Ўзбекистон халқ артисти Марям Ёқубова “Бой ила хизматчи”, “Ўткан кунлар”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман” каби ўлмас кино ва спектаклларда яратган юзлаб образлари билан томошабинлар қалбидан жой олган. Аммо ўзбек кино ва театрининг йирик намояндаси босиб ўтган ҳаёт ҳамда ижод йўлидаги машаққатлар, муваффақиятлар барчага бирдек маълум эмас. “Дарё” шу мақсадда Марям Ёқубованинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлашга қарор қилди.
Бухоролик Ойхон
Марям Ёқубова 1909 йилнинг 19 октябрь куни Бухоро шаҳрида ишчи оиласида дунёга келади. Уч ўғилдан кейин (икки нафар акаси гўдаклигида нобуд бўлади) туғилган қизалоққа Ойхон деб бувисининг исмини қўйишади.
Марямнинг болалиги ва ўсмирлигида олинган суратлар
Фото: Шахсий архивдан
Отаси Қўқонда пахта заводида юк ташувчи, пахта бўйича мутахассис бўлиб ишлайди. Оила боши Бухорога — яқинлариникига фақат байрамлардагина келар, ташкил этиладиган курашларда ҳамиша полвон сифатида иштирок этарди. Онаси эронлик бўлиб, зиёли оила фарзанди, ўқиш-ёзишни билар, ҳатто ўлканинг қонун-қоидаларидан ҳам яхши хабардор эди.
Қизалоқ доира чалиб, рақс тушишни жуда яхши кўрарди. Санъатга қизиқиши кучлилиги сабаб дадасидан доира ва кавуш олиб беришини кўп сўрарди.
Дутор чалаётган Марям
Фото: Шахсий архивдан
Вақт ўтган сари отаси Қўқонда узоқ қолиб кетадиган одат чиқаради, пул ҳам жўнатмайди. Шу боис волидаси одамларнинг турли арзларини ёзиб бериш билан шуғуллана бошлайди. Кейин тўқиш ва тўр рўмолларни ямашни ўрганиб олади. Лекин аёлнинг топганлари 5 кишилик катта рўзғорга етмайди.
Оила шу тариқа Бухорода анча вақт яшаганидан сўнг ҳозирги Навоий вилоятидаги Кармана шаҳрига кўчиб ўтади.
Жажжи раққоса
Марямнинг Ҳалирхон исмли холаси Бухоро амири саройида таниқли раққоса ва қўшиқчи сифатида донг таратади. Холасиникига меҳмонга борган қизалоқ унга эргашиб, афсонавий Аркка боради. Марям ўшанда 7 ёшда эди.
Марямнинг ўсмирлик даври
Фото: Шахсий архивдан
Холасининг сарой меҳмонхонасида Хоразм, Қўқон хонларининг хотинлари олдида қўшиқ айтиб, рақс тушишини кўрган жиян бу манзарадан ҳайратга тушади. Амир Олимхоннинг волидаси Эшон ойи “Бу қизча ўйинга тушишни биладими?”, дея Марямга ишора қилади. Ҳалирхон саволга “Йўқ”, деб жавоб берар-бермас, қизалоқ “Ҳа, биламан”, деб юборади.
Хола жиянининг рақсга тушишни билиши ҳақида хабари йўқлигини айтиб, ўзини оқлашга киришади. Аммо Эшон ойи унинг сўзларига парво ҳам қилмайди. Сарой бекаси қизчанинг қорнини тўйдириб, кийимларини алмаштиришни, у бир оздан сўнг ўйнаб беришини айтади.
Марям Ёқубова
Фото: Шахсий архивдан
Тушликдан кейин Марям меҳмонлар қаршисида рақс тушади ва амир онасининг меҳрини қозонади. Эшон ойи “Энди менинг қизим бўласан!”, деб қизалоқни саройда олиб қолади. Ҳалирхон эса уйига жиянисиз бир ўзи қайтади.
Марям сарой бекаси билан бирга яшай бошлайди. Қизалоқ саройда раққосаликдан ташқари, Эшон ойининг елкалари-ю бўйнини уқаловчига ҳам айланади. У холаси Ҳалирхонни фақат катта байрамларда узоқдан кўрарди холос. Унга яқинлашишига қўйишмасди.
