Ўзбекистонда хусусий секторни “яшил” иқтисодиётга ўтишда қўллаб-қувватлаш мақсадида Германиянинг 3 млн евро грант маблағларини жалб қилиш бўйича меморандум имзоланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 13 ноябрь куни Боку шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Томонлар конференцияси 29-сессияси (CОП29) доирасида вазирлик делегацияси Гемания халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) катта лойиҳа директори Илка Старрост билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонларнинг ўзаро амалга ошираётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати, хусусан томонларнинг ўзаро ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда хусусий секторга кўмак ва иқтисодий сиёсатлар бўйича маслаҳатлар” лойиҳаси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу бўйича ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа ҳукуматга иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланиш учун шарт-шароитларни таъминлашда, айниқса, “яшил” саноатлаштириш ва “яшил” иқтисодиёт бўйича давлат ва хусусий сектор салоҳиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишда кўмак бериши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Лойиҳа иссиқхона газларини ўлчаш ва сертификатлаш бўйича эксперт билимларини тақдим этади, Ўзбекистоннинг халқаро иссиқхона газлари савдосида иштирок этишини ва Европа иттифоқининг Трансчегаравий тартибга солиш механизмига (CБАМ) мослашишини қўллаб-қувватлайди.
Хусусий сектор ресурсларни тежайдиган, барқарор ишлаб чиқариш учун “яшил” технологияларни мослаштиришда, масалан, айланма (циркулар) иқтисодиёт ва “яшил” саноат парклари моделлари доирасида қўллаб-қувватланади.
Учрашув сўнгида томонлар ўртасида “Ўзбекистонда хусусий секторга кўмак ва иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатлар” лойиҳасига қўшимча равишда 3 млн евро миқдоридаги грант маблағларини ажратиш тўғрисида меморандум имзоланди.
Маълумот учун, “Ўзбекистонда хусусий секторга кўмак ва иқтисодий сиёсатлар бўйича маслаҳатлар” лойиҳаси бўйича келишув 2023 йил декабрь ойида Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Томонлар конференцияси 28-сессияси (CОП28) доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда GIZ ўртасида имзоланган.
Мазкур лойиҳа доирасида саноатни яшиллаштириш, хусусий секторни яшил иқтисодиётга ўтишда қўллаб-қувватлаш мақсадида Германиянинг 9 млн евро миқдоридаги грант маблағлари жалб қилинган.
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш
Февраль ойида ЕТТБнинг Ўзбекистондаги раҳбари Анди Аранитаси “Дарё” билан суҳбатда банкнинг барқарор ва инклюзив ўсиш сари кучли интилишидан далолат берувчи мамлакатдаги улкан ташаббуслари ва лойиҳалари ҳақида гапирган эди. Унда ЕТТБ молиялаштириш механизмлари орқали яшил иқтисодиётни ривожлантиришда муваффақиятга эришгани айтилган эди. Яшил иқтисодиётни молиялаштириш асосининг уй хўжаликларини қамраб олиш учун кенгайтирилиши энергия самарадорлиги ва барқарор амалиётга нисбатан кенгроқ мажбуриятни акс эттиради. Бундан ташқари, “Ишбилармон ёшлар ва аёллар” дастурлари кам таъминланган жамоаларга молиявий ва техник ёрдам олиш имкониятини таклиф қилиш орқали уларни қўллаб-қувватллашга қаратилган.
Июнь ойида Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтишда миллий шаффофлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Қарорга кўра, Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш чораларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашга иссиқхона газларининг хатлови бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:
- иссиқхона газлари хатлови ҳисоботини тасдиқлаш;
- хатлов тизимининг ички қоидаларини тасдиқлаш ва янгилаб бориш;
- иссиқхона газлари ажратмаларини камайтириш фаолиятини мувофиқлаштириш;
- хатлов тизими иштирокчиларининг салоҳиятини ошириш чораларини кўриш.
Октябрь ойида Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион долларлик имтиёзли кредитлар кўринишидаги молиявий пакетни тасдиқлаганди. Унда хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилаётган экологик жиҳатдан тоза лойиҳаларда давлат инвестицияларининг улушини ошириш белгиланган. Ушбу ёндашув мамлакатга тугаб бораётган табиий ресурслардан янада самарали фойдаланиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш имконини бериши айтилган эди.
“Дарё” мухбири билан суҳбатда компаниянинг қурилиш соҳасида Марказий Осиё бўйича вице–президенти Энтони Бринкуизен Саудия Арабистонининг АCWА Power компанияси Ўзбекистонда яшил энергетика лойиҳаларига қарийб 15 миллиард доллар сармоя киритгани ҳақида айтганди.
Изоҳ (0)