалари календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 июнигача хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида биржада эркин шаклланадиган, бироқ эълон қилинган бошланғич нархдан паст бўлмаган нархда тузилади.
Шунингдек, форвард шартномалари календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 мартигача хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида ўзаро келишилган нархларда тузилади.
Шу билан бирга, спот шартномалари реал вақт режимида омборда сақланаётган пахта хом ашёси ҳажмига хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида ўзаро келишилган нархда тузилади.
Бундан ташқари, сақлаш омборлари ёки ижара шартномалари мавжуд бўлмаган хўжаликлар ўзи етиштирадиган пахта хом ашёси бўйича ҳар ҳосил йилининг 1 мартигача форвард ёки 1 июнигача фьючерс шартномалари расмийлаштиради.
2025 йил ҳосилидан пахта хом ашёсини ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, Биржада сотган хўжаликларга шаклланган ҳисобварақ-фактура қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Бундан ташқари, пахта хом ашёсини етиштириш учун олинган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг якунига (тегишли йилнинг 31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоизлик пунктини субсидия сифатида қайтариб бериш тартиби жорий этилади.
2024 йили Ҳукумат томонидан 9 октябрдан бошлаб қўлда терилган 1 кг пахта учун 2500 сўмдан тўлаш белгилангани ҳақида хабар берилганди.
2023 йили Ўзбекистонда пахта терими учун янги тўлов нархлари эълон қилингани, унда 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 2100 сўмдан, иккинчи теримда 2600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши белгилангани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бундай хабарлар асоссиз эканини маълум қилиб, айни кунларда пахта теримига нарх белгилаш бўйича ишлар вазирликлар билан келишув жараёнидалигини билдирганди.
Кейинроқ Ўзбекистонда пахта хом ашёси нархи талаб ва таклифдан келиб чиқиб томонлар келишуви асосида белгиланиши айтилган эди.
Изоҳ (0)