Саройдан қочиш...
Марям саройда Амир Олимхоннинг хотинларидан бири Ойимшо билан иноқлашиб қолади, ундан бошқа ҳеч кимга ишонмасди. Ойимшо қизалоқнинг саройдан қочишига ёрдам қилишни ваъда бергани учун Марям унинг айрим махфий вазифаларини ҳам бажариб турарди. Сирли топшириқларни амалга ошириш давомида таниқли давлат арбоби, ЎзССР Халқ комиссарлари кенгашининг биринчи раиси Файзулла Хўжаев билан танишиб қолади ва унинг уйига тез-тез мактуб олиб боради.
Марям Ёқубова
Фото: Шахсий архивдан
Кунлардан бир куни саройда Ойимшо ҳарам оғаси билан ўпишиб тургани ҳақида гап-сўзлар тарқалади. Сарой хонимларининг бир нечтаси ўйлаб топган бу бўҳтонга Эшон ойи ва Амир Олимхон ишониб, қаттиқ ғазабланишади ҳамда Ойимшони сарбозлар қўлига топширишни буюришади.

Шундан сўнг амир канизакларидан бири орқали яқин орада Марямни хотинликка олиш режаси борлигини онасига етказади. Эшон ойи бу гапни эшитгач, “Амирга айтинглар, бунинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Биринчидан, у ҳали жуда ёш. Иккинчидан, уни қиз қилиб олганман, менинг ягона юпанчим”, дея қаршилик кўрсатади. Бу жавобдан Амирнинг жаҳли чиқади. Бир неча кун мобайнида она-бола бу масалада музокара олиб боради. Буни эшитган Марям кучли саросимага тушади.
“Ўткан кунлар” фильмидаги Ўзбекойим образидаги Марям Ёқубова
Фото: Шахсий архивдан
Ўша кунларда Ойимшо билан дўстона муносабатда бўлган амирнинг Феруза исмли хотинларидан бири Марямга аркдан чиқиб кетишига ёрдам беришини айтади. Қизалоқ бир неча кундан кейин тунда, ҳамма ухлаган пайтда Бегижон ҳарамоғаси ҳамроҳлигида саройдан холасининг уйига қочади.
Ярим кечаси эшигининг олдида жиянини кўрган Ҳалирхон ваҳимага тушиб, қўрқиб кетади. У ўша заҳотиёқ Марямни Самарқанддаги опасиникига юборишга қарор қилади. Қизалоқ, тахминан, тунги соат учларда поездда Самарқандга кетади.
Марям укаси билан
Фото: Шахсий архивдан
Саккиз нафар фарзанди билан бева қолган холаси Марямни илиқ қарши олмайди. Унинг уйида ўн кун яшаган жиян яқинлар соғинчи сабаб поезд орқали оиласи бағрига қайтади.
Ўн бир ёшли келинчак
Орадан уч йил ўтиб, ота ҳовлисига қайтган Марям онасининг оғир аҳволда ётганини кўриб, йиғлаб юборади. Улар қучоқлашиб, кўришгач, волидаси “Энди сенинг исминг Марям, Ойхонни эсингдан чиқар”, дейди.
“Маҳаллада дув-дув гап” фильмидан кадр
Фото: Шахсий архивдан
Қизалоқ саройда юрган вақтида отаси Қўқондаги ишидан бўшаб, Карманага қайтиб келган бўлади. Хонадон бекаси тузалиб, оёққа турганидан кейин бутун оила меҳнат қила бошлайди. Лекин уларнинг тинч ҳаёти узоқ давом этмайди. Амирлик ҳудудидаги нотинчлик сабаб ҳарбийлар аҳолига ўзлари билан ҳеч нарса олмасдан уйларидан чиқиб кетишларини буюради. Кўплаб оилалар сингари Марямнинг яқинлари ҳам вагонларга ўтказилиб, Самарқандга жўнатилади.
Марямнинг ёшлик даври, дугоналари билан
Фото: Шахсий архивдан
Марямнинг катта холаси уларни уйига олиб кетади. У аёл жуда бой бўлса-да, оила унинг хонадонида бир ойча туриб, бошқа уйда ижарада яшай бошлайди. Она ҳомиладор бўлишига қарамай, рўзғор тебратиш учун турмуш ўртоғи билан тенг ҳаракат қилади. Аммо у ой куни яқинлашгач, ўлик бола туғади, ўзи эса қийналиб, 32 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Ота 8 ёшли ўғлини олиб, шаҳардан бош олиб чиқиб кетади.
Миллий бош кийим — дўппи кийган Марям Ёқубова
Фото: Шахсий архивдан
Марям ва синглиси холасининг қўлида қолади, оиладаги қолган ўғил фарзандлар болалар уйига жойланади. Бир неча ойдан кейин хола Марямни Андижондаги амакисиникига яшашга жўнатади. Қизалоқни амакисининг хотини қовоқ уйиб кутиб оларкан, “Саккиз жонга бир тийин йўқ, сен тўққизинчисисан, амакинг олти ойдан бери қамоқда”, дейди. Бу гапдан кейин Марям Самарқандга — холасининг уйига қайтишга мажбур бўлади.
“Ўткан кунлар” фильмидан кадр
Фото: Шахсий архивдан
Хола 11 ёшли жиянини қашқадарёлик Ҳаёт исмли йигитга мажбуран турмушга узатади. Шаҳрисабзда 3 йил яшаган Марям эри сафарга кетганидан фойдаланиб, қўшни ўқитувчи аёл кўмаги билан келинлик уйини тарк этади.
Москвага йўл...
Яна Самарқандга қайтган Марям у ерда акаси Рафиқжон билан кўришади ва иккиси Бухородаги холаси Ҳалирхоннинг уйига бориб, бошидан кечирган барча воқеаларни ҳикоя қилади. Синглисининг Москвада ўқиш орзуси борлигини эшитган Рафиқжон уни Файзулла Хўжаевнинг ҳузурига олиб боради. Паранжисини ечган Марямни кўрган Файзулла Хўжаев хурсанд бўлиб кетади. Қизалоқ унга ҳам кўрган-кечирганларини айтиб беради. Файзулла Хўжаев Марямнинг танловини қўллаб-қувватлаб, бир гуруҳ ёшлар қаторида Москвага ўқишга юборади.
Москвага ўқишга юборилган бир гуруҳ ўзбек ёшлари. Марям Ёқубова иккинчи қаторда чапдан иккинчида
Фото: Шахсий архивдан
Салкам бир йил давомида рус алифбосини, ёзиш ва мулоқот қилишни, газета ва китоб ўқишни ўрганади. Шундан кейингина уни Москвадаги Шарқ меҳнаткашлари университетининг биринчи курсига қабул қилишади. Бир йилдан кейин у ўқишини ўзбек ишчилар факультетига кўчиради.
Кейинчалик Ўзбек маориф институти номини олган ишчилар факультетида театр-студия фаолият юритади. Марям у ерда Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Тошхон Султонова каби иқтидорли ёшлар билан танишади. Студиянинг бу ўқувчилари бир неча йил ўтиб, ўзбек маданиятининг ғурурига айланади.
Москвадаги курсдошлар даврасида. Марям Ёқубова иккинчи қаторда чапдан учинчида
Фото: Шахсий архивдан
У санъатга қизиқиши туфайли кинотехникумга ҳам ҳужжат топширади ва имтиҳондан юқори баҳо олади. Кундузи ишчилар факультетида, кечқурунлари кинотехникумда ўқий бошлайди.
Марям Ёқубова Москвада ўқиб юрганида Максим Горкий, Ромен Роллан, Владимир Майаковскийлар билан суҳбатлашади. Эрининг қариндошлари томонидан пичоқланган Турсуной Саидазимованинг яқин дугонаси, сирдоши бўлади, босмачилар-миллий озодлик ҳаракати курашчилари тириклайин қумга кўмган, дарралаган, тилини кесиб ташлаган Майна Ҳасановага айрим юмушларини бажаришга ёрдамлашади.
Москвада таҳсил олаётган бўлажак актриса. Марям биринчи қатор ўртада
Фото: Шахсий архивдан
1928 йили киноактриса дипломини олгач, Файзулла Хўжаев Марямни барча ўзбек иқтидорли ёшлари қатори Германияга ўқишга ҳам юбормоқчи бўлади. Лекин у рад этиб, Тошкентга қайтиш ниятини борлигини айтади.
Учта театрда чархланган актриса
Олий ўқув юртини тамомлаб, 1929 йили Тошкентга қайтган Марямни Тожикистондаги Душанбе театрига ишга таклиф қилишади. Аммо у Душанбега боришдан воз кечади. Сўнгра танишларининг таклифи билан Ҳамза театрида ишлашга қарор қилади. Уни театрда Маннон Уйғур, Обид Жалилов, Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов каби актёрлар қучоқ очиб кутиб олади.
Марям Ёқубова ҳамкасби, Арманистон халқ артисти Фрунзик Мкртчян билан
Фото: Шахсий архивдан
Марям Ёқубова театрдаги илк ролини Уйғун саҳналаштирган “Ҳалима” мусиқали драмасида ижро этади. Бир йилдан кейин кўчма Ўзбек давлат ишчи театри ташкил этилади ва Марям ҳам ўша театр труппасида ижодини давом эттиради. “Пахта кушандалари”, “Икки коммунист” каби саҳна асарларида иштирок этади.
Буюк санъат дарғалари даврасида. Марям Ёқубова чапдан иккинчида
Фото: Шахсий архивдан
Кўча театри тарқатилиб юборилгач, Ҳамза театрининг асосий таркибига ўтади. Театр раҳбарлари уни Москвага, Меерхолд номидаги театрга малака оширишга юборади. Россиядан қайтиб, 1933–1939 йилларда Свердлов номли мусиқа театри (ҳозирги Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри)да Комил Яшиннинг “Гулсара”сида Рўзвон, Хуршиднинг “Фарҳод ва Ширин”да Меҳинбону, “Аршин мол-олон”да Зебо образларини яратади.
Марям Ёқубова
Фото: Шахсий архивдан
1939–1941 йилларда Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида қизғин фаолият олиб боради. Театрдаги ижоди давомида яратган эпчил, хушчақчақ ва доно Майсара образи уни элга танитади. Актриса “Майсаранинг иши”даги Майсара ролининг биринчи ижрочисига айланади.
Марям Ёқубова
Фото: Шахсий архивдан
1941 йилда Ҳамза театрига ишга таклиф этилади. Машҳур ижодий жамоадаги кўп йиллик фаолияти жараёнида “Гамлет”, “Бой ила хизматчи”, “Холисхон”, “Ревизор” сингари юзлаб спектаклларда турли характердаги ролларни муваффақиятли ижро этади. У ижодда эркинлик, соддалик, оддийлик ва самимиятни жуда қадрларди.
Кино оламидаги бетакрор роллари
Кино санъатида ҳам самарали ижод қилган Марям Ёқубова талабалик пайтиданоқ фильмларда суратга тушади. Унинг экрандаги дебюти 1925 йилда суратга олинган “Муз уйи” киносида эпизодик рол бўлади. “Мосфильм” маҳсулотлари ҳисобланган “Туғишганлар”, “Треф хоним” бадиий фильмларида ҳам ўз маҳоратини синовдан ўтказади.
“Маҳаллада дув-дув гап” фильмидан кадр
Фото: Шахсий архивдан
1953 йилда “Ўзбекфильм” киностудиясида яратилган “Бой ила хизматчи” фильмидаги Хонзода образи биринчи катта роли бўлиб, шу ижроси орқали халққа танилади. Шундан кейин “Опа-сингил Раҳмоновалар”, “Мафтунингман”, “Ганг дарёсининг қизи”, “Қалбингда қуёш”, “Севги афсонаси”, “Али Бобо ва қирқ қароқчи” сингари фильмларида ҳам роллар ўйнайди.
Марям Ёқубова ҳамкасблари даврасида
Фото: Шахсий архивдан
Шуҳрат Аббосовнинг “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Ойпошша роли актрисани элга янада машҳур қилади. Йўлдош Аъзамов томонидан 1969 йилда суратга олинган “Ўткан кунлар”даги Ўзбекойим роли актрисанинг шоҳ образи сифатида тарихга киради.
Марям Ёқубова
Фото: Шахсий архивдан
Марям Ёқубова ижодида радионинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. У Ўзбекистон радиоси ташкил бўлган биринчи кунлардан то умрининг сўнгигача турли радиопостановкалар ва радиожурналларда фаол қатнашади. “Оқшом эртаклари”даги эшиттиришлари орқали минглаб болажонларнинг севимли эртакчи бувисига айланади.
Шахсий ҳаёт
11 ёшида холаси томонидан мажбуран турмушга узатилиб, 3 йилдан сўнг келинлик уйидан қочиб кетган Марям Ёқубованинг ҳаётига 1930 йил ҳақиқий соф, чин муҳаббат кириб келади. Ҳамза театрининг миллий чолғу асбоблари оркестрининг мусиқий раҳбари Мирвоҳид Миркаримов билан турмуш қуради. 1931 йилнинг 4 июнида ўғли Сулаймон дунёга келади. Актрисанинг онаси ва қайнонаси йўқлиги боис 11 кунлик чақалоғини вилоятма-вилоят ижодий сафарларда ўзи билан бирга олиб юришга мажбур бўлади.
Марям Ёқубова ўғли Сулаймон ва қизи Тамара билан. 1946 йил
Фото: Шахсий архивдан
Бир неча йилдан кейин уруш бошлангач, Мирвоҳид Миркаримов фронтга жўнайди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг Украинадаги Фёдоровка қишлоғида ҳалок бўлгани ҳақида шумхабар келади.
Марям Ёқубова 1941 йили яқин дугонаси Назмининг акаси Жўра Жалоловга турмушга чиқади. Соғлиғи туфайли урушга бормаган ҳарбий йигит санъатни тушунмасди. 1942 йилда жуфтлик фарзанд кўради ва актриса қизи қадрдон дугонаси Тамарахонимга ўхшаб юришини ният қилиб, унга Тамара деб исм қўяди.
Марям Ёқубова қизи Тамара билан. 1960 йиллар
Фото: Шахсий архивдан
Вақт ўтган сари Жўра Жалолов актрисага тақиқлар қўя бошлайди, яъни театрдаги ишини йиғиштириб, фарзандларини тарбиялаб, уйда ўтиришини талаб қилади. У жуда рашкчи бўлиб, Марям Ёқубовага бўлса-бўлмаса, тўппончасини ўқталарди.
Уйдаги нотинчлик, рашк устидаги жанжаллар сабаб актриса умр йўлдоши билан ажрашишга қарор қилади. Шу тариқа 8 йиллик никоҳга нуқта қўйилади. Оила дарз кетганидан кейин ҳам Жўра Жалолов актрисани узоқ вақтгача тинч қўймайди. Шундан кейин Марям Ёқубова дугонаси Назми билан маслаҳатлашиб, собиқ эрини уйлантириб қўйишади. Аста-секин кўп фарзандли отага айланган Жўра Жалолов актрисани буткул ёдидан чиқаради.
Марям Ёқубова ҳамкасблари даврасида, кексалик даври
Фото: Шахсий архивдан
Марям Ёқубованинг ўзбек кино ва театр санъати равнақи йўлидаги хизматлари муносиб эътироф этилиб, 1955 йил Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланади.
Афсонавий санъаткор 1987 йилнинг 2 февралида Тошкент шаҳрида вафот этади.
Материални тайёрлашда Марям Ёқубованинг “Даврим ва даврам” китобидан фойдаланилди
Изоҳ (3)
Taniqli aktrisamiz Maryam Yoqubovaning hayot yo'lini yaqindan o'rganishga yordam beruvchi juda foydali kontent bo'libdi. Kattakon raxmat.
Марям Якубова бухоро еврей лар дан булган, дафн этилган жойи хам еврей кабристони!!
Millatning nima ahamiyati bor?!
Asosiysi ular o'zbek kino san'ati taraqqiyoti rivojiga katta hissa qo'shganlar!